Одам савдоси: аксарият айбдор ҳам, жабрланганлар ҳам аёллар

10:33 30 Октябр 2025 Жамият
141 0

Одам савдоси – янги асримизнинг энг катта муаммоларидан бири сифатида мамлакатимизда ҳам минглаб кишиларнинг саломатлиги, тақдири ва ижтимоий эркинлигига таҳдид солиб турибди.

Мазкур масала Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Навоий вилояти ҳудудий комиссиясининг жорий йил тўққиз ойи мобайнида амалга оширган ишлари ва келгусидаги вазифаларига бағишланган йиғилишида муҳокама этиларкан, ҳудудда унга қарши муросасиз кураш, фуқароларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ишчи ходимларни меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган йили 2023 йилга нисбатан одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда аёллар иштироки, мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари камайганлиги бу борада олиб борилган тадбирлар ўз самарасини бераётганлигини ифода этмоқда.

Бироқ шу давр ичида одам савдоси билан боғлиқ мурожаатлар, чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг ортганлиги ушбу йўналишлардаги тадбирлар самарадорлигини янада оширишни тақозо этади.

— Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда айбланган шахсларнинг саксон фоиздан ортиғини аёллар ташкил этиши сақланиб қолмоқда, — дейди вилоят ички ишлар бошқармаси одам савдоси қарши курашиш бўлинмаси бошлиғи Хуршид Пўлатов. — Кўриниб турибдики, аёллар нафақат асосий жабрланган шахслар, балки жиноятчи деб топилаётгани, чақалоқ савдоси бўйича ҳам жиноят ишларида асосий актор сифатида боланинг онаси яъни аёллар жиноятчи деб топилаётганлиги ушбу йўналишлардаги ишлар натижадорлигини оширишни тақозо этади.

Комиссия йиғилишида одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишнинг аҳволи, тарғибот ташвиқот тадбирларининг самарадорлиги ошириш, муносиб меҳнат шароитларини ўрганиш бўйича натижалар муҳокама этилди.

Шунингдек, соҳада амалга оширилиши керак бўлган ишлар, ҳудудий комиссия ва уларнинг аъзолари билан одам савдоси ва муносиб меҳнат масалалари нафақат бир давлат ҳудуди, балки трансмиллий хусусияти ва бошқа комплекс жиҳатларидан келиб чиқиб, бу йўналишга алоҳида эътибор қаратиш бўйича топшириқ ва тавсиялар берилди.

Йиғилишда Миллий комиссиянинг Навоий вилоятига бириктирилган аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова иштирок этди.

Темур ЭШБОЕВ,

“Халқ сўзи“.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?