Навоий шаҳрида “Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси”

12:12 12 Сентябр 2025 Жамият
75 0

Навоий шаҳрида ўз ишини бошлаган “Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси”да 235 та тоғ-кон металлургияси, электротехника, электр энергетикаси, кимё саноати ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар ўзларининг 3000 га яқин маҳсулотлари намуналари, ўзлаштирилиши режалаштирилган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулот турлари ҳамда истиқболли лойиҳалари билан қатнашмоқда.

Ярмарканинг очилиш тантаналарида Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва тегишли қарорларига асосан мамлакатимизда янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш, импорт ҳажмини оптималлаштириш юзасидан олиб борилаётган ишларга Навоий вилояти мисолида эътибор қаратди.

Таъкидланишича, бугунги кунда вилоятда 3000 дан ортиқ саноат корхонаси ҳамда 290 га яқин хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2024 йилда 145,6 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил якуни билан бу кўрсаткич 170,1 триллион сўмга (130 фоиз ўсиш) етказилиши режалаштирилмоқда.

— Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳам 2023 йилда 1 триллион 295 млрд сўмлик ва 2024 йил якуни билан 2 триллион 102 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва олдинги йилга нисбатан 1,5 баробарга оширилди, — дейди Н. Турсунов. — Жорий йил якунида эса 155 турдаги маҳсулот маҳаллийлаштирилиши ҳисобига 2,5 триллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, вилоятдаги саноат корхоналарининг ўзаро кооперация алоқаларини ривожлантириш юзасидан олиб борилган саъй-ҳаракатлари ҳамда “шатакка олиш” механизми бўйича тармоқ корхоналар томонидан кичик корхоналар қўллаб-қувватланаётганлиги ҳисобига, 2024 йилда шатакка олинган ва тармоқ корхоналар ўртасида қўшимча 910 млрд сўмлик маҳсулотлар савдоси амалга оширилди. Жорий йил якуни ҳамда 2026 йилда режалаштирилган ишларимизни тўлиқ амалга ошириш ҳисобига ҳудудий маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажмини ўтган йилга нисбатан 2,5 баробарга, ўзаро кооперация алоқалари ҳисобига товарлар сотилишини 2 баробарга ва саноат маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 30 фоизга кўпайтиришни белгилаб олганмиз.

Таъкидлаш жоиз, икки кун иш олиб борадиган ярмаркада саноат маҳсулотлари кўргазмалари, электрон кооперация биржаси портали фаолияти, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб қилиш, инвестицион имкониятлар, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда тармоқ ва ҳудудларда саноат салоҳиятини оширишга қаратилган тақдимотлар, В2В (“БиТуБи”) учрашувлар каби тадбирлар ҳам ўтказилади.

Энг муҳими, ярмаркада саноат тармоқлари, кичик бизнес субъектлари ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш ҳамда бутловчи қисмлар, материаллар ва хом-ашёларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш имкониятига эга бўлишади

Темур ЭШБОЕВ

«Халқ сўзи».                                                                                                            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?