Натижалар қувончли, келгуси марра янада баланд

Маҳалланинг ўсиш нуқтаси тўғри танланса ва қўллаб-қувватланса, натижа кутилганидек бўлади. Бунга Наманган вилоятида эришилган ютуқлар яққол мисол. Келинг, мавзуни узоқдан бошламасдан, аниқ рақамларга эътибор қаратсак.
Вилоятдаги драйвер йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган маҳаллалардан 36 тасида ҳунармандчилик, 69 тасида тикувчилик, саноат ишлаб чиқариш, 112 тасида гулчилик, 46 тасида иссиқхоначилик, 35 тасида деҳқончилик, 42 тасида боғдорчилик, 35 тасида узумчилик ва бошқа соҳалар оммалашган. Ҳатто эчки боқиш ва кўпайтириш кенг тарқалган маҳаллалар ҳам бор.
Хўш, самара қандай, деган савол туғилиши табиий. Бунинг жавоби ҳам аниқ. Яна рақамларга эътибор беринг: 2021 йилда камбағал оилалар сони 104,5 мингни ташкил этган бўлса, манзилли иш олиб борилиши натижасида 32 мингдан ортиқ оилалар (142 минг аҳоли) камбағалликдан чиқарилди.
Айтайлик, Тўрақўрғон туманидаги “Тошлоқ“ маҳалласининг драйвери — қўйчилик. Бунинг ортидан аҳоли бандлиги таъминланган бўлиб, фуқаролар дурустгина даромадга ҳам эга бўлмоқда.
— Ҳозир изланган, ҳаракат қилган одам учун катта имкониятлар бор, — дейди шу маҳаллада яшовчи Турдимат Мирзақулов. — Ёшлигимдан қўй боқишга қизиққаним учун оила қургач, буни тирикчилик манбаига айлантирдим. Ҳовлимдаги 3 сотих майдонда қўра қурганман. Ҳозир ўртача 100 бош қўй сақлайман. Шунинг ортидан рўзғор бут, оилам тўкис. Маҳалламизнинг ярмидан кўпи шу иш билан машғул. Бу борада 10 нафардан ортиқ шогирд тайёрладим.
Дарҳақиқат, охирги икки йилда “Тошлоқ”нинг ўзида қўй боқиш билан шуғулланадиган 51 нафар йирик тадбиркор пайдо бўлди. Маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Баҳром Тожиаҳмедовнинг айтишича, мавжуд 511 та хонадоннинг қай бирига кирсангиз, албатта, олди 50-100 бошгача, аксариятида ўртача 5-10 бош қўй парваришланаётганига гувоҳ бўласиз. Уларга кредитлар бериш ва тажрибали тадбиркорларга бириктириш орқали соҳа оммалаштирилди. Шу боис, ишсиз одамнинг ўзи йўқ. Аҳолининг яшаш шароитлари ҳам шунга яраша яхшиланиб бормоқда.
Ҳоким ёрдамчиси одамларнинг турмуш шароити яхшиланиб бораётганига исбот келтирди. Эшитиб, маҳалладаги аҳиллик, уюшқоқликка ҳавас қилдик: шу куз фаслида “Тошлоқ”нинг 3,2 километр ички йўллари тўлиқ асфальтланибди. Эътиборлиси, бу иш давлат томонидан эмас, айнан маҳалла аҳлининг ўзаро бирдамлиги, шахсий маблағлари асосида ҳашар йўли билан амалга оширилган.
— Йўлларини тайёрлаш ва асфальт ётқизиш билан боғлиқ ишлар учун ҳомийлик асосидаги маблағни шакллантиришга маҳалла тадбиркорлари биринчилардан бўлиб қўл чўзишди, — дейди меҳнат фахрийси Ғуломжон Худойберганов. — Қўйчилик билан шуғулланиб келаётган Абдумалик Абдураҳимов, Абдумажид Қорабоев, Ҳайдарали Мирзақулов, ака-ука Турдимамат ва Неъматилла Нуриддиновларнинг ҳар бири 50-60 миллион сўмдан берди, ўзига тўқ кўплаб хонадонлар улар сафига қўшилди. Кексалар дуода, иккита мактабимизга равон йўлдан ўқишга қатнаётган фарзандларимизнинг қувонганини айтмайсизми?! Дарвоқе, бизнинг ҳаракатларимиздан илҳом олиб қўшни “Сарой” маҳалласида ҳам йўлларни ҳашар усулида асфальтлашди.
Камбағалликдан фаровонлик сари тамойилининг асосий мақсади: одамлар банд бўлса, яхши даромад топса, шунга яраша яшайди ва ҳудудини ҳам обод қилади. Хўш, олдига аниқ бир мақсад қўйиб, иш бошлашни ният қилган кишида маблағ бўлмаса-чи? Бунақалар камми?!
Наманган вилоятида 2020-2024 йилларда тижорат банклари томонидан 538,5 мингдан ортиқ аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 30,1 трлн сўм. кредит маблағлари ажратилди. Бунда энг асосий эътибор оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, драйвер соҳаларни оммалаштиришга қаратилган. Янги йилда эса бу каби молиявий қўллаб-қувватлашлар ҳажми янада ошади.
— Бунда шароит ва имконият эътиборга олиниб, аҳолини қизиқтириш орқали тадбиркорлар сафини кенгайтириш мақсад қилинган, — дейди Марказий банкнинг Наманган вилояти бош бошқармаси бошлиғи Бекзод Сулаймонов. — Масалан, Норин туманидаги 116 та мелиоратив тик қудуқдан 34 тасида балиқ етиштириш лойиҳалари бошланди. Янги йилда яна 82 тасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси режалаштириляпти. Бунда жами 3,8 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, 450 та янги иш ўрни яратиш ва йилига 2,9 минг тонна балиқ етиштириш назарда тутилмоқда. Катта ишларга банк тизими бевосита бош-қош бўлмоқда.
Ҳозир айни ўтган йил сарҳисоби чиқарилиб, янги йилга аниқ вазифалар белгиланаётган палла. Наманганликлар ҳам ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилиб, олдиларига яна вазифаларни қўймоқда. Келинг, шу ўринда уларнинг айримлари билан таништириб ўтайлик.
Энг аввало, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридан Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманигача бўлган 100 километр масофада йўлбўйи инфратузилмаси ташкил қилиш учун “Мастер режа” ишлаб чиқилмоқда. Унинг 1-босқичида умумий қиймати 220 млн. АҚШ доллари бўлган 300 га яқин лойиҳа амалга оширилиб, 5 мингта янги иш ўрни яратилади, маҳаллий бюджетга 550 млрд. сўмдан ортиқ қўшимча тушум бўлади.
Яна бир катта йўналиш — “24/7 сервис кўчалари” ташкил этишдир. Уйчи, Наманган, Косонсой, Тўрақўрғон ва Янгиқўрғон туманларига олиб борувчи йўллар бўйида 285 млн. АҚШ долларилик инвестиция ҳисобига 1,6 мингта хизмат ва сервис шохобчалари ташкил қилиб, 9 мингта янги иш ўрни яратиш мумкин. Шундан келиб чиқиб, Наманган шаҳри унга чегарадош 5 та туман билан боғловчи йўллар бўйида “24/7 сервис кўчалари”ни барпо қилишга киришилмоқда.
Энг асосийси, 2025-2026 йилларда қолган маҳаллаларнинг ҳам драйвер йўналишлари тўлиқ ихтисослаштирилади. Бунинг учун аниқ режалар тузилиб, лойиҳалар тайёрланмоқда. Эътиборли жиҳати, бу лойиҳаларнинг аксарияти қайта ва қайта қўриляпти, “Етти ўлчаб, бир кес”илмоқда. Чунки, марра баланд олинган.
Илҳомжон РАҲМАТОВ,
Наманган вилояти ҳокимининг ахборот
сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Энди таълим гранти талабаларнинг ўзлаштиришига қараб ҳар йили қайта тақсимланади
- Тадбиркор аёлларга гаровсиз кредит ажратилади
- Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик қилади
- Ўзбекистонда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади
- Тадбиркор аёллар кенгаши ташкил этилади
- Ҳар қандай шахсни унинг розилигисиз тасвирга олиш тақиқланиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг