Наманганда гуллар фестивали (фоторепортаж)

12:55 22 Май 2023 Маданият
1663 0

Кеча Наманганда 62-Халқаро гуллар фестивали - вилоят аҳли ва юртимиздаги барча нафосат ошуфталари орзиқиб кутган ажойиб анжуман бошланди. Водий гавҳарига айланган кўҳна ва навқирон кентнинг чинакам бренди бўлиб қолган байрамнинг хушхабари чор тарафга тарқалгани боис бетакрор манзаралар, ранг-баранг мадани  й-маърифий дастурларни ўз кўзи билан кўриш учун бу ерга ташриф буюраётган меҳмонларнинг саноғи йўқ.

Гулсевар шаҳар ўз қадриятларининг ажралмас бўлагига айланган йирик машваратга муносиб тайёргарлик билан келгани дастлабки кундаги тадбирларданоқ бор бўйи билан кўзга ташланди. Буни одатдагидек минтақанинг ҳаво дарвозасидан старт олиб бутун шаҳар кўчаларини айланиб келган гул чечаклар билан ясатилган 200 дан ортиқ автомашиналар карвонини миллионлаб одамлар иштиёқ билан томоша қилганининг ўзиёқ тасдиқлайди. Фестивалнинг бош манзили - Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғининг бош дарвозаси олдидаги майдонда тантанали очилиш маросими бўлди. Бу ерга тўпланган иштиёқмандлар ҳузурида сўзга чиққан вилоятнинг биринчи раҳбари Шавкат Абдураззоқов барчани анжуман билан табриклаб, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида кичик бир кўргазмадан бошланиб, эндиликда халқаро мақом тусини олган фестиваль наманганликлар, қолаверса, юртимиздаги кўплаб инсонларнинг ардоқли байрамига айланганини алоҳида таъкидлади. Сўнгра республика маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, ўзбек миллий   академик театри директори Ёдгор Саъдиев, халқ шоири Маҳмуд Тоир ва бошқалар дил сўзларини изҳор этишди. Маросимда пойтахтдан ташриф буюрган таниқли хонандалар ва ижрочи ёшларнинг дилтортар қўшиқ ва рақслари тўпланганларга шукуҳли лаҳзаларни тақдим этди.

Дарҳақиқат, 4,5 миллионга яқин меҳмон, жумладан, 150 мингга яқин хорижий сайёҳлар келиши кутилаётган фестивалга ҳозирлик ана шу миқёсга яраша бўлди. Бугун бутун шаҳар гул ва чечакларга бурканган. Айни пайтда бу борадаги рақамлар аввал бошдагига нисбатан анча ўзгарган. Сўнгги маълумотларга қараганда, боғ ва хиёбонлар, кўча бўйларига 36 миллион тупдан зиёд гул ва бута кўчатлари ўтқазилди. Улар орасида 1,5 миллион туп атиргул, 2 миллионга яқин райхон ва ялпиз димоғингизни ёқимли ифор билан чоғ этади. Бобур боғи, Давлатобод туманидаги “Афсоналар боғи” тематик паркидаги бетакрор композицияларнинг ҳар бири ўзига ҳос мавзуга эга манзараси билан мафтункор.

Бир пайтлар қирмизи олмаси билан дунёга донг таратган Наманган гулпарварлик бобида ҳам салоҳиятини намойиш қилиш орқали нафақат юртимиз, балки, узоқ ва яқин хориждаги гўзаллик ишқибозларини ҳам тобора кўпроқ ўзига жалб этаётгани ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Ҳали анжуман бошланмай туриб бу ерга ошиққан юзлаб хорижий сайёҳлар маҳаллий меҳмонхоналардан жой эгаллаб, шаҳарнинг тарихий ва маданий манзиллари, яшиллик чулғаган масканларни иштиёқ билан томоша қилмоқдалар.

- Наманганга кеча оқшом етиб келдик, - дейди тайванлик кинематограф Ли Бин. – Бу ерда анъанага айланган гуллар байрами ҳақида эшитиб, уни ўз кўзим билан кўришни мақсад қилдим. Айтганларича бор экан, чинакам экзотика! Бу ердаги миқёс, ранг-барангликни кўринг, кўзингиз қувонади. Тўғри, бизда ҳам гуллар кўргазмаси бўлиб туради. Бироқ, унча катта бўлмаган доирада. Шаҳар гулзорлари, Бобур боғидаги кўринишларни суратга туширяпмиз, юртимга қайтгача мўъжаз фильм ишламоқчиман.

Бир ой давом этадиган фестиваль нафақат, кўнгилочар томоша ва сайллар, балки, бадиий, маънавий-маърифий тадбирлар, турли кўргазмалар билан ҳар бир кунга ўзига ҳос мазмун бағишлайди. Дастлабки кун оқшомидаёқ “Афсоналар водийси” даги амфитеатрда Озодбек Назарбеков, Алишер Файз, Милена Матмусаева, Камрон Мамадалиев, Шаҳноза Якубжанова сингари эл севган хонандалар иштирокида гала концерт ташкил этилди. Навбатда юртимизнинг яна кўплаб таниқли артистлари , шунингдек, озарбайжонлик этрада юлдузлари Талиб Тале ва Зайнаб Ҳасаний, турк хонандаси Рафет Эл Роман иштирокидаги катта дастурлар намойиши кутиб турибди. Халқаро IT форуми, модалар ҳафталиги, ошпазлар танлови, миллий ҳунармандчилик кўргазмаси ва бошқа тадбирлар ҳам кўпчиликка маъқул тушиши табиий.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?