Она тилимиз — қадримиз, шаънимиз ифодаси

13:57 13 Февраль 2024 Сиёсат
832 0

Унинг ҳимояси ҳақида тинимсиз қайғуришимиз лозим.

Глобаллашув инсоният учун беқиёс имкониятлар билан бирга кутилмаган хатарларни ҳам келтириб чиқаряпти. Айниқса, қадриятларнинг қадрсизланиши, миллий анъана ва урф-одатлар илдизининг заҳарланиши, энг ёмони, миллий тилларга бўлган муносабатларнинг сунъийлаштирилиши кўплаб миллат ва элатларнинг она тилидан айрилиб қолиш эҳтимолини кучайтирмоқда.

Тил миллат борлиги, бирлиги, ўтмиши ва бугунини акс эттирувчи олий байроқ экан, бугун ҳар қандай халқ унинг қадр-қиммати, ҳимояси ҳақида ҳар дақиқада ўйлаши, тинимсиз қайғуриши лозим. Ўзбек халқи ҳам асрлар давомида ўз тили ва қадриятларини асраб-авайлаб, ҳимоя қилиб келмоқда. Айниқса, жадид боболаримиз ва миллат ойдинлари тил масаласида ҳеч қачон муросага бормаган.

Шундай экан, бугун барчамиз авлод-аждодларимиз олдида жуда катта қарздор эканимизни унутмаслигимиз лозим. Аммо кейинги йилларда она тилимиз ривожи йўлидаги муаммолар кўпайиб, ташқи таҳдидлар кучаймоқда.

Айни пайтда глобал дунёдаги нотинч ҳолат фонида Марказий Осиёга нисбатан юзага келтирилаётган тортишувли вазиятлар ҳам кўпинча тил билан, миллий қадриятлар билан боғланяптики, бундан тегишли хулосалар чиқармасак, эртага кеч бўлиши мумкин.

Кейинги кунларда гувоҳи бўлаётганимиздек, собиқ империяни тиклаш ҳақида норасмий доиралардан ташқари Россиянинг расмий манбаларида ҳам фикрлар янграмоқдаки, уларни таҳлил қилсак, Ўзбекистонда бундай ахборот хуружларига қарши қандай чораларни кўришимиз керак, деган ҳақли мулоҳаза юзага келади.

Шу ўринда рус миллатига мансуб ва бошқа ўзга миллатли ватандошларимизнинг қадрияти, тили ва миллий анъаналарини сақлаш Конституциямизда белгилаб қўйилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Лекин тил ҳақида гап кетганда, бош­қа масалалар юзага чиқадики, бундан кўз юмиб бўлмайди. Масалан, Ўзбекистонда жами аҳоли таркибида рус ватандошларимиз 2-2,5 фоизни ташкил қилади. Аммо эътибор берсангиз, бугун мактаб ва боғчаларимизда рус тилида таълим беришга керагидан ортиқ эътибор қаратиляпти.

Зотан, юқорида таъкидлаганимиздек, тил оддий масала эмас. Қайсики, миллат ўз тилига муносабатини ўзгартирса, тилидан узоқлашса, бундай миллатлар йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги ҳақида тарихдан истаганча мисоллар келтириш мумкин. Эътибор беринг: бугун уч минг йиллик давлатчилик тарихимиз ҳақида куюниб, фахрланиб гапиряпмизу, бироқ ана шундай бир пайтда ўзбек тили қонун, технологик ривожланиш тилига айлана олмагани бизни хавотирга солиши керак, деб ўйлаймиз.

Айни пайтда кўплаб ота-оналар фарзандларини таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларга беряпти. Шубҳа йўқки, улар болам тил билсин, деган эзгу мақсадда шундай йўл тутяпти. Лекин бу давр бола ҳаётининг пойдевори тикланадиган, онги, қадриятлари шаклланадиган пайт ҳисобланади. Айнан шу даврда болага ўзлигини билиш масалалари сингдирилиши керак. Япония, Жанубий Корея, Хитой каби давлатларда болаларга айни шу даврида миллий ўзликни англаш ўргатилиши ҳам шундан.

Яна бир масала: давлат тили ҳақидаги қонунимизга кўра, фуқаролар ўз мурожаатларини хоҳлаган тилларида билдиришлари мумкин. Яъни фуқароларнинг хоҳлаган тильда давлат идораларига мурожаат қилишлари белгилаб қўйилган. Аммо тан олайлик, айни шу жиҳат давлат тилининг ривожига халақит бераётган асосий меъёрлардан биридир. Чунки тажрибадан маълумки, ҳар қандай тилнинг ривожи учун унга бирламчи эҳтиёж пайдо қилиниши керак. Эҳтиёж бўлмаган тил эса ўз-ўзидан заифлашади.

Нима учун мамлакатимизда Ўзбекистон фуқаролари бўлган миллатларнинг ўзаро мулоқот тили бошқа тил бўлиши керак?

Миллий қадрият сифатида барча миллат ўз тилларини ўрганиши, мулоқотда ишлатиши ва ривожлантириши учун шароит яратиш Конституциявий шарт, бу бажарилиши лозим. Лекин нима учун ўз фуқароларимиз орасидаги мулоқот тили сифатида давлат тилининг устуворлигидан воз кечишимиз керак?

Бу давлат тилига ҳурматсизлик!

Ўзбекистонда давлат тили бўлган ўзбек тили таълим ва иш юритишда мажбурият, миллатлараро мулоқотда устувор бўлиши шарт! Ўзаро мулоқотда эса истаган тильда гаплашиш табиий ҳуқуқ, албатта.

Миллий тараққиётимиз ва тарихимизни пухта ўрганишимиздаги заруратдан келиб чиқиб, фуқароларимизнинг инглиз, хитой, рус ва араб тилларини чуқур ўрганиш ташаббуслари қўллаб-қувватланиши лозим.

Бугун таълим тизимида, телевидение, ҳатто айрим ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам рус тилининг таъсири кучли эканини яхши биламиз. Маълумотларга қараганда, Германияда немис тилидан бошқа тильда давлат идораларига мурожаат қилиш қонунга зид саналади. Агар бошқа тильда мурожаат қилсангиз, у нафақат кўриб чиқилмайди, балки бунинг учун жаримага ҳам тортиласиз. Назаримда, давлат тилига муносабатни шундай шакллантириш орқали немис тилига бўлган эҳтиёж юзага келтирилган. Биз эса ҳалигача ана шу эҳтиёжни пайдо қилишга ботинолмаяпмиз.

Шунинг учун ҳам қонунлардаги тил ривожига тўсиқ бўлаётган меъёрларни ўзгартириш ва бу борада янада кучлироқ меъёрларни ишлаб чиқиш пайти келди, деб ҳисоблайман.

Яқинда шу ҳақда фикр билдирганимда рус сегментидаги ахборот воситалари буни нотўғри талқин қилди. Яъни бошланғич таълим она тилида бўлиши керак, деган гапимни ўзбек тилида деб таржима қилишди. Мен эса ҳар қандай ўзбек боласи ўзбек тилида, рус боласи эса рус тилида бошланғич таълим олсин, деган фикрни билдирганман.

Одатда биринчи синфга бораётган болани қандай тилли мактабга бериш ота-оналарнинг танлови, дейишади. Аммо орамизда ўз боласининг умуман мактабда ўқишига ҳам қарши бўладиган ота-оналар йўқ дейсизми? Бор, албатта. Шунинг учун ҳам бола ўзбек миллатига мансубми, бошланғич таълимни ҳам ўз она тилида олиши керак. Хорижий тилларни ўрганишни эса юқори синфлардан бошлаш мақсадга мувофиқ.

Энг қизиғи, айни шу фикрим миллатчилик дея талқин қилинди. Ваҳоланки, ўзбек халқи ҳеч қачон миллатчи бўлмаган. Шундай бўлганда эди, Иккинчи жаҳон уруши даврида бир тўғрам нонини бўлиб, ҳам русга, ҳам немисга бермаган бўларди.

Маълумки, собиқ иттифоқ даврида миллатлар устида жуда кўп мафкуравий тажрибалар ўтказилди. Афсуски, бундай тарбиявий таъсирлар асорати ҳали ҳам йўқолиб кетмади. Баъзи юртдошларимизни биламан, миллати ўзбек, лекин она тилини билмайди. Шу ҳақда гапирсанг ёки тил ҳақида, ўзбек қадриятлари ҳақида фикр билдирсанг, миллатчиликка йўйишади.

Ёдингизда бўлса, Президентимиз элчилар билан учрашувда ўзбек тилини билмаган дипломат қандай қилиб Ўзбекистон вакили бўлиши мумкин, деган эди. Хорижий тилни ўрганиш мобайнида ўз тилини унутиб юборган шундай элчилар бор ва афсуски, ҳозирги мактаб ўқувчиларида ҳам шундай муаммолар учраяпти. Бизнинг тил ва ватанпарварлик борасидаги оқсашларимизни кўриб, Марказий Осиёдан ҳалигача умидини узмаган баъзи кучлар бундан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпти.

Шундай экан, таълим-тарбия соҳасида ислоҳотларни жадаллаштиришимиз лозим. Ўзбек тили давлат тили экан, давлат идораларига мурожаат, ҳуқуқий ҳужжатлар, рекламалар, ташқи ёзувлар — умуман барчасида ўзбек тили устун бўлишига эришишимиз зарур.

Чиндан ҳам, кейинги пайтларда россиялик айрим сиёсатдонлар тарихимиз ва ҳатто тилимизга нисбатан оғриқли мулоҳазалар билдирмоқдаки, бу аксарият зиёлиларимизни жунбишга келтирди. Айниқса, тарихимизга отилган тошлар замирида бошқа ўй, мулоҳазалар мавжудлиги қайд этилиб, анчадан бери алаҳсираётган тарихчиларга нисбатан кескин жавоблар қайтарилди.

Тобора авж олаётган бундай муносабатлар эса ким аслида ким эканини эслатиш баробарида ҳар биримизни ҳушёр бўлишга яна бир бор ундагандек, жондан азиз юртимиз, мустақиллигимизни кўз қорачиғидек доимо асраш лозимлигини англатгандек бўлди. Зотан, истиқлол бир марта қўлга киритилиб, қиёматгача ҳимоя қилинадиган неъмат эканини янада чуқур ҳис этгандек бўлдик.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 февраль куни ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам боғчаларни миллий қадриятларимизга мос ягона стандартлар асосида ўқув-методик материаллар билан таъминлаш масаласи кўтарилгани бежиз эмас. Афсуски, бугун ўз боласини рус боғчасига, рус мактабига бериб, боласи рус тилида гапираётганидан ғурурланаётганлар кўпаймоқда. Бу билан эса ўзимизга зиён қилаётганимизни англамаяпмиз.

Бугунги кунда Тошкент шаҳри мактабларида 400 мингга яқин бошланғич синф ўқувчилари бор, уларнинг 250 мингга яқини рус тилида таълим олмоқда. Эътибор беринг, бу ўйлаб кўрадиган рақам. Ана шу 250 мингнинг 80 фоизи, афсуски, ўзбек. Айтинг, қандай ота-онаки, фарзанди биринчи синфдан ўз қадриятига тескари, онгу тафаккури, ўлчов мезонлари ва миллий маданиятига зид бўлган тильда савод чиқаришига йўл қўйиб беряпти.

Агар бунга бир-икки оиланинг муаммоси деб қарасак, катта хато бўлади. Бу — жамиятимиз муаммоси. Тилни йўқотиш, унга бефарқлик ҳам айнан шу нуқтадан бошланяпти, аслида. Тўғри, “Таълим тўғрисида”ги Қонунда таълим тилини танлаш ота-оналар ихтиёрида, деб белгилаб қўйилган. Аммо баъзи ота-оналар эса гўё фарзанди келажагини ўйлаб, улар бошқа тильда савод чиқаришига йўл қўйиб бермоқда. Бу шахснинг қонуний ҳуқуқи эмас, бу мамлакат олдидаги, қадриятларимиз олдидаги мажбурият сифатида талқин қилиниши, таълим тили миллий қадрияти ва миллатидан келиб чиққан ҳолда танланишига алоҳида эътибор берилиши керак.

Видеоселекторда мактабларда оғриқли масалалардан бири, бу — тарбия ва маънавият эканига алоҳида урғу берилди. Ўтган йили вояга етмаганлар томонидан 3,5 мингта жиноят содир этилган ва шундан 2 280 тасини мактаб ўқувчилари содир қилган. Давлат раҳбари томонидан ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда “ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет” ҳосил қилиш тизимини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга болалар тарбиясини яхшилаш, ота-оналар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган миллий контентни маҳалла ва таълим муассасаларига етказиб туриш, “мактаб — ота-она — маҳалла” занжири асосида электрон мулоқот платформасини ишга тушириш топширилди.

Чиндан ҳам, фарзандлар тарбиясида тилнинг ўрни ниҳоятда муҳим экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Зеро, боланинг онги, дунёқараши тил орқали шаклланади ва ривожланади. Боланинг илк даври учун муҳим ҳаётий кашфиёт: боғчада — мулоқот, мактабда — билим бегона тильда берилса, тилимиз ривожланмайди, қадриятимиз илдизларига сув бормайди, аксинча, уни заифлик дунёси ўраб-чирмаб бораверади.

Миллат, тил ва Ватан танланмайди, улар Яратганнинг неъматларидир. Уларни авайлаш, ривожлантириш ва авлодларга безавол етказиш эса ҳар биримиз учун муқаддас бурч. Ватансеварлик, қадриятларни ҳимоя қилиш бугун давлатлар учун ҳаёт-мамот масаласига айланди. Айниқса, XXI асрда қадриятларни бир дарахтга ўхшатадиган бўлсак, айни пайтда унинг илдизини чопишга ҳаракатлар тинмаяпти. Қадриятларни ким ҳимоя қилади? Албатта, аввало, ўз қадрини, ўзгалар қадрини ҳурмат қиладиган, жамиятни, халқини ўйлайдиган ватанпарварлар ҳимоя қилади.

Алишер ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?