Очиқлик ва шаффофлик янги доимий комиссия назоратида

12:22 03 Ноябрь 2021 Жамият
783 0

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятида очиқликни таъминлашга доир қонун ҳужжатлари ижросини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси  ҳамда маҳаллий Кенгашларда  ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия фаолияти йўлга қўйилди.

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашида ташкил этилган доимий комиссияси йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқарув фаолияти очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг жорий йил 16 июндаги  “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Фармони ижроси таҳлил қилинди.

 - Очиқлик ва ошкоралик сиёсатини таъминлаш жамиятимиз ҳаёти учун нақадар муҳимлигини  қисқагина фаолиятимиз давомида  чуқур ҳис қилдик,- дейди доимий комиссия раиси Эркин Тўхтаев. – Шу йил август ойида ташкил этилган доимий комиссиямиз  вилоятдаги 34  давлат органи ва ташкилот билан иш олиб бормоқда. Йиғилишда уларнинг ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларини очиқ маълумотлар портали ҳамда ўзларининг веб-сайтларида  жойлаштирилиши бўйича ҳисоботлари тингланди.

Таъкидланганидек, бюджет ва  бюджетдан ташқари  жамғармалар маблағларидан фойдаланиш, ўтказилган танловлар, тендерлар ва  олинган товарларни етказиб бериш тўғрисидаги ахборот, хизмат сафари ҳамда меҳмонларни кутиб олишдан тортиб кузатиб қўйгунгача бўлган харажатлар очиқ маълумотлар портали ва тегишли веб-сайтда қўйилишига ҳамма ташкилот ва идоралар ҳам эришаётгани йўқ.Сабаби бундай очиқлик ва ошкораликка  давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳаммаси ҳам тайёр эмаслиги кўзга ташланиб қолди. Бинобарин, очиқлик ва шаффофликка эришиш коррупция ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

 

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи".

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер