Ўқитувчи ҳам ўқувчисидек ўқиши керак

14:24 23 Октябр 2025 Жамият
340 0

Бугунги кунда билимлар миқёси кенгаймоқда, таълим технологиялари ҳам тез ўзгармоқда. Ушбу жараёнга мос равишда ўқитувчининг доимий касбий ривожланиши, мунтазам ўқиб-ўрганиб бориши таълим самарадорлигининг юқори бўлишида муҳим омил ҳисобланади. Демак, замонавий ўқитувчи доимо ўқиб ўрганиши, таҳлил қилиш, ўз устида ишлашни тўхтатмаслиги керак. Қолаверса, ўқитувчининг шахсий интеллектуал фаоллиги ўқувчининг билим олишга қизиқишининг ортиши, дунёқараши ривожи учун бош манба ҳамда ибрат бўлиб хизмат қилади.

Хўш, педагог мутахассисларимиз бугунги кунда ўз зиммаларидаги мазкур талаб ва масъулиятга яраша ўқиб-ўрганяптими?

Яқинда Сирдарё вилояти педагогик маҳорат марказида мазкур муассасанинг профессор-ўқитувчилари иштирокида ушбу долзарб масалани амалий-таҳлилий ўрганиш мақсадида она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ўртасида сўровнома ташкил этилди. Ушбу сўровнома орқали муаллимларнинг дарсликда келтирилган бадиий асарлар парчаларининг тўлиқ нашрини ўқиганлик даражаси ўрганилди. Унга адабиёт дарсликларидаги бадиий асарлар парчалари бўйича саволлар жойланди. Афсуски, мазкур сўровномага берилган жавоблар натижаси қувонарли бўлмади.

Унда қатнашган 24 нафар она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларидан бор-йўғи 1 нафари “Алпомиш” достонини тўлиқ, 7 нафари қисман ўқиганлигини билдирди. Қолганлари эса ҳали дарсликдаги парчани ҳам ўқимаган. Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини 5 нафар муаллим тўлиқ, 1 нафари қисман ўқигани маълум бўлди. Ойбекнинг “Навоий” романини сўровномада қатнашган 24 нафар ўқитувчидан 3 нафари тўлиқ, 11 нафари қисман, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романини 3 нафари тўлиқ, 11 нафари қисман, Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” асарини 5 нафари тўлиқ, 10 нафари қисман, Уильям Шекспирнинг “Ҳамлет” асарини 2 нафари тўлиқ, 14 нафари қисман, Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романини 6 нафари тўлиқ, 11 нафари қисман ўқигани аён бўлди.

Сўровнома кўрсатдики, унда қатнашган ўқитувчиларининг катта қисми дарсликдаги бадиий асарларни тўлиқ ўқимаган. Ваҳоланки, уларнинг бари бевосита мутолаа бўйича ҳаммадан олдинда бўлиши керак бўлган адабиёт муаллимларидир. Яъни аслида она тили ва адабиёт ўқитувчиси бошқа фанлар ўқитувчиларига бу борада ибрат бўлиши лозим. Қолаверса, тўлиқ нашрни ўқимай, фақат дарсликдаги парчалар билан чекланган педагогда ҳар қандай асарнинг ғояси, муаллиф услуби ҳамда бошқа жиҳатларини ўқувчиларга чуқур таҳлил қилиб бериш имкони бўлмайди. Кези келса ўқувчининг бирор асар парчасини дарсликдан ўқиб пайдо бўлган саволига жавоб беролмайди ҳам. Бу эса ўқитувчи учун энг ноқулай ҳолатдир. Зеро, ўқувчи ўқитувчим барча саволларимга жавоб беролади, деган тасаввурда бўлади. Аслида ҳам шундай бўлиши зарур, албатта.

Энг муҳими, ўқувчида китоб ўқишга қизиқиш уйғотиш учун ўқитувчи ўзи намуна бўлиши лозим. Агар ўқитувчи асарни тўлиқ ўқимаса, у дарсда бадиий матннинг руҳини, эстетик қийматини, қаҳрамонлар дунёқарашини тўғри етказа олмайди. Такрор бўлса-да, таъкидлаш лозимки, педагогик билим, ўқитиш услубиятлари, тест ва баҳолаш тизимлари доимий равишда янгиланяпти. Ўқитувчилар янги методлар, технологиялар, ички ва ташқи баҳолаш стандартларини ўз вақтида мукаммал ўзлаштирмаса, дарс жараёни ва ўқувчиларнинг билим олиш натижалари суст кечади. Илмий-тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тизимли касбий ривожланиш ўқитувчиларнинг ўқитиш самарадорлигини оширади, ўқувчиларнинг ўрганиш натижаларини яхшилайди. Аксинча, агар ўқитувчилар узлуксиз ривожланмаса дарсларда эски, қолипланган усуллар қўлланилади, натижада бу таълим самарадорлиги ва сифатини оширишга салбий таъсир кўрсатади.

Педагог кадрларимизнинг касбий ривожланиши, билимини оширишлари учун барча шароит ва имкониятлар мавжуд, – дейди Сирдарё вилояти педагогик маҳорат маркази директори. Гуласал Бердиалиева. – Жумладан, бизнинг марказимизга малака оширишга келган ўқитувчиларга илғор таълим технологиялари ўргатилиши билан бирга “Ўқитувчи ҳам ўқувчисидек ўқиши керак” деган тамойил асосида зарур тавсиялар бериб борилмоқда, маҳорат дарслари ўтилмоқда. Бу муаллимларда касбий маҳоратни фақат малака ошириш курслари орқали эмас, мустақил ва мунтазам ошириб бориш масъулиятини оширади. Зеро, ҳар бир педагогнинг ўз устида доимий ишлаши, касбий маҳоратини ошириб боришга интилиши, бунда ўқиб-ўрганишни кундалик машғулотига айлантириши таълим сифати ҳамда самарадорлиги юқори бўлишининг бош омилларидан биридир.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер