Нега бугун миллий журналистикамиз оқсамоқда?

13:34 25 Ноябрь 2021 Маданият
367 0

Фото: "Халқ сўзи"

Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамкорлигида ўтказилган минтақавий семинарда ана шу савол қизғин муҳокама марказида бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган семинарда юртимизда журналистика соҳаси ривожига тўсиқ бўлаётган омиллар, шунингдек, босма нашрлар ҳақида фикр юритилди.

— Интернет нашрлар фаоллашди, бунинг акси ўлароқ босма нашрларимиз қийин аҳволга келиб қолди, - дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров. — Нашрлар адади тушиб кетди. Лекин биз босма нашрлардан воз кеча олмаймиз. Интернет бепул бўлган давлатларда ҳам газеталар чиқяпти ва ўқиляпти.

О. Ўсаров ўз мулоҳазаларини баён этар экан, “Биз ҳам босма нашрларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Журналистиканинг оқсашига сабаб бирдамликнинг йўқлигидир”, деган фикрни илгари сурди.

— Журналистлар зиммасида юкланган вазифа, мақсад бир, яъни холис, ҳаққоний ахборотни етказишдир. Лекин баъзан ижтимоий тармоқларда ўқийман, электрон нашрлар обуна ишларини бошланиши билан босма нашрларга “ҳужум” қилиб қолишади. Ёки электрон нашрларда бирон ҳолат бўлиб қолса, босма нашрлар уларга “ҳужум”га ўтади. Агар биз шу ҳолатда давом этсак, журналистикамиз ривожланмайди. Журналистикамизнинг оқсашига сабаб бўлаётган жиҳат ҳам шу, яъни бирдамликнинг йўқлигидир. Қачонки, биз яхлит журналистика сифатида шакллансак, кўзланган мақсадга эришиш, ривожланиш мумкин. Электрон нашрлар Европа давлатларида ҳам бор, лекин уларда биздаги каби тафовутлар йўқ, - дейди Олимжон Ўсаров.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятидан таниқли журналистлар журналистика соҳасини ривожлантириш оид маърузалари ҳамда нуроний журналистлар таклифлари тингланди. Журналистикани ривожлантириш учун ҳудудларда “Устоз-шогирд” анъаналарини йўлга қўйиш, маҳорат мактаблари ташкил қилиш зарурлиги айтилди. Шунингдек, ушбу маҳорат мактаблари фаолият юритишлари учун Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан молиявий кўмак берилиши таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилинган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакилларига аъзолик гувоҳномаси ва кўкрак нишонлари топширилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида фаолият олиб бораётган 18 та босма нашрга “Yurida-Orfo” дастури сертификатлари Уюшма томонидан беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди. Ушбу дастур кирилл алифбосида ижод қилаётган катта авлод журналистлари матнларини лотин графикасига ўтказиш ва газета саҳифаларига жойлаш имконини беради.

Ғ.Отажонов, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?