Навоий давлат университети ташкил этилади
Фото: Архив фото
Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябрь, Навоий вилоятига ташрифи куни Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университетини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, Навоий давлат педагогика институтининг барча талабалари ўқишини янги олийгоҳда давом эттиради. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчиларга университет дипломи берилади.
Келаси ўқув йилидан бошлаб университетда аниқ ва табиий фанлар, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, иқтисодиёт, бизнес ва туризм, инвестицияларни бошқариш, қишлоқ хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофазаси, логистика каби йўналишларда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Ўқув машғулотларини амалиёт билан узвий боғлаш мақсадида ўқув жараёни дуал таълим шаклида йўлга қўйилиб, корхона ва ташкилотларда тегишли йўналишлар бўйича кафедралар филиаллари ташкил этилади.
Республика ва хорижий давлатларнинг бошқа олий ўқув юртлари билан биргаликда битирувчиларга иккита диплом бериш орқали таълимнинг янги йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурларини жорий этиш кўзда тутилган.
Алоҳида бакалавриат ва магистратура гуруҳларида таълим жараёни хорижий тилларда ташкил этилади, таълим дастурлари босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказишга тайёрланади.
Университетга 2025 йил 1 январдан академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллик берилади.
Университет фаолиятини такомиллаштириш ва таълим сифатини таъминлаш мақсадида хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда университетда Трансформация маркази ташкил этилмоқда.
Мутахассислар университет таълим дастурларини халқаро таълим стандартларига мослаштириш, университетни дунёнинг нуфузли университетлари рейтингига киритиш устида иш олиб бориш, университет дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, университет дипломларининг хорижда тан олинишига эришиш ва бошқа масалаларга масъул бўлади.
Университет фаолиятини молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, ҳомийлик хайриялари ва грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
2024 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2025 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши белгиланган.
Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А.Шарипов ҳамда Навоий вилояти ҳокими Н.Т.Турсунов белгиланган.
Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир А.Н.Арипов ва Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.К.Абдурахманов зиммасига юклатилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Бош прокуратура Алламжонов суиқасдига оид қўшимча ахборотни очиқлади
- 2025 йилда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар қанчага оширилиши маълум бўлди
- ДХХ ва Мудофаа вазирлиги раҳбариятидаги тайинловлар расмий эълон қилинди
- Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги Янгиҳаёт ва Бектемир туманларига ташриф буюрди — Фоторепортаж
- Шарқда ҳаммаси тинч эмас: Хитой ва АҚШ Тинч океанида фаоллашгани айтилмоқда
- Ватан ва виждон
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг