Ўксик дилларга қувонч улашиб...

Яқинда ижтимоий тармоқларда туғма ногирон иккала оёғи йўқ ўттиз ёшлардаги жанубий осиёлик фуқаронинг тирикчилик йўлидаги аянчли фаолияти намойиш этилди. Оллоҳдан бирор бир истагинг борми, деган саволга у “ҳузурига борсам, қайта туғилиш рост бўлса, қайта дунёга келтирмаслигини ўтиниб сўрардим. Чунки нафақадаги ота-онам ва жамиятга ташвиш келтиришни истамайман”, дея жавоб берди. Ногиронлик чиндан-да наинки бир инсон ёки бир оила, балки бутун жамиятнинг ташвиши.
Мамлакатимизда расман қайд этилган ногиронлар сони бир миллион 31 минг 609 нафарни ёки умумий аҳолига нисбатан 2,7 фоизни ташкил этиши ҳақиқатдан анча йироқдек туюлади. Бунинг сабабини узоқ йиллар ногиронликни белгилашдаги тўраларча муносабат, сансалорлик ва тизимда коррупциянинг уя қуриб олганлигидан аҳолининг безганлиги, халқимиз ҳамон вояга етмаган фарзандидаги ногиронликни белгилашга асос бўладиган нуқсонларни ошкор этмасликка интилиши билан изоҳлаш мумкин. Шу ўринда сўнгги ўн беш йил аввалги статистикага эътибор қаратсак, 2009 йилда мамлакатимизда ногиронлар сони 826 минг кишини ташкил этиб, 2015 йилда 588 минг нафарга камайди. Ўтган даврда бу ўзгаришларни жамиятда инсон қадри улуғланиб, унинг манфаатлари давлат манфаатларидан устувор қўйилгани билан изоҳлаш мумкин.
Айни пайтда ногиронлар учун зарур инфратизим яратилиб, уларни соғломлаштириш чоралари такомиллаштирилди. Қатор меъёрий хужжатлар қабул қилиниб, ушбу тоифадаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай ижтимоий муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Аҳолининг заиф қатламларини интеграция қилиш учун Ўзбекистоннинг инновацион ижтимоий ҳимоя тизими (INSON)” лойиҳасини амалга ошириш учун 30 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан 100 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратиш тўғрисида битим имзоланди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбарининг 2024 йилдаги “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Аҳолининг заиф қатламларини интеграция қилиш учун Ўзбекистоннинг инновацион ижтимоий ҳимоя тизими (INSON)» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши тизимда мутлақо янги даврни бошлаб берди.
– Янги тизимнинг афзаллиги шундаки, унда ногиронлиги бор фуқароларнинг сарсонгарчиликларига барҳам берилди, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусен Равшанов. — Ногиронликни белгилашнинг олдинги тартибида фуқаро Навоий вилоятимиз шароитида 200-300 километр йўл босиб, туман марказига келиб мурожаат қиларди. Янги тартиб бўйича у ўз маҳалласидаги ижтимоий ходим ёки уйдан чиқамаган ҳолда ягона интерактив давлат хизматлари орқали буни амалга ошириш имкониятига эга. Ўтган йилда янги тизим ва янги платформада юзага келаётган номувофиқларни аниқлаб, юздан ошиқ таклифларни бердик. Уларнинг аксарият қисми инобатга олинди. Фаолиятимиз давомида эски ва янги платформалар асосида тиббий ижтимоий комиссиялар томонидан 3,5 мингга яқин хулосалар шакллантирилиб, берилган таклифларимиз асосида хулосалардаги барча номувофиқликлар бартараф этилди.
Тизимдаги ислоҳотлардан асосий мақсад ногиронликни белгилаш жараёнида стандартлаштиришни мустаҳкамлаш бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 сентябрдаги ”Ногиронликни белгилаш тизимини рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ногиронликни белгилаш тизими жаҳон стандартлари даражасида такомиллаштирилиши нафақат ногиронлар, балки уларнинг оилаларига қулайлик яратиш мақсадларини ҳам қамраб олган.
Барча тиббий-ижтимоий экспертлар бир хил стандартлар асосида иш олиб боради. Бундай ёндашув ногиронлик гуруҳлари, муддатлари ва тиббий реабилитацияга муҳтожликни аниқлашда шаффофликни таъминлайди. Шунингдек, 18 ёшгача болалар учун касалликлар рўйхати кенгайтирилиб, уларнинг босқичлари ва асоратлари аниқ белгилаб берилди. Бу эса ёш болаларнинг ногиронлигига доир қарорларнинг тез ва адолатли қабул қилинишига хизмат қилади.
— Ижтимоий соҳага тадбиқ этилган рақамлаштириш тизимининг муҳим афзалликларидан бири ногиронликни белгилаш жараёни тўлиқ электрон тизим орқали амалга оширилади, — дея давом этади Ҳ.Равшанов. — Фуқаролар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёки “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилди. Масалан, авваллари хулоса тайёрлаш учун 25-30 дақиқа сарфланган бўлса, ҳозир 7-8 дақиқада барча зарур маълумотлар автоматик тарзда тақдим этилади.
Ногиронликни белгилаш тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияларининг асосий вазифаларидан биридир. Қарор асосида уларнинг иш тартиби беш кунликка ўтказилди. Бу шахснинг функционаллиги ва тиббий ҳолатини тўлиқ баҳолаш имконини беради. Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияларида ишлаш мумкин бўлган тиббий мутахассисликлар рўйхати тасдиқланиб, бу ўз-ўзидан тизим самарадорлигини оширилишини таъминлади.
Илгарги тизимда фуқарога ногиронликни белгилашда у ўнга яқин шифокорга йўналтириларди, — дейди Навоий шаҳридаги 3-сонли поликлиниканинг оилавий шифокори Гулбаҳор Холиқова. — Масалан, умуртқа поғонасида чурраси бор фуқаро кардиолог, эндокринолог ва бошқа шу каби шифокорлар кўригидан ўтиб, хулосалар олиши талаб этиларди. Янги тартиб бўйича зарур таҳлиллар оилавий шифокорлар томонидан йиғилиб, тиббий ижтимоий экспертиза комиссиясига тақдим этилади. Шулар асосида фуқарога ногиронлик ва унинг гуруҳи белгиланади.
Янги тизим бўйича ногиронликни белгилашга асос бўладиган касалликлар рўйхати ҳам сезиларли даражада кенгайди. Илгари бундай касалликлар рўйхати 565 та бўлса, ҳозирда 2074 тани ташкил этади. Даволаниш муддатлари талаб қилинмайдиган ҳолатлар 48 тадан 1071 тага, муддатсиз ногиронлик белгиланадиган ҳолатлар 39 тадан 69 тага кўпайтирилди. Бу эса тиббий реабилитация ва ижтимоий ҳимоя хизматларини мувофиқлаштиришга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши ва уларнинг ижтимоий интеграциясига хизмат қилмоқда.
Энди мақоламиз аввалидаги ногирон йигит мисолига қайтсак. Ногиронларга эътиборсизлик жамиятнинг фожиаси. У бундай фуқарони ҳаётдан бездириб, одамлар орасида уларга нисбатан меҳр-оқибат ва саховатпешалик билан муносабатда бўлиш каби фазилатлар ҳам йўқолишига сабаб бўлади. Эсингизда бўлса, яқин-яқинларда ҳам мамлакатимиздаги аксарият дорихоналарда ногиронлар учун махсус йўлак йўлга қўйилмаган, кўзи ожиз фуқаролар бировнинг ёрдамисиз овоз бериш имконига эмасди. Бу табиийки, уларнинг фаол ҳаётдан ажралиб қолиши, диллари ўксишига сабаб бўларди. Бундай шахсларнинг реаблитацияси эса ниҳоятда оғир кечади.
Темур ЭШБОЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг