Оқдарёда янги ахборот-кутубхона маркази иш бошлади

12:10 18 Октябр 2021 Жамият
589 0

Фото: Абдулазиз Йўлдошев / Халқ сўзи

Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида замонавий ахборот-кутубхона маркази фойдаланишга топширилди.

Қарийб 2 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган ушбу марказ 5 мингга яқин янги адабиёт, 26 та компьютер жамланмаси, мебель жиҳозлари билан таъминланди, электрон адабиётлардан фойдаланиш учун зарур имкониятлар яратилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Президентнинг 2019 йил 7 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида 16 та ахборот-кутубхона маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Бундан бир йил муқаддам Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказининг капитал таъмирдан чиқарилган биноси ишга туширилган бўлса, Каттақўрғон шаҳри ва Тойлоқ туманида ҳам капитал таъмирдан сўнг барча қулайликка эга бўлган, кўркам кутубхоналар аҳолига хизмат кўрсатишга киришди. Пайариқ туманида ахборот-кутубхона маркази учун қурилган икки қаватли бино яқин кунларда китобхонлар учун ўз эшигини очиши кутилмоқда.

Бугунги кунда вилоятдаги барча ахборот-кутубхона марказларида 902 мингдан ортиқ адабиётлар сақланмоқда. Ахборот-кутубхоналарнинг доимий фойдаланувчилари сони қарийб 30 минг нафар бўлса, уларнинг асосий қисми - 20 мингга яқини ёш китобхонлардир.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер