«Обод хонадон» соҳибига қуёш батареялари ўрнатиб берилади

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Олтиариқнинг олис ҳудудлари сирасига кирувчи «Азимобод» маҳалласи кейинги йилларда туманнинг энг обод ва файзли гўшасига айланиб бормоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида маҳалладаги ички йўллар тўлиқ асфальтлаштирилди, ичимлик ва оқава сув тармоқлари янгиланди. Мактабгача таълим ташкилоти биноси замонавий мезонлар асосида таъмирдан чиқарилиб, ўнлаб янги хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари бунёд этилди. Айни пайтда маҳаллий бюджет маблағи ҳамда маҳалла аҳли ҳомийлиги асосида ҳудуддаги мактаб учун қўшимча бино қурилмоқда.
Эътиборлиси, бу каби хайрли ишларнинг ташаббускори, энг аввало, азимободликларнинг ўзи бўлиб, маҳалланинг меъморий қиёфаси янгиланди, ҳар бир оила муқим иш ўрни ва даромад манбаига эга бўлишига эришиляпти.
«Азимобод» маҳалласида истиқомат қилувчи Худойберди Қодировни ҳамқишлоқлари миришкор деҳқон сифатида ҳурмат қилиши бежиз эмас. Боиси она замин билан тиллашиш ва диллашиш ҳадисини олган ушбу оила аъзолари йилнинг тўрт фаслида ҳам томорқа юмушлари билан банд бўлади.
— Унумли фойдаланишни билганга ер хазина, — дейди хонадон соҳиби. — Оиламиз биргаликда меҳнат қилиб, 10 сотих томорқадан йилига ўртача 200 миллион сўм даромад оламиз. Турли кўкатлар, қулупнай, картошка, бодринг, помидор етиштириш орқали йил давомида каттаю кичикнинг бандилиги таъминланади.
Табиийки, узумчилик оиланинг асосий даромад манбаи ҳисобланади. Хонадонда етиштириладиган «Ризамат», оқ ва қора рангли «Келинбармоқ» навли узумлар жуда ҳам серҳосил ва харидоргир.
Худойберди ака ўзи яшайдиган кўча яқинидан ўтган поезд йўли четидаги ўзлаштирилмаган ерларни ҳам узумзорга айлантирган. Ҳозир кунда ушбу узумзор ҳам мўл ҳосил беради. Бундан ташқари, томорқаси атрофидаги бўш ерда узум кўчатлари ўстириб сотади.
Бу оила аъзоларининг ерга меҳри бесамар кетмади. Яқинда улар «Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла» республика кўрик-танловида «Обод хонадон» номинацияси ғолиби сифатида эътироф этилди. Худойберди ака ва турмуш ўртоғига санаторийда дам олиш учун имтиёзли йўлланма ажратилиб, хонадонга 40 миллион сўмлик қуёш батареялари бепул ўрнатиб бериладиган бўлди.
— Меҳнат қилган элда азиз деганлари шу бўлса керакда, — дейди Худойберди ака. — Бундай эътибор ва рағбат бизни янада ғайрат-шижоатга ундайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг