Ўн бир кун ичида Бангладешда АЭС қурилишида ишлаётган беш нафар россиялик сирли равишда ҳаётдан кўз юмди

23:29 08 Февраль 2022 Дунё
1038 0

Фото: @Syndroma3/Twitter

Сўнгги ўн бир кун ичида Бангладешнинг Пабна провинциясида Атом электр станцияси (АЭС) қурилишида ишлаётган беш нафар россиялик сирли равишда ҳаётдан кўз юмган. Маҳаллий полицияси мазкур ҳолатлар юзасидан тергов бошлади.

Барча ҳалок бўлганлар барпо этилаётган «Руппур» АЭСда ишлаётган эди.

«48 ёшли Алексей Барченко 28 январь куни Ишварди шаҳри яқинидаги тиббиёт марказида, 40 ёшли Алексей Шакиров 2 февраль куни уйқусида, 48 ёшли Павел Шчукин эса тўсатдан вафот этган. У ҳам Барченко билан бита тиббий муассасада даволанаётган бўлган. Худди шу куни 59 ёшли Василий Толмасов ҳаётдан кўз юмган. Унинг жасади АЭС қурилишида иштирок этаётган россияликлар яшайдиган турар-жой мажмуасида топилди. Ва ниҳоят, 6 февраль куни 45 ёшли Александр Воротниковнинг жонсиз танаси ҳам худди шу ерда топилган», дейилади манбада.

Ишварди полиция бўлими бошлиғининг айтишича, ўлганларнинг жасадлариндан шубҳали ҳеч нарса топилмаган.

«Россияликлардан бири юрак хасталигидан азият чеккан, иккинчиси эса гиёҳванд моддалар истеъмол қилгани аниқланган. Бироқ тергов давом этяпти», дейди у.

«Росатом» ҳам россияликларнинг ўлими ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. Таъкидланишича, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида АЭС ходимларининг ўлими сабаблари тўғрисида турли миш-мишлар пайдо бўлган.

«Айни пайтда биз ҳар бир ўлим сабабларини аниқлаш учун ишлаётган тергов гуруҳи билан ҳамкорлик қилмоқдамиз», дейилади «Росатом» баёнотида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?