Обуна уюштирганликда айбланиб, ишдан олинган мактаб директори ўз вазифасига қайта тайинланди
Иллюстратив фото
Шу йилнинг 11 февралида Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати Янгийўл туманидаги 10-мактаб директори Шавкат Ризаев мажбурий обунага йўл қўйгани учун лавозимидан бўшатилгани ҳақида хабар берган эди.
Жумладан, ахборотда 10-мактаб ўқитувчиларининг обунага мажбурланганлик ҳолати ўрганилгани, мактаб директори ҳар бир педагог ходимга жорий йил январ ойи учун иш ҳақини нақд пул кўринишида олишини маълум қилгани, уларни обунага мажбурлагани ва бу ҳаракатлари билан ўз лавозим мажбуриятларини бузгани таъкидланган. Натижада Тошкент вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг буйруғига асосан директор билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган...
Яқинда таҳририятимизга ишдан бўшатилган директор лавозимига қайта тиклангани ҳақида хабар келди. Аммо бу гал Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотни расман эълон қилмади. Савол туғилади, мактаб директори аслида айбсизмиди? Унда нега у ишдан бўшатилди?
Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида Янгийўл туманидаги 10-мактабга бордик. Ҳақиқатан ҳам, Шавкат Ризаев 25 март куни мактаб директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланибди.
“Мен ҳеч кимни газета-журналларга обуна бўлишга мажбурламагандим, — дейди Шавкат Ризаев. — Аслида воқеа бошқача бўлган. Хабарингиз бор, Президентимизнинг ташаббуси билан ўқитувчилар нуфузини ошириш мақсадида улар жамоат ишларидан озод қилинди, ортиқча қоғозбозликка барҳам берилди ва мажбурий обуна тақиқланди. Халқ таълими вазирлигининг саъй-ҳаракати билан бу вазифалар ижроси таъминланмоқда. Аммо тажрибамда кўрдимки, ижро ходимларининг ўзлари ислоҳотлар моҳиятини тўлиқ тушуниб етишмаган...
Ўша воқеага тўхталсам. Жамоамизда навбатдаги йиғилиш ўтказилди. Унда обуна масаласи ҳам кўтарилди. Мен мажбурий обуна тақиқланганини, агар кимда-ким хоҳласа, ихтиёрий тарзда ўзи истаган газета-журналга обуна бўлишини билдирдим. Шундан сўнг аксарият педагоглар бирор нашрга бир киши якка ҳолда обуна бўлиши моддий жиҳатдан оғирлик қилишини, шу сабаб, ўзаро келишиб, ойлик иш ҳақларидан фақат таълим нашрларига ёзилишини айтишди. Мен ҳам рози бўлдим. Ҳисобласак, таълим нашрлари — “Маърифат” газетаси, “Бошланғич таълим”, “Халқ таълими”, “Мактабда кимё”, “Педагог минбари”, “Мактабда биология”, “Синф раҳбари”, “Информатика ва математика” журналлари обунасига бир миллион сўм атрофида маблағ керак бўларкан. Бу декабр ойидаги гап. Январда ўқитувчилар ўз ихтиёри билан ойлик иш ҳақидан 26 минг сўмдан йиғди. Аммо пулни мен қўлимга ушламаганман.
Бир неча кун ўтгач, ур-тўполон бошланди. Мени бошқармага чақиришди. Бошқарма бошлиғи хонасида Халқ таълими вазирлигининг ходими Отабек Ибрагимов мен билан суҳбатлашди. Бўлган ишларни айтдим. Аммо вазирлик мутахассиси мени тушунишни хоҳламади. “Сен Президент топшириғини бажармагансан. Ҳатто мактабда ишлашга ҳам нолойиқсан”, деди. Шундан сўнг ёзма тилхат олиб, кетишга рухсат берди. Уларнинг талабига кўра, мактабга келиб, зудлик билан хонамни бўшатдим. 10 соат дарс беришларини илтимос қилдим. Бу илтимосим инобатга олинди. Кейин феврал ойида ОАВда Халқ таълими вазирлигининг ахбороти эълон қилинди. Маҳалла-кўй, қавм-қариндошлар олдида юзим шувут бўлгани етмагандек, энди бутун республикага ёмонотлиқ бўлдим. Наҳотки, умримни, ҳаётимни ўқитувчилик касбига бахш этсаму, эвазига топганим шу бўлса, деб қон йиғладим.
Мактабга 2006 йили директор бўлганман. Ўшанда аҳвол жуда ачинарли эди. 315 ўринли бинода сифатли таълим олиш учун шароит етишмасди. Спорт зали йўқ эди. Директор бўлиб иш бошлаган илк кунларимданоқ, мана шу муаммоларга ечим қидира бошладим. Вилоят халқ таълими бошқармасига ойлаб қатнадим. Ниҳоят, мактабимиз 2016 йилги Инвестиция дастурига киритилди. Қурилишни “Чиноз ПМК-33” қурилиш корхонаси олиб борди. Янги ўқув йилига оз вақт қолганди. Шу боис, қурувчилардан илтимос қилиб, ишни икки сменада ташкил этдик. Миннат эмасу, уларнинг кечки таомини ҳам ўз ҳисобимдан қилдим. Кечалари қурувчиларга кўмаклашдим. Мақсад қурилиш ишларини янги ўқув йилигача тамомлаш эди. Минг шукр, ҳаракатларимиз бесамар кетмади. Белгиланган муддатда қурилиш якунига етгач, мактабни тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси пайдо бўлди. Бу мураккаб иш катта маблағ талаб қиларди. Чунки қишлоғимизда ичимлик сувининг ўзи йўқ эди. Қолаверса, мактабни ичимлик суви билан таъминлаш Дастурга киритилмаган экан. Қурилиш корхонаси раҳбари Аҳмадали Худойберганов билан маслаҳатлашиб, муаммога ечим қидирдик. У ҳам мард инсон экан. Гарчи бу иш учун маблағ ажратилмаган бўлса-да, мактаб учун ёрдам қилди. 110 метр чуқурликдан тоза ичимлик суви чиқариб берди. Бунинг учун, адашмасам, 70 миллион сўм сарфланди. Камига маҳалла фуқаролар йиғини ҳам кўмаклашди. Ниҳоят, мактабимиз тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бундан қишлоқ аҳли ҳам хурсанд бўлди. Ҳозир улар ҳам шу қудуқдан фойдаланади.
Бошимга оғир ташвиш тушганда, меҳнатларимни жамоамиз қадрлади. Улар мени ёлғизлатиб қўймади. Ҳатто ўқувчилар, маҳалла аҳли ҳам мени ҳимоя қилди.
Шу кўнгилсизликдан кейин ён-атрофдаги мактаб директорлари менга қўнғироқ қилиб, қайси газета-журналларга обуна “уюштирилгани”ни сўради. Фақат таълим нашрларига эканини айтганимдан кейин улар ҳам қўрқиб, шу нашрлар учун обунага тарғиботни тўхтатишди...
Мутасаддиларнинг ноҳақ қароридан норози бўлган мактаб жамоаси асл воқеани баён этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербоевга, Президент Админстрациясига мурожаат йўллади:
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги қарорига кўра, мажбурий обуна тақиқланган. Шу боис, биз ўз хоҳишимизга кўра, педагог ходимлар учун методик қўлланма сифатида ҳамда таълимдаги янгиликлардан хабардор бўлиш мақсадида 2018-2019-йил учун 8 номдаги, жумладан, “Маърифат” газетаси, “Бошланғич таълим”, “Халқ таълими”, “Мактабда кимё”, “Педагог минбари”, “Мактабда биология”, “Синф раҳбари”, “Информатика ва математика” журналларига педагогик жамоа розилигига кўра, ҳар бир ходимдан 26000 (йигирма олти минг) сўмдан йиғиб, обуна бўлдик. Ўз хоҳишимизга кўра обуна бўлсак-да, 2019 йил 17 январ куни мактаб директори Шавкат Ризаев педагог ходимлардан обунага мажбурий тартибда пул йиғишда айбланиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Ризаев Шавкат Рихсибоевич 2006 йил 12 сентябрда мактаб директори этиб тайинланган. 2006 йили таълим муассасасида ўқувчилар сони 353 нафарни ташкил этган.
2016 йили мактаб директорининг саъй-ҳаракати билан қайта қурилди. Ўқувчилар сифатли таълим-тарбия олиши учун барча шароитлар яратилган. Ҳозирги кунда таълим муассасасида ўқувчилар сони 655 нафарни ташкил этади. Мактабимизда қамров кундан кунга ошиб бормоқда.
10-мактаб жамоаси ўз хоҳишимизга кўра, педагог ходимлар учун методик қўлланма сифатида ҳамда таълимдаги янгиликлардан хабардор бўлиш мақсадида обуна бўлсак, мактаб директорининг эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши тўғрими? Ҳозир педагогик жамоа ҳамда ота-оналар, ўқувчилар тушкун кайфиятга тушиб қолган”.
Бу мурожаатга мактабнинг 34 нафар ўқитувчиси имзо қўйган. Натижада ҳолат ўрганилиб, директорга қўйилган айб исботланмагач, у ишига тикланди.
Мавзу юзасидан педагогик жамоа аъзолари фикри билан ҳам қизиқдик.
Назира Толипова, география фани ўқитувчиси:
— Ўз хоҳишимиз билан зарур нашрларга обуна бўлганмиз. Ҳеч ким бизни мажбурламаган. Аксинча, таълим нашрлари фаолиятимизда жуда зарурлигини айтганмиз. Яна бизда рус тили ўқитувчилари “Учитель Узбекистана” газетасига обуна бўлишарди. Шу газетадан дарсларида фойдаланишарди. Ҳозир улар ҳам нима қилишга ҳайрон. Оддий дарс ишланма, очиқ дарс, методик тавсиялар, таълимга оид янгиликларни қаердан олишни билмаяпмиз. Интернетдан фойдаланишга ҳамманинг ҳам имконияти йўқ. Қизиғи, директорни айблаганлар “У мажбурий обунага йўл қўйдими?”, деб биздан сўрамади ҳам. Директор ишдан бўшатилгандан кейин ота-оналар ҳам эътироз билдирди. “Ахир, шикоят бўлса, у аввал ўрганилади, икки томон ҳам тингланади. Нима учун мактабда бўлиб ўтган ҳолатни ҳеч ким ўрганмай, сизлардан сўрамай, қарор чиқарди?!”, дейишди.
Шарифа Мирбобоева, ўқитувчи:
— Ҳар бир ўқитувчи таълим нашрларига обуна бўлиши керак. Аммо бу йил шу имкониятдан маҳрум бўлиб ўтирибмиз. Биргалашиб ёзилгандик, обунамизни бекор қилиб юборишди. Бу воқеа ўқувчиларнинг руҳиятига ҳам салбий таъсир қилди. Мисол учун, 2018 йили 10-синф ўқувчиси Амирхон Нишонов чизмачилик фанидан фан олимпиадасининг республика босқичида қатнашганди. Шунингдек, ўқувчиларимиз инглиз тили, математика фанидан туманда 1-ўринни олиб, вилоятда иштирок этганди. Бу йил эса бирорта ўқувчи туманда ҳам яхши қатнашмади. Бу танловлар на ўқитувчиларнинг, на ўқувчиларнинг кўнглига сиғди!
Суҳбат давомида ўқитувчилар шу воқеадан кейин таълим нашрларининг обунаси учун йиғилган пуллар қайтариб берилганини таъкидлашди. Ачинарлиси, барча муаллимлар таълим нашрларига ўзлари хоҳлаб обуна бўлишни исташса-да, газета-журналларсиз қолишибди.
Мактаб ўқитувчиларининг биздан сўрагани шу бўлди: “Мажбурий обуна тақиқланди. Бундан қувондик. Аммо бизга зарур бўлган матбуот нашрларига ўз ихтиёримиз билан пул йиғиб, обуна бўлайлик, десак бизни жазолашди. Мажбурий ва ихтиёрий обуна аслида нима эканини бизга тушунтириб беринг!”.
Педагогларнинг бу саволига Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари аниқлик киритишини сўраб қоламиз.
Таҳририятдан: Афсуски, бу шу масала бўйича биринчи ва охирги ҳодиса эмас. Қўлимизда яна бир неча мурожаат турибди. Ҳозир улар ўрганилиш жараёнида...
“Маърифат” газетасидан олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
- Пойтахтга автомобиллар киришига ҳеч қандай тақиқ йўқ — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг