Навоийда 376 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди

09:30 06 Март 2025 Жамият
37 0

Навоий вилоятида 376 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ хабар берди.

Маълум қилинишича, барча ҳудудларда табиий газ таъминотидаги ноқонуний ҳолатларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар давом эттирилмоқда. Шундай тадбирлардан бири «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида ўтказилган.

Туманнинг «Ўзбекистон» МФЙда жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаси хатловдан ўтказилганда, ташкилот тегишли тартибда газлаштириш лойиҳа-техник ҳужжатларини расмийлаштирмасдан табиий газдан фойдаланиб келаётгани маълум бўлди. Шунингдек, бинога ўрнатилган газ ҳисоблаш ускунасида бир марталик тамға мавжуд эмаслиги ҳам аниқланган.

Табиий газ сарфи қайта ҳисоб-китоб қилинганида эса 376 миллион сўмлик зарар етказилгани қайд этилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, барча ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?