Нега германиялик меннонитлар хонадонида Хива хони Ферузнинг сурати осиб қўйилар эди?!

13:29 15 Февраль 2021 Жамият
1684 0

Ўн тўққизинчи асрнинг охирги ўн йилликларида Хива бозорида бақлажон, помидор, бодринг жуда ҳам харидоргир бўла бошлади...

Сайёҳлар узоқ навбатда туриб эсдалик учун суратга тушарди...

Меннонит усталар ишлаган эшик-ромлар, мустаҳкам иморатлар минг гумбаз шаҳри – Хивага ўзгача кўрк ва тароват бахш этарди.

Таъкидлаш жоизки, ўн тўққизинчи асрнинг охири ва йигирманчи асрнинг ўттиз еттинчи йилларигача Хивада тақдир тақозосига кўра Европадан келиб қолган бир гуруҳ немис миллатига мансуб оилалар яшаган эди.

Насроний динининг аннабатизм мазҳабидан XVI асрда ажралиб чиққан протестантлик оқимидаги немислар — меннонитлар деб аталган. Унинг маъноси итоатгўйлик дегани бўлиб, улар диний эътиқодларига кўра қурол ушлаб урушларда қатнашиш каби ишларни мудҳиш гуноҳ, дея ҳисоблаган. Шу боис ҳам уларнинг тақдирига ватанни ташлаб кетиб, сарсон-саргардонликда яшаш ёзилганди.

Меннонитлар аввалига Германия, Россияда бир аср яшади. Бу мамлакатларда уруш бошланиши билан мусофир юртларга кўчиб кетишга мажбур бўлишди. Чор Россияси генерали фон Гроттенҳелм маслаҳатига биноан туркий ўлкаларга келиб, Қипчоқ қишлоғидаги Лавзан канали бўйида ўзлари учун уй-жой қуришди. Аммо ёвмут туркманлари тез-тез меннонитлар атрофида пайдо бўлиб, уларга тазйиқ ўтказишар, етиштирган маҳсулотлари ва ҳатто аёлларини ўғирлашгача етиб боришди.

Меннонитлар ичида яхши дурадгорлар кўплаб топиларди. Уларнинг ясаган буюмлари ўша даврдаги Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) га ёқиб қолганди. Хоннинг буйруғига биноан меннонит немислари Хивага чақиртирилди. 1883 йили Хива шаҳридан 15 чақирим жануби-шарқда жойлашган Оқмачит қишлоғига Лавзан канали бўйидан немислар кўчиб келишди.

Тез орада Оқмачитда Европача уйлар қад кўтарди. Катта майдонда черков, мактаб ва ўқитувчилар хонаси қурилди. Ўн тўртта уста эса Хивадаги Нуриллабой саройида паркетли пол ясашни бошлаб, беш ойда тугаллади. Хивадаги кўплаб оврўпача уйларнинг деразалари, печка ва пештоқларини, 1908 —1912 йилларда барпо қилинган почта, телеграф, касалхона ва бошқа иншоотларни қуришда ҳам иштирок этишди.

Немис аёллари эса хон саройида рўзғор юмушларини бажаришга ёрдамлашган. Қизил тусдаги зотдор сигирларни соғиш ва қайта ишлаб, ёғ, қаймоқ, пишлоққа айлантириш ҳам немис аёлларининг зиммасида бўлган. Сутни қаймоқ ва ёғга ажратадиган сепараторни ҳам илк бор Хоразмда немис аёллари ишлатишган эди. Деҳқончиликка ихлос қўйган бир гуруҳ немислар эса қишлоқдаги қўриқ ерларни ўзлаштириб, картошка, карам, помидор, лавлаги, бақлажон, бодринг каби экинлардан юқори ҳосил олишди. Хоразмликлар бу маҳсулотларни етиштиришни илк бор айнан меннонит немисларидан ўрганишган.

Меннонитлар Хоразмга қурилиш саноатининг биринчи жиҳозлари, қўлда ҳаракатланадиган станокларини олиб келган эдилар. Улар чорвачилик ва деҳқончилик, ҳунармандчилик, боғдорчилик билан машғул бўлиб қолмай, болаларини ўзлари ташкил этган немис мактабларида ўқитишди.

Хоразмга фотография санъатининг кириб келиши ҳам оқмачитлик немислар билан боғлиқ. Ўзбек фотографияси ва киносининг асосчиси Худойберган Девонов ҳам оқмачитлик Вилгелм Пеннерга шогирд тушган ҳолда фаолиятини бошлаган.

1883 йилдан 1937 йилгача бўлган 54 йил тарих учун қисқа давр. Аммо ана шу қисқа фурсат ичида немислар Хоразм тарихидан ўзига хос жой эгаллашди. Уларнинг ярим асрлик даврда кечирган ҳаётлари давомида маҳаллий халқ билан бўлган муносабатлари жуда ҳам ижобий бўлгани қувонарлидир. Халқимизга ҳурмат рамзи сифатида ҳар бир немис оиласи меҳмонхонаси тўрига Хива хони Ферузнинг сурати осиғлиқ турарди.

Немисларнинг деҳқончилик ва чорвачилик соҳасидаги тажрибаси туфайли Хива қишлоқ хўжалигида янги тараққиёт даври бошланди. Оқмачитда европача немис шаҳарчаси бунёд этилиб, Хоразм савдо ва саноат маркази сифатида 1937 йилгача жадал ривожланди.

Шўро тузуми меннонитларни сургун қилди. Аммо хоразмликлар немис қардошларнинг Хивада барпо қилган иншоотлари, Оқмачитдаги боғини авайлаб-асрашди, чорва ва полизчиликдаги иш услубини қунт билан ўрганишди. Энг асосийси, немис маданияти ва уддабуронлиги хоразмликлар қалбида Хиванинг мангуликка дахлдор обидалари сингари сақланиб қолган.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?