Норин туманида жамоатчилик кутубхонасининг янги биноси фойдаланишга топширилди

13:01 15 Декабрь 2025 Жамият
266 0

Норин туманидаги Саодат маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳаммадамин Абдуллаев бадиий адабиётнинг чинакам ихлосмандларидан бири. Асли касби темирчилик бўлган бу фидойи инсон ўзи тўплаган, катта қисмини мутолаа қилган китобларидан бошқалар ҳам баҳраманд бўлишини истаб, бир неча йил аввал маҳалласида жамоатчилик кутубхонасини барпо этган эди.

Вақт ўтиши билан китоб жамғармаси ҳам, мутолаага ошно инсонлар сони ҳам ортиб, мавжуд бино торлик қила бошлади. Шундан сўнг у зиё масканини ўзи истиқомат қилаётган ҳовлига кўчиришга қарор қилди. Оила аъзолари билан келишилган ҳолда барпо этилган янги ва кенг иншоот яқинда тўлиқ қуриб битказилди. Унда қадриятлар музейи, миллий ҳунармандчилик хонаси ҳамда қирқ нафарга яқин китобхонга мўлжалланган мутолаа зали жойлашган.

Куни кеча меҳнат фахрийси Муҳаммадамин Абдуллаевнинг хонадондаги ушбу янги зиё масканининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда китобхонлар, маҳаллий ҳокимият идоралари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, маърифат тарғиботчисининг эзгу ташаббусини самимий олқишладилар.

— Фаолиятим давомида турли мамлакатларнинг нуфузли кутубхоналарида бўлганман. Ҳар бирининг ўзига хос архитектураси, муҳити ва жозибаси бор, — деди маросимда иштирок этган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбари Умида Тешабоева. — Бироқ Нориндаги ушбу маскан мен учун ўша ҳашаматли кутубхоналардан ҳам кўра юксак маънавий қийматга эга. Чунки бу ерда китобга хизмат билан бирга ўзбекона лутф, меҳмондўстлик ва инсон қалбига илиқлик улашувчи файз бор. Нозик деталлар, шинам муҳит, китобларнинг жойлашуви — буларнинг барчаси уй кутубхонасига хос самимиятни намоён этади. Гўё оддийлик бағрида улуғворлик яширингандек.

Янгиланган «Халқ кутубхонаси» эшикларини очган куниёқ тадбир иштирокчилари томонидан унга 1000 дан ортиқ бадиий адабиётлар совға қилинди. Маросим якунида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбари томонидан Муҳаммадамин Абдуллаев «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер