«Насаф»нинг янги мавсум олдидан тайёргарлиги қандай ўтди?
«Насаф» футбол клуби янги мавсумга тайёргарликни анъанавий тарзда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказди. Икки ҳафталик йиғин давомида жамоа жами 8 та назорат учрашувида иштирок этди. Ушбу йиғин орқали мураббийлар штаби жамоанинг жисмоний ҳолати, тактик тайёргарлиги ҳамда янги футболчиларнинг жамоага мослашувини баҳолашга ҳаракат қилди.
Назорат учрашувларида «Насаф» турли давлатлар клубларига қарши майдонга тушди. Ушбу беллашувлар натижалари жамоанинг ҳозирги ҳолати ҳақида бир қатор саволларни юзага чиқарди. Германиянинг «Цвиккау» ҳамда Россиянинг «Енисей» жамоаларига йирик ҳисобда мағлуб бўлинди. Айрим учрашувларда ғалабалар қайд этилган бўлса-да, умумий манзара жамоа ҳали оптимал ҳолатда эмаслигини кўрсатди.
Қишки трансферлар ойнаси «Насаф» учун оғир кечди. Жамоа бир қатор етакчи ва тажрибали футболчилар билан хайрлашди. Игорь Голбан, Драган Черан, Суҳроб Нуруллоев, Шерзод Насруллаев, Жавоҳир Сидиқов, Ойбек Бозоров, Шуҳрат Муҳаммадиев ҳамда Олександр Воробей каби ўйинчиларнинг кетиши таркибга жиддий таъсир қилди. Бу футболчиларнинг кўпчилиги узоқ йиллар давомида жамоанинг асосий устунларидан бўлиб келган эди.
Уларнинг ўрнини Ойбек Рустамов, Бобир Абдихолиқов, Акром Комилов ва Самандар Муродбоев тўлдирди. Бироқ янги келган футболчилар ҳозирча жамоанинг йўқотишларини тўлиқ қоплай олгани йўқ. Айниқса, тажриба ва етакчилик борасида сезиларли бўшлиқ кузатилмоқда.
Бобур Абдухолиқов узоқ вақт «Насаф»нинг асосий тўпурарларидан бири бўлган бўлиши мумкин. Бироқ ҳозир эмас. Унинг ўйини сўнгги йилларда яхшигина ортга кетди. Акром Комилов ва Ойбек Рустамов эса Суперлига даражасидаги футболчилар. Уларни «Насаф» учун жуда катта ном сифатида қабул қилиш нотўғри бўлади. Етмаганига уларни ёш деб ҳам бўлмайди. Ҳар икки футболчи 30 билан «тўқнашиш арафаси турибди».
Самандар Муратбаевни келажак кўзланган яхши трансфер деб аташ мумкин. Бироқ жамоада Ўзбекистон миллий терма жамоасининг иккинчи посбони Абдувоҳид Неъматов ўйнаб келмоқда. Катта эҳтимол У бир неча йиллар давомида «Насаф» асосий посбони бўлади. Неъматов жароҳат олсагина, асосий ўйинларда Самандарни майдонда кўришимиз мумкин. Шундай экан, бу трансферни ҳам 2026 йилда жамоани кучайтириш учун етарли «массага» эга бўлган юриш сифатида баҳолашимиз қийин бўлади.
Клуб атрофидаги яна бир долзарб масала — ҳомийларнинг футболга бўлган эътибори пасайганидир. Бу ҳолат молиявий имкониятларга ҳам, жамоа таркибини сақлаб қолишга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Натижада «Насаф» келаси мавсумда кўпроқ ёш футболчиларга таянишга мажбур бўлиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, жамоани яқин орада муҳим халқаро беллашув кутмоқда. Эртага «Насаф» Элит чемпионлар лигаси доирасида Ироқнинг «Ал-Шорта» клубига қарши майдонга тушади. Ҳозирги тайёргарлик даражаси ва таркибдаги ўзгаришларни ҳисобга олганда, бу ўйин жамоа учун жиддий синов бўлади.
Тўғри, бу ўйиндаги ғалаба жамоа учун ҳеч нарсани англатмайди. Жамоа муддатидан аввал Элит чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлган. Бироқ, ушбу ўйинда қозонилажак ғалаба жамоага 100 минг доллар пул мукофотини олиб келиши мумкин. Ҳозирда жамоа молиявий қийинчиликларга учраётгани инобатга олинса, бу ўйинга бўлган эътибор, Суперлига ўйинлариникидан паст бўлмаслигини тушуниш мумкин.
Умуман олганда, «Насаф»нинг янги мавсум олдидан тайёргарлигини тўлиқ қониқарли деб бўлмайди. Назорат учрашувлари, таркибдаги йўқотишлар ва молиявий муаммолар жамоанинг мавсумни осон ўтказмаслигини кўрсатмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Буюк шоирнинг Самарқанддаги табаррук излари
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Уруш, жасорат ва спорт: ҳафта давомида дунё эътиборини тортган 10 та сурат
- «Humans» Ўзбекистондан юзлаб миллион доллар зарарни қоплашни талаб қилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг