Оққула қишлоғида «Ташаббусли бюджет» доирасида сунъий қопламали стадион барпо этилди

10:52 11 Декабрь 2025 Жамият
205 0

Нурота туманининг Оққула қишлоғи азалдан курашга иштиёқли, пушти пойдор полвонлари билан ном чиқарган. Уларнинг кўпчилиги маҳаллий шароитда — уй тўйлари, давралар ва турли маросимларда беллашиб, маҳорат ва чаққонлигини такомиллаштириб келган. Боиси, қишлоқда ҳам, яқин атрофдаги ҳудудларда ҳам тузукроқ спорт майдончаси мавжуд эмас эди.

— «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси туфайли қишлоғимизда кўп йиллик муаммоларга ечим топилмоқда, — дейди меҳнат фахрийси Холмирза Муҳаммадиев. — Илгари лойиҳа доирасида қишлоғимизга ичимлик суви тармоқлари тортилиб, сўнгра электр таъминотидаги узилишларга барҳам бериш мақсадида трансформатор алмаштирилди.

Яқинда Оққуладаги 12-умумтаълим мактаби ҳудудида сунъий қопламали стадион фойдаланишга топширилди. Қишлоқ аҳлини бирлаштирган ушбу лойиҳа янги спорт майдонига айланиб, ёшларни соғлом турмуш ва спортга жалб этишда муҳим омилга айланмоқда. Очилиш маросимида сўз олганлар стадионнинг барпо этилиши Оққулада инфратузилма яхшиланишининг навбатдаги босқичи эканини таъкидлаб, ёш спортчилар мазкур имкониятни муносиб натижалар билан оқлашларига ишонч билдиришди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?