Олов тутган ёзувчи

13:50 14 Февраль 2025 Жамият
464 0

Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Луқмон Бўрихон деган исми шарифни эшитган заҳоти бетакрор ёзувчи, қалби қордек оппоқ, юраги булоқ сувидек тоза адиб сиймоси кўз ўнгимда намоён бўлаверади. Луқмон Бўрихонни «Олов тутган одам» романи орқали ёзувчи сифатида ўзим учун инкишоф этгандим. Шундан сўнг бир қатор ҳикоя ва қиссаларини ўқидим. Адиб билан учрашувларда қатнашдим, мулоқотда бўлдим. «Имом Мотуридий» романи орқали ёзувчининг катта истеъдод соҳиблигига имон келтирдим. Ҳалигача ҳайратдаман: шу жуссага бундай катта юрак қандай сиққан экан? Инсон ақли бовар қилмайди, ахир! Луқмон ака беназир инсон эди.

У 1965 йил 15 февралда Қашқадарё вилояти Ғузор туманида таваллуд топган. 1987 йил «Ёшлик» журналида босилган «Бегимқул катта» ҳикояси катта адибларнинг назарига тушди. Ёзувчининг жўшқин ижод йиллари жорий асримизга тўғри келади. Унинг «Жазирамадаги одамлар», «Сирли муаллим», «Тун қаъридаги шуъла», «Хизр кўрган йигит», «Титраётган тоғ», «Қуёш ҳали ботмаган», «Бегоналар юрмас бу ерда», «Сокин дарё» каби роман ва қиссалари айни XXI асрда дунё юзини кўрди.

Луқмон Бўрихон асарлари қаҳрамонлари айни замонамизда яшаётган чапани ва мард, олижаноб ва танти ватандошларимиздир. Ёзувчи замонамиз қаҳрамонларининг қалб кечинмалари ва ҳис-туйғуларини гўзал бадиий тасвирда ҳикоя қилишни ўзининг ижодкорлик бурчи деб ҳисобларди. Инчинун, унинг ҳар бир асаридаги образ бизга бегона эмас, қалбан яқин ва қадрдон.

Ёзувчи самимият йўғрилган сатрларга муаллифлик қилиш учун самимий бўлиши шарт. Бундан қарийб икки йил олдин бир маросимда қатнашганимда Луқмон Бўрихоннинг самимий ёзувчилигига гувоҳ бўлганман. «Имом Мотуридий» романи эндигина босмадан чиққанди. Очиғи, «шоу»га айланиб кетган тадбирдан диққинафас бўлиб ташқарига чиқдим. Шундоқ рўпарамдаги гулзор ёнгинасидаги ўриндиқда ўзбекнинг катта адиби Луқмон Бўрихон олисга термилиб ўтирарди. Мени кўрдию, яқин инисидай қаршилаган, «Отабек!..» деб бағрини очганди Луқмон ака. Боласидек яқин олиб, ўгиту маслаҳатини аямаганди.

Ўша куни ёзувчи «Имом Мотуридий» романи катта куч талаб қилгани ва ҳозир бирор асар устида ишлашга мажолсизлигини айтганди. Шундан сўнг ушбу романни нафақат адабий жамоатчилик, балки кенг китобхонлар оммаси ҳам ижобий қабул қилгани, қўлма-қўл ўқилаётганини айтдим. Луқмон ака романнинг қайта нашри тайёрланаётгани, аслида муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳақида йирик бадиий асар яратиш ниятида эканлигини сўзлаганди. Суҳбат давомида табиийки, ҳозирги адабий жараён, замонавий ўзбек насри ҳақида ҳам сўз борди. Ана шунда адиб қалбини янада аёнроқ, тиниқроқ кўра бошладим.

Луқмон ака адабиётга, сўзга хиёнат қилмай яшади, яшаб ўтди. Ўйлаганида адабиёт учун ўйлади, ёзганида китобхон учун ёзди...

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Шуҳрат» медали соҳиби, ёзувчи Луқмон Бўрихон ижодининг айни камолот даврида – 2023 йил 25 июль куни 58 ёшида вафот этди. Луқмон Бўрихоннинг ёрқин ёди хотиримда, дастхатлари китобларимда қолди. Мана, «Олов тутган одам» китоби:

«Отабек! Ҳамиша эл ардоғидаги ижодкор бўлинг! Муаллиф (имзо). 29.11.21.»

Шу китоб ичида қайд қоғозим ҳам бор экан. Ўқиётиб мени мутаассир қилган, ҳайратга солган жумлаларни икки вараққа ёзиб чиққан эканман. Мана, улардан бири:

«Умид шундай бир туйғуки, нурдек нозик, нурдек ёруғ ва тоза».

Ҳақрост. Агар умид бўлмаса, ҳаётнинг мазмуни йўқолади. Олов тутган ёзувчимиз китобхонларига ҳаётнинг мазмунидан сабоқ бериб кетгандек.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?