Никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилди

17:45 20 Ноябрь 2020 Сиёсат
247 0

 

Олий Мажлис юқори палатасининг тўққизинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала – никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Жорий 6 ноябрь куни Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳага оид долзарб муаммолар кўтарилиб, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида мутасаддиларга муҳим топшириқлар берилганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсати аниқ мақсадларни кўзлаб, босқичма босқич, комплекс чора-тадбирларга асосланган ҳолда давом эттирилиши баробарида, биринчи навбатда, соғлом она – соғлом бола тамойилини амалда таъминлаш учун барча чораларни кўриш, фарзандларимизни турли хил касалликлардан асраб-авайлаш, уларнинг саломатлигини ҳар нарсадан афзал билиш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, инсоннинг 3 ёшидан 22 ёшигача бўлган даврида давлат тарафидан таълим ва саломатликка йўналтирилган инвестиция 19-22 баробар кўп бўлиб қайтар экан.

Ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида, аввало, бўлғуси ота ва оналар саналган никоҳланувчи йигит-қизларнинг репродуктив саломатлиги муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимизда ҳар йили ўртача ҳисобда 300 мингдан зиёд никоҳ қайд этилаётган бўлса, 600 мингдан ортиқ киши никоҳ олди текширувидан ўтади.

Никоҳдан ажралишлар сони ёшлар орасида барқарор ўсиб бориб, 2015-2019 йилларда жами 29,3 мингтадан 31,4 мингтагача ошди. Оилавий ажралишларнинг сабаблари ўзаро шахсий муносабатлардаги келишмовчиликлар, бепуштлик, ногирон болалар туғилиши, эр ёки хотиннинг сурункали касаллиги билан ҳам боғлиқ.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги айрим камчиликлар, ёшларнинг тиббий маданияти даражаси етарли эмаслиги сабабли 2019 йилда 3357 нафар, 2020 йилнинг 6 ойи давомида 4075 нафар бир ёшгача гўдаклар ўлими қайд этилган. Бу ҳолатга ирсий касалликлар ҳамда яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳ ҳам сабаб ҳисобланади.

Айнан шундай вазиятларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Шу мақсадда 2003 йил 23 августда Ҳукуматнинг «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 365-сонли қарори қабул қилинган.

Бироқ никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан ўтишдаги тизимли муаммолар мавжудлиги, ёшларнинг муносабати жиддий эмаслиги, тиббий кўриклар формал ўтказилиши, шифохоналарда тегишли мутахассислар ҳамда моддий-техника базаси етарли эмаслиги келгусида оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳамда туғилаётган фарзандлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти томонидан 2019 йил республиканинг 8 та ҳудудида 842 нафар респондент иштирокида никоҳгача бўлган тиббий кўрик юзасидан ўтказилган сўров натижалари ҳам соҳадаги муаммоларни яққол кўрсатди.

Сўров натижаларига кўра респондентларнинг 88,1 фоизи ўз хоҳиши билан тиббий кўрикдан ўтишини, қолган қисми касалликларни тўлиқ аниқлай олмаслиги сабабли тиббий кўрикдан ўтиш истаги йўқлигини билдирган. Иштирокчиларнинг 80 фоизи тиббий кўрикдан қатор муаммолар билан ўтганлигини, хусусан, 42,5 фоизи тиббий кўрик жуда кўп вақт олишини маълум қилган.

Жумладан, тиббиёт ходимларининг масъулияти етарли эмаслиги ва уларнинг малакаси талаб даражасида эмаслиги, тиббий кўрикка оид айрим касалликни яшаш жойи бўйича ўтиш имконияти йўқлиги, шунингдек, айрим ҳолларда коррупцион ҳолатлар мавжудлиги каби муаммолар айтиб ўтилган.

Сенаторлар томонидан никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда холислик ва сифати устидан назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, тиббий кўрикни ўтказишда ҳудудийликка амал қилиш, никоҳланувчиларга тиббий-генетик ва репродуктив саломатликка оид масалаларда бепул маслаҳатлар бериш, шифокорлар ва ФҲДЁ органлари ходимларининг масъулиятини ошириш, кўрикдан ўтказиш бўйича тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар фаолиятини мониторинг қилувчи ягона ташкилотни белгилаш таклифлари илгари сурилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақида Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?