NASA Марсда ҳаёт изларини қандай топмоқчи?

NASAнинг «Perseverance» ровери Марс сайёрасининг энг қизиқарли геологик нуқталаридан бири — «Krokodillen» деб номланган ҳудудга етиб борди. Олимларнинг таъкидлашича, ушбу минтақада Марснинг энг қадимги тош қатламлари жойлашган бўлиб, улар сайёранинг илк геологик даврларига оид сув муҳити ва эҳтимолий ҳаёт излари ҳақида муҳим маълумотларни ўз ичига олган бўлиши мумкин.
«Krokodillen» — Норвегиядаги тоғ занжири шарафига номланган ва «тимсоҳ» маъносини англатади. Бу ҳудуд «Jezero» кратери қирғоғи ва ундан ташқаридаги текислик ўртасида жойлашган тошли минтақани қамраб олади.
Энг қизиқарли томони — бу ердаги тошлар таркибида лой минераллари, оливин ва карбонат моддалари аниқланган. Лой фақат суюқ сув иштирокида шаклланади, демак, миллиардлаб йиллар аввал ушбу ҳудуд сув билан қамраб олинган бўлиши мумкин. Ерда лойлар органик бирикмаларни сақлашда энг самарали табиий муҳит ҳисобланади. Бу эса Марсдаги эҳтимолий қадимги биосигнатураларни аниқлаш имконини беради.
NASAнинг Жанубий Калифорниядаги реактив ҳаракат лабораториясида «Perseverance» лойиҳаси бўйича муваққат илмий раҳбар Кэти Стэк Морганнинг таъкидлашича, ҳозирда 7 та бўш намуна қобиғи қолган ва жамоа уларни эҳтиёткорлик билан сақламоқда.
«Perseverance» ровери — NASA томонидан Марс сайёрасини ўрганиш учун юборилган энг илғор мослама ҳисобланади. У 2020 йил 30 июлда учирилган ва 2021 йил 18 февралда «Jezero» кратерига муваффақиятли қўнган. Ровер Марс геологияси, климати ва ҳаётга яроқлилик хусусиятларини ўрганиш, шунингдек, келажакда Ерга олиб келиниши мумкин бўлган тош ва тупроқ намуналарини йиғиш каби вазифаларни бажаряпти.
Бу миссия NASAнинг келгусида инсонлар томонидан Марсни забт этиш йўлидаги кенг кўламли тадқиқот дастурининг муҳим қисми ҳисобланади. «Krokodillen» каби қадимги минтақаларни ўрганиш орқали олимлар Марснинг узоқ ўтмиши ва эҳтимолий ҳаёт тарихини англашга янада яқинлашиши мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг