Норинда интенсив усулда балиқ етиштириш тажрибаси ОАВ нигоҳида

17:14 03 Ноябрь 2025 Жамият
250 0

Наманган вилояти ҳокимлиги, Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси ҳамкорлигида Норин туманида пресс-тур ташкил этилди. 2025 йил 16-17 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятига ташрифи давомида танишилган объектлар: интенсив усулда балиқ парваришлашнинг афзалликлари мавзусидаги медиа тадбирда республика ва маҳаллий ОАВ ходимлари, журналист ва блогерлар иштирок этди.

Анжуман иштирокчиларига маълум қилинишича, жорий йил сентябрь ойига қадар туманда жами қиймати 40.0 млрд. сўмлик 200 га яқин ҳовузларда интенсив усулда форель етиштириш лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилди.

— Лойиҳа ташаббускорларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётган тижорат банклари томонидан уларга 25,0 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди, — дейди Марказий банкнинг Наманган вилоят бош бошқармаси бошлиғи Бекзод Сулаймонов. — Ушбу лойиҳалар асосан давлат-хусусий шериклик асосида мелиоратив тик қудуқлар атрофида ва аҳоли хонадонларида ижросини топмоқда. Ишлар “кооперация” усулида амалга оширилган бўлиб, бунда йирик кластер сифатида “Fishville Norin” корхонаси иштирок этаётир. Умуман олганда, айни соҳада бошланган кенг кўламли тадбирлар натижаси билан 2000 тоннадан кўпроқ парҳезбоп балиқ гўшти етиштириш имконияти яратилади.

Пресс-тур қатнашчилари дастлаб аҳоли хонадонларида форелни ҳовуз усулида парваришлаш жараёни билан яқиндан танишди. Лойиҳа доирасида бир хонадонда ўртача 1,6-1,8 тонна атрофида балиқ етиштирилади. Дастлаб донаси 250-300 грамм бўлган жами 1 000 дона чавоқлар ташланади. Етиштирилган балиқдан ўртача ойлик даромад 50-60 млн. сўмни ташкил этиши синовдан ўтган. Журналист ва блогерлар, шунингдек, “Fishville Norin” корхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, “кооперация” усулида амалга оширилаётган балиқчилик тармоғи ҳақида маълумот олди.

Медиа тадбир доирасида мавзу бўйича ижтимоий тармоқлар, ОАВлар учун 10 дан ортиқ лавҳа ва кўрсатувлар, видеороликлар тайёрланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?