“Ўғлонлар омон, юрт тинч бўлаверсин”
Кенжа ўғлим Жобирбек болаликдан анча шўх, техникага ихлоси баланд бўлган. Балоғатга етиб армияга чақирилганида ҳам танкчилар қисмига тушди. Қизиқиш ва уқуви асқатиб жанговар машинани бошқариш, унга техник хизмат кўрсатишни тезда ўзлаштириб олганидан экипаж етакчилигини ишониб топширишган. Бир йиллик муддат охирлаган пайтда ўғлим армияда қолиб, шартнома асосида хизматни давом эттиришга қарор қилганини айтганида аввалига жавоб қайтаришга иккиланганим кечагидек эсимда. Ахир онанинг кўнгли ҳамиша болада, кўзимдан узоқлашмасин, деганманда. Жобирбек мени кўндирди. Шунга ҳам ўн беш йилдан ошибди.
Ҳаётини ҳарбийлик билан боғлаган ўғлимнинг аскарлик турмушига биз ҳам бирдек кўникиб кетдик. У билан кунда кунора ўтказиб турадиган телефон суҳбатларида хизматидаги янгиликлар, қуролдош дўстлари билан нақадар иноқлашиб кетганлиги, энг муҳими, командирларининг ишончини қозонгани ҳақидаги хушхабарлари билан кўнглимизни тоғдай кўтарар, хотиржамлигимиз ортиб, соғинч туйғуларини юмшатарди.
Самарқанд унча узоқ эмас, ҳам дийдор, ҳам саёҳат дегандек орада дадаси билан аскар боламни тез-тез йўқлаб туришни одатга айлантирдик. Уйланганидан сўнг унга беришган шинамгина хонадон келин-куёвга бирдек ёқиб тушади. Кечга томон ўғлим ишдан қайтгач ўзаро суҳбат қизийди. Орадан кўп ўтмай фарзандли ҳам бўлишди. Ҳар гал меҳмонга бориб жажжи набирамни қўлга олганимда, Жобирбекнинг чақалоқлик палласи ёдимга тушади.

Армия ҳаёти ҳам кунда бир янгилик, кўнгилни қувонтирадиган хабарларга тўла. Айниқса, касбига садоқатли, топшириқларни аъло даражада бажарадиган хизматчиларнинг меҳнати ҳамиша қадрда. Бундан икки йил аввал ўзининг танк бригадаси билан Россияда 24 давлатдан иштирок этган жанговар машина эгалари ҳарбий мусобақасида катта сержант Жобирбек ва унинг қуролдош дўстлари фахрли биринчи ўринни эгаллаб, бутун юртимизга катта шараф келтирганлиги ҳали-ҳамон кўпчиликнинг ёдида. Ўша йили Давлатимиз раҳбари фармони билан Жобирбегимнинг кўксини Шуҳрат медали безаган чоғда эса ўзимга сиғмай қувонганимни асти қўяверасиз.
Биласизми, онанинг бахти нимада? Энг аввало, фарзандларининг камоли, бахту саодатида. Дилбанди ҳаётда муносиб ўрин топиб, жамиятга нафи теккан ота, оналар кунда бир яшаради. Тўрт ўғил, бир қизни улғайтириб эл сафига қўшганимдан бахтиёрман. Жобирбегимнинг шарафли касб – юрт посбони вазифасида собит турганлиги эса ўзгача ғурур бағишлайди. Илоҳим, ўғлонлар омон, юрт тинч бўлаверсин!
Санталат ИМОМНАЗАРОВА,
Наманган вилоят Мингбулоқ тумани Қўғаликўл
маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- «Мен президентман. Мен ҳалол одамман. Мен айбсизман»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг