Навоий вилоятида қайси турдаги жиноятлар кескин ошди?

15:43 27 Октябр 2021 Жамият
1271 0

Фото: Темур Эшбоев , “Халқ сўзи”

Навоий шаҳрида 2021 йилнинг тўққиз ойи давомида жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича вилоят судлари томонидан амалга оширилган ишларга бағишлаб ўтказилган анжуманда мана шу саволга аниқ-тиниқ жавоб берилди.

Навоий вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратовнинг айтишича, ҳисобот даврида ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда, аёллар, ёшлар ва олтмиш ёшдан ошганлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари сезиларли ошган. Хусусан, судлар томонидан кўрилган ишлардан қасддан баданга шикаст етказиш, ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш, пора бериш,  ўғрилик жиноятлари фоизларда ошган бўлса, қасддан одам ўлдириш (3тадан 13тага), вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жинояти (6тадан 20 тага) бир неча бараварга кўпайган. Кўрсаткичларнинг бу қадар юқорилашига вилоят суди раиси қуйидагича изоҳ берди:

 - Кўрсаткичларга мослаб иш кўриш ортда қолди. Бугун судлар олдига адолатли ҳукм чиқариш, қонун устуворлиги ва ҳар қандай жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифалари қўйилган. Шу ўринда яна бир-икки рақамларга эътибор қаратамиз.  Суд тизимидаги ислоҳотлар самараси ўлароқ  ҳисобот даврида судлар томонидан 21 нафар фуқарога нисбатан тергов органлари томонидан қўйилган айбловлар бекор қилиниб, уларнинг барчаси оқланди. Шунингдек, ушбу даврда 123 нафар шахсга нисбатан 88 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб (модда тўлиқ айбловдан чиқарилган, модда қисми ёки банди чиқарилган ёки бошқа моддага малакаланган) одилона ҳукм чиқарилди.

Иқтисодий судлар томонидан кўрилган ишлар ҳажмининг ошишига келадиган бўлсак, буни пандемия шароитида тадбиркорлик субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан берилган имтиёз,  хусусан, кредитлар қайтарилиши муддатини узайтиришга доир енгилликларни суиистеъмол қилиш туфайли юзага келган ҳолат билан боғлаш тўғридир.

Матбуот анжуманида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини, қонунга итоат этиш кўникмасини ошириш ҳамда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашдаги тадбирлар бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди.

 

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер