Олтиариқда Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг сайёр мажлиси бўлиб ўтди

23:49 01 Май 2025 Сиёсат
264 0

Жорий йилнинг 1 май куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Миллий ва ҳудудий кенгашларнинг аъзолари, сенаторлар, Фарғона вилояти халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари, фаоллар ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Видеоконференсалоқа тарзида ўтказилган мажлисда 2025 йилнинг биринчи чорагида Сенат томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, Фарғона вилоятида мингдан ортиқ олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар, шу жумладан 7 та қотиллик, 352 та ўғирлик, 126 та фирибгарлик ва 28 та безорилик ҳолатлари қайд этилгани маълум қилинди. Бу кўрсаткичлар жиноятларнинг профилактикасида тизимли камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, «маҳалла еттилиги» фаолиятида масъулият ва самарадорлик етишмаётгани, хавфли ҳудудлар тўлиқ қамраб олинмагани, айрим маҳаллаларда «йўл хариталари» фақат қоғозда қолиб кетаётгани танқид қилинди. Айниқса, ижтимоий муҳофаза, оилавий зўравонлик ҳолатлари ва вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик даражаси хавотирли экани қайд этилди.

Аниқланган камчиликлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини белгилаш, ижро интизомини ошириш ва тегишли раҳбарларга нисбатан интизомий чоралар кўриш тавсия этилди. Айниқса, ишонч билдирилган раҳбарлар хулоса қилиши керак – ҳозирги шароитда масъулиятсизлик, реал муаммоларга кўз юмиш, қуруқ рақамлар ортидан қувиш, кўзбўямачилик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Афсуски, ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар ҳудудий идора ва ташкилотлар раҳбарлари орасида ҳам бу каби ҳолатлар учраётганини кўрсатди.

Шу боисдан мажлисдаги муҳокамадан келиб чиқиб, вилоят ички ишлар, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш, қурилиш, кадастр, банк соҳаларидаги раҳбарларга, айрим ҳокимларга (жами 19 та) нисбатан интизомий чоралардан тортиб то лавозимдан озод қилишгача бўлган қатъий чоралар кўриш назарда тутилган.

Шу билан бирга, профилактика ва маҳалладаги ишларни такомиллаштириш, жумладан ёшлар, аёллар ва ишсиз фуқаролар билан ишлаш бўйича янги аниқ режа ва ёндашувлар ишлаб чиқилиши лозимлиги қайд этилди.

Муҳокама якуни бўйича масъуллар зиммасига тегишли вазифалар юклатилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?