Олий Мажлис Сенати томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига кўмаклашиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама этилди

14:03 29 Май 2025 Сиёсат
102 0

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига кўмаклашиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.

Янгиланган Конституцияда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш Сенатнинг мутлақ ваколати сифатида белгиланганлигидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Кенгашлар ишини сифатли ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тизимли йўлга қўйишга услубий кўмаклашиш мақсадида 20 дан ортиқ норматив ҳужжатлар тайёрланиб, амалиётга татбиқ этилган.

Хусусан, маҳаллий Кенгашлар қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиёти тасдиқланган, Кенгаш сўрови, Кенгаш текшируви институтларининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган, Кенгашлар ҳузурида эксперт гуруҳларини ташкил этиш чоралари кўрилган.

Ҳудудларни ривожлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал этишда маҳаллий Кенгаш депутатлари ва сенаторларнинг “маҳалла еттилиги” билан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини намунали ташкил этиш мезонлари ишлаб чиқилиб, жойларда ушбу мезонлар асосида ҳар бир ҳудудда биттадан туман (шаҳар) Кенгашининг фаолиятини намунали йўлга қўйиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Сенат томонидан маҳаллий Кенгашларга ҳар томонлама амалий ва услубий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида 3 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Мазкур қонун лойиҳалари билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ тақсимлаш, такрорланувчи вазифаларни бекор қилиш, маҳаллий бюджетларни шакллантиришда депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш, маҳаллий Кенгашларнинг ўзаро ва халқаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” лойиҳалари ишлаб чиқилиб, унда маҳаллий Кенгашларнинг назорат ҳамда норма ижодкорлигига оид фаолиятини, депутатларнинг маҳаллий бюджет ва ҳудудларни ривожлантириш жараёнларидаги иштирокини кучайтириш, Кенгаш фаолиятида жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш, депутатларининг сайловчилар билан ишларини янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ чоралар белгиланмоқда.

Шу билан бирга маҳаллий Кенгашлар фаолиятини рақамлаштириш, “E-Kengash” электрон платформасида фойдаланувчилар учун янада қулайлик яратиш мақсадида уларни тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиш борасида ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

Ялпи мажлисда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш масалалари билан бир қаторда Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг муҳим вазифалари ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашларнинг назорат ҳамда норма ижодкорлиги бўйича фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ҳудуд манфаатларига оид ҳамда аҳоли томонидан кўтарилаётган муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича имкониятларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий вакиллик органлари депутатлари ва котибият ходимларининг малакасини доимий равишда ошириб бориш тизимини йўлга қўйишга оид вазифалар белгиланди.

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?