Наврўз байрамига тайёргарлик бўйича вазифалар белгилаб олинди

13:17 06 Март 2025 Жамият
78 0

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикасидаги вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳудудлардаги студиялардан туман ҳокимлари, тегишли масъуллар иштирокида ўтказилган йиғилишда 2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш масаласи муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, шарқона янги йил – Наврўзи олам асрлар давомида меҳр-оқибат, меҳнат ва бунёдкорлик рамзи сифатида халқимиз ҳаётида беқиёс ўрин тутиб келмоқда. Президентимизнинг «2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида жорий йил ушбу байрам мамлакатимизда «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғоя асосида кенг нишонланиши белгилаб қўйилди.

Вазирлар Кенгашида ўтказилган йиғилишда яқинлашиб келаётган Наврўз умумхалқ байрамига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Республика ишчи гуруҳи шакллантирилгани, улар шаҳар ва туман марказлари, қишлоқ аҳоли пунктларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, шунингдек, янги тизим асосида аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиши борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиши ва кўмаклашиши таъкидлаб ўтилди.

«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида аҳолининг томорқа майдонларини сув билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳудудлардаги масъулларнинг ахборотлари эшитилди ҳамда бу борадаги ишларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. Баҳорги ободонлаштириш ва «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси, каналлар, ички ариқларни бетонлаш ҳамда жамоат жойларини тозалаш бўйича ҳашарлар ташкил этиш каби масалалар ҳам муҳокама қилиниб, амалга ошириладиган тадбирлар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер