Нанай туризм қишлоғига айланди
Қудратилла Нажмиддинов/“Халқ сўзи”. Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғи бепоён юртимизнинг шимолий шарқий қисмида, Қирғизистон чегарасида жойлашган хушҳаво маскан. Машҳур қўшиққа мавзу бўлган Наманганнинг қирмизи олмалари шу жойда пишиб етилади. Бугина эмас. Вилоят марказидан 65 чақирим масофада, тоғлар этагида ястаниб ётган тоғолди гўшаси ям-яшил манзаралари билан жозибадор. Кислородга бой ҳавосининг сўлимлиги, айниқса, дилни тортади. Ёзнинг жазирама кунларида ҳам бу ерда ҳарорат шаҳардагидан деярли 15-20 даража паст бўлади. Бетакрор табиати, меҳмондўстлиги билан эътиборга тушган қишлоқнинг сайёҳларни мудом ўзига чорлаб келгани шундан. Сўнгги йилларда Нанайнинг туризм салоҳияти имкониятларини тўла ишга солиш юзасидан кенг кўламли ҳаракатлар бошлаб юборилганлиги унинг янада обод бўлиши, аҳоли турмуш шароитининг юксалишига йўл очди. Айни пайтда қишлоқда 10 та замонавий дам олиш маскани, 15 та гастрономик туробъект, 150 дан ортиқ меҳмон уйлари, шунга мос инфратузилма хизматда. Биргина жорий йил саккиз ойининг ўзида 17 минг хорижий ва 250 мингдан кўпроқ маҳаллий меҳмонлар кутиб олиб, кузатиб қўйилди.
Сайёҳлик индустрияси жадал кириб келиши билан Нанайда оилавий меҳмон уйлари фаолияти оммавий тус ола бошлади. “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Ҳабибулло Мирзаалиев 2019 йили вилоятда биринчи бўлиб, айни йўналишда хизмат кўрсатиш сертификатига эга бўлган. Унинг “Гулизебо Гулноза” оилавий меҳмон уйининг имкониятлари чакки эмас. Тунаб қолувчилар учун мўлжалланган 14 та шинам хона телевизор, музлатгич ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган. Яна 10 та хона гастрономик туризмга мослаштирилган. Меҳмонларга бешбармоқ, чойхона палов, қотирма, димлама, қайнатма шўрвадан ташқари муздеккина, қимиз, айрон, қуртоб ҳам таклиф этилади.
Сайёҳликка ихтисослаштирилган қишлоқдаги ўзгаришлар, соҳанинг мустаҳкам асосини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар Нанайни Ўзбекистон Швейцариясига айлантирди. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил августидаги тегишли қарори билан унга Фарғона водийсида биринчи бўлиб расмий равишда “Туризм қишлоғи” мақоми берилганлиги ҳам бунинг яққол тасдиғидир.
— Қишлоққа нуфузли расмий мақом берилиши уни янада ривожлантириш истиқболларини очади, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуриддинов. — Айни пайтда бу ерда 30 миллион доллар қийматдаги 87 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар ижроси билан Нанайнинг ҳозирги бир вақтнинг ўзида 2500 га яқин сайёҳни қабул қилиш имкониятлари икки-уч баравар ортади. Ҳудуд аҳли учун шунга яраша меҳнат ўринлари ҳам юзага келади.
Наманган сайёҳлик салоҳиятининг вилоятдаги бир қишлоқ мисолидаги натижадор ҳаракатлар вилоятда соҳанинг истиқболи, уни иқтисодиётнинг устувор йўналишларидан бирига айлантирилаётганидан далолат беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг