Наманганда яна бир анжуман – “Қадимий садолар акси” фестивали анъанага айланадиган бўлди

Ёшлар маънавий оламини бойитиш, уларнинг аждодлар меросини чуқур ўрганиши, миллий қадриятларга садоқатини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи тадбирни ўтказиш учун узоқ тарихга эга қадимий Ахсикент шаҳри ёдгорлиги танланди. Бу, бежиз эмас. Зеро, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган бу кўҳна шаҳар харобалари нафақат юртимиз аҳли, балки, бутун жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортган.
Воқелиги икки ярим минг йилга бориб тақаладиган маскан дунё илм-фани тараққиётига муносиб улуш қўшган алломалар, хусусан, Темурийлар сулоласининг забардаст вакили - ўн икки ёшида тахтга ўтирган шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурни тарбиялаб ўстирган кент сифатида маълуму машҳур. Гарчи, 1620 йилдаги кучли ер силкиниши гуллаб-яшнаган Ахси қўрғонини тамоман вайронага айлантирган бўлсада унинг номи, аждодлардан қолган осори-атиқалар асрлар қаърига сингиб кетмади. Ўз даврида “Фарғона шаҳарларининг онаси”, деб улуғланган шаҳристон харобалари узоқ вақтлардан буён илм вакиллари ва сайёҳларни қизиқтириб келмоқда.
Кечаги шанба Ахсикентда олис тарих ва янги замон юзлашди. Вилоят маданият бошқармаси ва Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Қадимий садолар акси” маданият фестивали бу ерга яқин атрофдаги қишлоқлар аҳли, маънавият фаоллари, умумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчилари, санъат вакилларини тўплади.
- Бугунги тадбир чинакам байрамга айланди, -дейди фестивалга ўз ўқувчиларини олиб келган Тўрақўрғон туманидаги 58-умумтаълим мактаби директорининг маънавий –маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳамзабек Сиддиқов. – Тарихчи олимларнинг чиқишлари билан иштирокчиларнинг кўхна шаҳар ҳақидаги тасаввурлари мустаҳкамланган бўлса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва авлодларининг санъаткорлар томонидан намойиш этилган сиймолари аждодлар қиёфасини ёшлар кўз ўнгида гавдалантирди.
Анжуман доирасидаги бадиий дастур, Ахсикентдан топилган осори-атиқалар, шунингдек, маҳаллий аҳоли ижоди маҳсули бўлган хунармандчилик буюмлари кўргазмаси тадбир мазмунини бойитди. Иштирокчилар бу ерда ташкил этилган осмон остидаги музейга сайр қилдилар. Ташкилотчиларнинг айтишига қараганда, Наманган вилояти маданий ҳаётидан муносиб ўрин оладиган фестиваль эндиликда ҳар йили баҳорда мунтазам ўтказилиб, анъанага айланади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг