Одоб – фазилатларнинг безаги

12:52 17 Октябр 2024 Жамият
317 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Туманлараро қатновчи автобусга чиққан кексалардан бири «Бўш жой бормикан?» деган ўйда ён-атрофга жовдираб қаради. Бахтга қарши, барча ўриндиқлар банд, жой йўқлигидан салонда тик туриб келаётган йўловчилар ҳам анча эди.

Шунда бир аёл «Ўғлим, шу кишига жой берсангиз яхши бўларди», – дея насиҳатомуз юзланди ўриндиқлардан бирида ўтирган ўспиринга.

– Нега жой берар экан? Шопирга кира ҳақини тўлаганмиз, – терс жавоб келди ўспириннинг ортидаги ўриндиқдан.

Афтидан, бу ўша боланинг онаси эди.

Ўртада бир лаҳза совуқ сукунат чўкди. Бояги аёл ўзини босди. Гапирмади. Тўғри ҳам қилди. Акс ҳолда ўртада жанжал кўтарилиб, кайфияти тағинда бузилиши тайин эди. Қолаверса, одобли, эс-ҳуши жойида ёшлар оз эмас. Улардан бири отахонга жой бўшатиб берди. Ҳатто кечикиброқ кўриб қолибман, деган маънода узр ҳам сўраган бўлди.

Биз отаси тенги кишига ўзи тугул, фарзандининг ҳам жой беришини истамаган аёлни кузатдик. Таажжубки, унда бир кишининг кўнглини оғритганидан зиғирча афсусни сезмадик. Пинагини ҳам бузмади, десак тўғрироқ бўлади. Унда хижолат чекиш аломатидан асар ҳам йўқ эди. Ҳолбуки, шу кичик бир ҳолатдан сўнг йўловчиларнинг эътибори унга қаратилган, бу нигоҳларда одобсизларча муносабатга муносиб жавоб мужассам эди. Шунда Лев Толстойнинг «Одамнинг маънавий камолотда қай поғонага кўтарилганини нимадан уялиши ва уялмаслигидек аниқ кўрсатиб берадиган нарса йўқ», деган сўзларини эсладик.

Ўша аёл бир оғиз сўзи билан маънавий дунёқараши нечоғли эканини кўрсатди – қўйди. Бир жиҳати, шундай тор фикрли, худбин она қўлида тарбияланаётган ўспиринга ҳам ачинасан, киши. У ўзини бир лаҳза бўлса – да ўша кекса киши ўрнида қўйиб кўра олармикан? Кошкийди, қўйиб кўролса...

– Адашмасам, олтинчи синфда ўқиган чоғларимиз эди, – дея эслайди танишларимиздан бири. – Дарсга қўнғироқ чалиниб, ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ берувчи муаллимимиз синфхонамиз томон кела бошлади. Тенгдошларим шоша – пиша хонага киришди. Мен улардан сўнг кираётиб синфхона эшигини қаттиқ ёпдим – да партамга бориб ўтирдим. Муаллим кириб келди. У дарсни бошлар экан, «Ўқитувчи келаётганини кўриб эшикни ёпиш одобдан эмас», деб қўйди. Бу гап аввало менга қарата айтилганини ич – ичдан сезиб, хижолат чекдим. Шу кичик бир воқеага ҳам мана, ўттиз йилча бўлибди. Ўқитувчимнинг бу сабоғини ҳали – ҳануз унутмайман...

Отанг ўтирган уйнинг томига чиқма, деган нақл бор. Топиб айтилган гап. Шу ҳикматга ҳамма бирдек амал қилганида дунёнинг ғам-ташвишли дамлари хийла камаярмиди? Мана, қишлоқдошимиз Яндаш пиённи олиб кўринг. Салкам қирқ ёшда. Аммо бирор жойда ёлчитиб ишлаган эмас. Хотинининг ошхонада ишлаб топган пулига кўз тикиб туради. Қўлига уч – тўрт сўм кирган заҳоти улфатчилик қилади. Тун ярмида ширакайф ҳолда уйга қайтади. Тинчгина кириб ухласа – ку майли. Аммо арзимас бир баҳона топиб хотинига бақиради. Кейин ёши қайтиб қолган отасига заҳрини сочади. Қўшниларнинг тинчини бузади.

Шўрлик отаси маҳалладошларнинг кўзига тик қарай олмайди. Қандоқ ҳам қарасин? Бу ёғи «Ўзингдан чиққан бало...», деган гап бор.

Яндаш деганимизнинг ота – онаси уни эрка – тантиқ қилиб ўстирмаганида, фаҳм – фаросатли, эс – ҳушли, одобли қилиб тарбиялаш ҳақида қайғурганида, меҳнат ортидан бир парча нон топиб ейишни ўргатганида балки бундай хорликка дучор бўлмасмиди, деган ўйга борасан, киши.

Донишмандлардан бири одобга фазилатларнинг безаги, дея таъриф берган. Одобни одобсиздан ўрган, деган нақл ҳам бор. Нима бўлганида ҳам, фарзандларимизни одоб-ахлоқли, эс-ҳушли, оқ билан қорани ажратиб биладиган қилиб тарбиялашдек муҳим ишга панжа орасидан қарамайлик. Ахир, халқ мақолида бежиз айтилмаган: «Кийимига қараб кутиб олинади, ақлига қараб кузатилади».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?