Ноёб Бухоро жайронлари

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро ихтисослаштирилган «Жайрон» питомниги Қизилқум чўлининг жануби-ғарбий қисми, Қарнабчўл массивида жойлашган. Ҳудудининг умумий майдони 16 минг 522 гектар. Шунинг 5145 гектарини сим тўсиқ билан ҳимояланган ҳудуд ташкил этади. Бу ерда қушларнинг 257 тури, сутэмизувчиларнинг 36, балиқларнинг 15, судралиб юрувчиларнинг 18, сув ва қуруқликда яшовчиларнинг 2 тури учрайди. Умуртқалиларнинг 57 тури ноёб саналади. Умуртқасизларнинг 700 га яқин турини учратиш мумкин.
Питомник фаунаси хилма-хил. Асосий ҳудудда кўпайтирилаётган жайрон, қулон, Бухоро тоғ эчкиси ва пржевал отларидан ташқари, калтакесак, бўз эчкемар, илонларнинг бир неча тури, чўл тошбақаси, тулки, тўқай мушуги, қамиш мушуги, катта қарқара, сақоқуш, ўрдак, қора тасқара, чўл бургутлари бор.
— Зиммамизга юклатилган асосий вазифа айрим ноёб ҳайвон турларини сақлаш, тиклаш, кўпайтириш, уларнинг биологиясини ўрганиш, табиий хилма-хилликни асраш, экологик таълим ва туризм ҳисобланади, — дейди питомник раҳбари Жамшид Ҳошимов. — Узун игнали кирпи, митти қўшоёқ, туркман қулони, превал оти, Бухоро хонгули, Бухоро тоғ қўйи кабилар «Қизил китоб»га киритилган. Бу рўйхатда жайронлар ҳам бор. Сўнгги ҳисоб-китобларга қараганда, масканда 850 тагача жайрон яшаяпти.
Уларнинг ёввойи табиат қўйнида эркин юрганини кўриш мароқли. Питомникда бизга саксовулзору юлғунзорлар оралаб чамаси 10-15 чақирим масофада саёҳат қилиш имкониятини яратиб беришди. Жайронлар табиатан ҳуркак. Шарпани олисдан сезган заҳоти ўзларини хавфсиз жойга олиб, атрофни ҳушёрлик билан кузатишди. Айтишларича, улар 500 метр масофани шамолдек елиб, бир зумда босиб ўтади. Кейин нафас ростлаб, йиртқич ҳайвонлардан халос бўлиш, из йўқотиш ниятида ўзидан ғалати бир ҳид таратади. Тўғри, питомник ҳудудида бўрилар йўқ. Лекин ёввойи табиат қўйнида ҳар қандай жониворнинг кушандаси учраб туради. Шоқол ва тулкилар шулар жумласидан.
Жайронлар гуруҳларга бўлинган ҳолда юради. Боласига меҳр-оқибатли. Дейлик, туғиш даврида саксовулзорларни тарк этиб, атайлаб яйдоқ далага келади. Негаки, бу кимсасиз жойлар хийла бехавотир. Ён-атрофни синчковлик билан кузатиш учун қулай. Улар шу тариқа ҳали дунёнинг не-не кўргиликлари борлигидан бехабар ожиз ва нотавон болаларини кўз қорачиғидек асрайди. Уларни бешафқат шоқолу тулкилар ҳамласидан ҳимоя қилади. Жайронларнинг ўз болалари тинчини, ғамини ўйлаганини кўриб, табиат деб аталмиш буюк мусаввирга таҳсин айтгинг келади. Не ажабки, дунёдаги ҳамма оналар тинчлигу хотиржамликни, фарзандининг бахту иқболини ҳар нарсадан афзал билади.
Сирасини айтганда, дунё бўйлаб экологик муаммолар юзага қалқиб чиқаётган, иқлим ўзгаришлари рўй бераётган паллада ҳеч бир жонзотга осон тутиб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан давлатимиз томонидан мазкур питомникнинг ташкил этилгани, ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш учун зарур шароитлар яратилгани эътиборга лойиқ.
— Питомникда ўз касбининг фидойилари ишлайди, — дейди экология соҳаси фаолларидан бири Жаҳонгир Шарипов. — Биласиз, бу ерда ёз ўта иссиқ, қиш совуқ келади. Қишнинг қирчилламасида питомник ходимларининг совуқдан азият чекаётган жайрон болаларини бағирларига босиб озиқлантиришгани, уларни соғ-саломат оналари бағрига қайтаришгани гувоҳиман.
Биз бепоён ҳудудда жайронлар учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани шоҳиди бўлдик. Кимсасиз саксовулзору инсон қадами етмагандек туюладиган яйдоқ қирларда улар учун махсус овқатлантириш жойлари барпо этилган. Қизиғи, бу гўшалар шундай қилинганки, уларга фақат жайронларгина кира билади. Йиртқич ҳайвонлар улар ризқига шерик бўлолмайди.
Питомник ҳудудидаги Ўрдакли кўли атрофидан ўтарканмиз, жайронларнинг навбатдаги галасига кўзимиз тушди. Улар одатдагидек, ўта сезгирлик билан бехавотир жойларни мўлжал олиб шамолдек югуриб кетаётганди. Табиатимизнинг ажралмас бир бўлаги саналган бу нозик ва камёб жониворларга қарата беихтиёр, «Бор бўлинг, омон бўлинг» дегинг келади!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг