Обод маҳаллалар кўпаймоқда

17:13 31 Январь 2025 Жамият
152 0

Рустам НУРМАТОВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда маҳалла тизимини ислоҳ этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда замонавийлашаётган маҳаллалар кўпаймоқда. Жиззах вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев Пахтакор туманида бўлиб, аҳолини қийнаётган муаммолар, тизимда бўлаётган ўзгаришларга муносабатлари, қандай, нима қилсак маҳалла нуфузини янада ошириш мумкинлиги, маҳаллаларда бажарилиши лозим бўлган энг долзарб вазифаларни белгилаб берганди.

Шундан кейин аҳоли бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини яратиш орқали кўп оилалар камбағалликдан чиқарилмоқда. Аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга кредит ҳамда субсидиялар олишда ҳамда замонавий асбоб-ускуналар ва мини-технологиялар топишда кўмаклашилмоқда. Бундан Самарқанд маҳалласидаги аҳоли мамнун. Хусусан, маҳалладаги 36 та икки қаватли уйларнинг аксариятида таъмирлаш ишлари ўтган йили бошланганди. Аммо тўртта уйнинг олд кўриниши таъмирланмай қолганди. Айни пайтда ушбу уйларнинг фасад қисми сувоқдан чиқарилмоқда. Ноқонуний қурилган ёрдамчи бинолар олиб ташланиб, маҳаллий шароитни ҳисобга олган ҳолда аҳоли учун тандирхона ва санитария бинолари қурилиши кўзда тутилган.

Маҳаллада мактаб ёшигача бўлган болалар учун 7 та ўйин майдонлари қуриш ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

— Маҳалламиз янада обод бўлаётганидан хурсандмиз. Ободонлаштириш ишларида аҳоли истаклари эътиборга олинмоқда. Ҳар иккита уй ёнидан ҳашар йўли билан тандирхона қурилмоқда, – дейди Самарқанд маҳалласи раиси Абдусамад Фармонов. — Тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш шохобчалари, ишлаб чиқариш корхоналари қуриш, боғ яратиш учун ер майдонлари ажратилмоқда.

Айниқса, маҳаллани яшиллаштириш, боғ ва хиёбонлар барпо этилишига алоҳида эътибор берилмоқда. Маҳалла ҳудудидан ўтган каналдан сув чиқариб, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш имконияти борлигини ҳисобга олган бунёдкорлар ҳозирдан хонадонлар ёнига, кўчалар бўйига ва хиёбонлар ташкил этилиши мўлжалланган ерларга манзарали дарахт кўчатлари экмоқда. Бундай хайрли ишлар “Сувонобод” маҳалласида ҳам бўй кўрсатмоқда. Аҳоли мурожаатидан кейин “Лолазор” кўчасининг 400 метрига шағал ётқизилиб текисланди. Ҳашар йўли билан ариқлар тозаланмоқда. “Деҳқон бозори” атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Туманда қабристонларни тозалаб, тартибга келтириш, кўчатлар экиш ва дарахтларга шакл бериш ишларига ҳам катта аҳамият берилмоқда. Боғишамол маҳалласи ҳудудидаги “Қорамирзаота” қабристонида ташкил этилган халқ ҳашари эътирофга лойиқ.

“Дилором” маҳалласида 962 та хонадон уйма-уй юриш орқали “Маҳалла еттилиги” томонидан тўлиқ хатловдан ўтказилди. 186 та муаммоси йўқ 558 та моддий шароитини яхшилашга муҳтож, 215 та ўрта шароитда яшаётган, 3 та ўта оғир шароитда яшаётган оила мавжудлиги аниқланди. Улар хонадонларидаги ҳолат ўрганиб чиқилди. Ҳозирги пайтда 27 та кўчалардан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш йўлга қўйилди. 850 та ноқонуний қурилмаларнинг 63 таси бартараф этилди. 0,8 км узунликдаги ариқлар тозаланиб, 1250 тонна чиқиндилар ташиб кетилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?