Насримизнинг янги умидлари

11:07 12 Октябр 2019 Маданият
1698 0

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг “Адиблар хиёбони”да Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижодий уйи томонидан “Асримиз умидлари” туркумида чоп этилган 10 нафар ижодкорнинг китоб тақдимоти ўтказилди. Унда таниқли ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос - олимлар, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбек адабиётининг забардаст вакиллари эъзозланиб, ҳайкаллари қад кўтарган майдондаги тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййин, Анвар Обиджон, филология фанлари доктори Баҳодир Карим, таниқли ёзувчи Азиз Саид ёш ижодкорга ижодий парвоз тилади.

— Президентимизнинг 2017-йил 3-август куни ижодкорлар билан ўтказган учрашувида белгилаб берган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида замондошларимизнинг бадиий образларини яратиш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу китоблар чоп этилди, — дейди Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижодий уйи раҳбари Шавкат Юсупов. — Асримиз умидлари бир ёки ўн йиллик иддао эмас, камида бир асрлик иддаодир. Бу ижодкорларда юз йилликнинг даъвоси бор. ХХ асрда қанчадан-қанча буюк даҳолар ўтди. Шу боис тенгдошларимиз ҳам уларга муносиб ворис бўлсин, деган ниятда “Асримиз умидлари” дея ном қўйилди.

Фозил Фарҳод “Кўклам куйи”, Холиёр Сафаровнинг “Номус ва ҳаёт”, Бобо Равшаннинг “Тонг билан шом орасида”, Санжар Турсуновнинг “Сунбуланинг сўнгги оқшоми” ва бошқа тўпламлар ўзбек адабиёти муносиб туҳфа бўлди. Ўн нафар тийрак нигоҳ ўзининг ҳикоя, қиссаларида ҳаёт, инсон, табиат, атроф-муҳит, инсонийлик, ватанпарварлик ва кўплаб муқаддас туйғуларни қаламга олган.

— Ижодкор доимо халқнинг кўнгил изҳорини баён этувчи шахс ҳисобланган, — дейди “Тонг билан шом орасида” асари муаллифи Бобо Равшан. — Шу боис ҳар бир ижодкор қайси даврни қаламга олмасин, аввало, ўзи яшаётган замон кишиларининг тақдири ҳақида ўйлайди. “Асримиз умидлари” рукнида чоп этилган 10 нафар тенгдош ижодкорларимизнинг асарларида сизу биз билан ёнма-ён яшаётган инсонлар тақдири қаламга олинган. Уларнинг ўй-фикрлари, дунёқараши баён этилган. Қувонарлиси, тенгдошларим асарларини ўқиб, уларнинг ҳар бирида ўз айтар сўзи борлигидан қувондим. Адабиёт майдонига ҳақиқатдан умид билдирса арзийдиган ёзувчилар кириб келаётганини ҳис этдим.

Якунда нашриёт томонидан ҳар бири 3 минг нусхадан чоп этилган китоб муаллифларига қалам ҳақи ва китоблари топширилди.

Дилноза АТОЕВА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?