Одам савдосига қарши курашишда технологиялардан фойдаланишга бағишланган халқаро тренинг
Тошкент шаҳрида 12 февраль куни «Ўзбекистонда технологиялардан фойдаланган ҳолда одам савдосига қарши курашиш» мавзусида мураббийлар учун тренинг ўз ишини бошлади.
Мазкур икки кунлик тренинг Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси, Миллий комиссия аъзоси Алишер Агзамходжаев, ЕХҲТнинг одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус вакили ва координатори Кери Жонстон, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Антти Карттунен, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Рақамли технологиялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Болалар омбудсмани вакиллари иштирок этмоқда.
Семинар-тренинг технологиялар ёрдамида одам савдосини барвақт аниқлаш, онлайн таҳдидларни таҳлил қилиш ва амалиётга йўналтирилган замонавий кўникмаларни шакллантиришга қаратилгандир.
Тадбир очилишида сўзга чиққанлар одам савдосига оид жиноятлар онлайн муҳит, виртуал платформалар ва ижтимоий тармоқлар орқали содир этилиши ҳолатлари ортиб бораётганлигига эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, халқаро можаролар, иқтисодий беқарорлик ва мажбурий миграция жараёнлари одам савдоси хавфини кучайтирмоқда. Айниқса, аёллар, болалар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ушбу жиноятнинг асосий нишонларидан бири бўлиб қолмоқда.
Тренинг дастури доирасида одам савдосининг турли босқичларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, даркнет ва рақамли молиявий инструментлар билан боғлиқ хавфлар, хавфи юқори бўлган онлайн платформаларни аниқлаш ва хариталаш, болаларга нисбатан онлайн эксплуатация ҳолатларини тергов қилиш масалалари бўйича машғулотлар ташкил этилади.
Машғулотлар интерактив форматда, амалий кейслар ва симуляцион машқлар асосида олиб борилади. Шунингдек, мураббийлар тайёрлаш форматида ўқитиш методикалари, модулларни таълим жараёнига интеграция қилиш ва замонавий педагогик ёндашувлар бўйича ҳам алоҳида сессиялар ўтказилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг