Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистоннинг Туркия ва Озарбайжондаги элчиларининг ҳисоботлари эшитилди

20:27 19 Февраль 2024 Сиёсат
292 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Жорий йил 19 февраль куни бўлиб ўтган Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистоннинг Туркия ва Озарбайжондаги элчиларининг ҳисоботлари эшитилди.

Тадбирда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлари депутатлари, масъул вазирлик ва идоралар, давлат компаниялари раҳбарлари, маҳаллий ижро ҳокимият органлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Эшитувлар Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида шу йил 18 январь куни ўтказилган селектор мажлисидаги чуқур таҳлиллар асосида шаклланган вазифа ва топшириқлар ижроси юзасидан Парламент назоратини ўрнатиш доирасида ташкил этилди.

Бунда олий даражадаги ташрифлар натижасида қабул қилинган “йўл харита”ларидаги лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни таъминлаш муҳокама марказида бўлди. Очиқ ва холисона муҳокама давомида “йўл харита”ларининг ижросига тегишли масала ва муаммолар танқидий кўриб чиқилди.

Туркия давлати билан ҳамкорликда 2023 йилда 1,2 млрд доллар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилганлиги, ушбу давлат компаниялари иштирокида 300 дан ортиқ янги корхоналар ташкил топганлиги эътироф этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар сўнгги 2 йил давомида Ўзбекистондан Туркияга экспорт ҳажмларининг камайишига эътибор қаратдилар. Бундан ташқари, икки томонлама савдода нотариф тўсиқлар сақланиб қолаётгани қайд этилди.

Туркия билан ҳамкорликда умумий ҳажми 613,4 млн.долл. 48 та инвестиция лойиҳасидан 20,5 млн долларлик 6 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш турли сабабларга кўра ортда қолмоқда. Шунингдек, қатор вазирлик ва идораларнинг ҳаракатсизлиги туфайли 342 млн долларлик 11 та лойиҳа тўхтаб қолган. Ушбу лойиҳалар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, Навоий ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари масъул бўлган эди.

Сенаторлар Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси томонидан сиёсий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳаларида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади. Савдо-иқтисодий соҳада эришилган ижобий натижалар эътироф этилди. 2023 йилда устав капитали 500 млн.долл. бўлган Ўзбекистон-Озарбайжон қўшма инвестиция фонди ташкил этилди. Элчихона ташаббуси билан ҳудудларда 115 млн долларлик 4 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, дипломатик ваколатхона масъул бўлган нефть ва газ саноати соҳасидаги ҳамда бириктирилган Наманган ва Хоразм вилоятларидаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Олий даражадаги ташриф натижасида қабул қилинган “йўл харитаси”ни амалга оширишда қатор муаммолар мавжудлиги таъкидланди.

Хусусан, “йўл харитаси”га киритилган 87та лойиҳадан 4 таси (умумий қиймати 72 млн долл.) кеч амалга оширилмоқда, 14 таси (569 млн долл.) умуман амалга оширилмаяпти. Шу жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 8 та инвестиция лойиҳа бўйича ҳанузгача амалий ишлар суст олиб борилмоқда.

Парламент аъзолари тегишли идоралар ва компаниялар, вилоят ҳокимликлари инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда икки томонлама учрашувларни ташкил этиш бўйича республика дипломатик ваколатхоналарининг таклиф ва мурожаатларини кўриб чиқишда тезкорлик таъминланмаганлигига эътибор қаратди. Ўзбекистон элчихоналари билан ҳаракатларни мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига батафсил тавсиялар берилди ва ўз фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Мажлис якунлари бўйича Олий Мажлис Сенати қўмитасининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?