Наманганда гилос етиштириш ва экспорт ҳажми ортиб бормоқда
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Наманганга борсангиз, бир текис қилиб экилган мевали дарахтларга кўзингиз тушади. Қийғос пишган гилосзорлар сизни қарши олади. Боғбонлар ҳар хил пишган гилосларни идишларга солиб, харидорлар учун тахлаб қўйибди. Ёз мавсумида 150 миллион долларликдан кўпроқ маҳсулотни ташқи бозорга чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Мазкур сердаромад юмуш билан юздан ортиқ тадбиркорлик субъекти шуғулланяпти. Ҳозирдан кунига 300-400 тоннага яқин маҳсулот экспортга йўл олмоқда.
Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олишда Тўрақўрғон тумани ўзига хос мактаб яратган. Вилоят бўйича ташқи бозорга чиқарилаётган ушбу меванинг салкам 75 фоизи туман соҳибкорлари томонидан етказиб берилмоқда. Бу ҳудуд иқлими ушбу экинга мослиги, йирик хўжаликлар ва томорқалардаги майдонларнинг 1,5 минг гектардан кўпроғини гилосзорлар эгаллагани билан боғлиқ. Айниқса, Бураматут, Гулқишлоқ, Мозоркўҳна маҳаллаларида бу ишни оилавий бизнесга айлантирганлар анчагина. Уларнинг аксарияти мавсумда 100-150 миллион сўм даромад олади.

— Яндама қишлоғи атрофида 800 гектарга яқин майдонда интенсив боғлар яратдик, — дейди «Gold fresh fruits» масъулияти чекланган жамиятининг иш бошқарувчиси Абдулҳоди Азизов. — Бир неча йил аввал ўтқазилган кўчатларимиз ҳосилга кирди. Бўйи унча юқори бўлмаган, бироқ маҳаллий навларга қараганда серҳосил кўчатлар хориждан келтирилган. Илгари атиги 12 центнердан пахта олинган бу ерларнинг ҳолатини яхшилаш учун анчагина тер тўкилди. Бошқа иқлим ва шароитда ундирилган ниҳолларни маҳаллий шароитга мослаштиришда хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик яхши натижа берди. Боғдорчилик борасида халқаро тажриба бизникидан фарқ қилади. Кўчатлар аниқ схема асосида жойлаштирилади. Суғориш томчилатиш йўли билан амалга оширилади. Катта майдонлардаги мева дарахтлари қаторига юз минг метрлаб ингичка ва юмшоқ қувурчалар тортиб чиқилган. Уларга сув компьютер билан бошқариладиган насос станцияси орқали етказилади. Оддий усулда суғорилганда гектарига 120 литр сув сарфланса, бу усулда 40 литрдан ошмайди. Тежамкорлик даражаси — 55-60 фоиз. Биз боғни минерал ўғитлар билан тўйинтиришни ҳам сув орқали бажарамиз. Айни жараёнда сарф-харажат камайишидан ташқари сув орқали берилган озуқа тўғридан-тўғри кўчат илдизига боради. Кўчатларнинг ҳосил олиш даражаси ҳам шунга яраша, гектаридан 10 тоннадан ортади.
Бу ерда барпо этилган замонавий логистика марказида гилосни саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортга чиқариш ишлари амалга оширилади. Мажмуада умумий қуввати 4000 тонналик сиғимга эга замонавий музлаткич ўрнатилган. «Gold fresh fruits» маҳсулотлари тўлалигича ташқи бозорга чиқарилади.

— Вилоятнинг гилос экспорти бўйича логистика маркази бизда жойлашган, — дейди Тўрақўрғон туман ҳокимлиги иқтисодиёт ва молия бўлими бош мутахассиси Абдурасул Эргашев. — Бу ерда ишларни ташкил этишга кўмаклашувчи махсус штаб фаолият олиб бормоқда. Кунига 150 тонна атрофидаги маҳсулот йирик сиғимли машиналарда мамлакат ташқарисига чиқарилмоқда. Авваллари қўшни республикалар ва Россия билан ишлаган бўлсак, кейинги йилларда Европа бозорига ҳам чиқдик. Франция, Буюк Британияга юборяпмиз. Яқинда Дубайга дастлабки туркум маҳсулотни жўнатдик.
Айни пайтда Наманганда қизиган гилос бозори босқичма-босқич пишадиган бошқа маҳсулотлар савдосига уланиб кетган. Халқаро талаблар асосида сараланиб, қадоқланган ҳолда жўнатиладиган ўрик, олма, олхўри, карам ва саримсоқпиёз сингари қуёшли юрт неъматлари узоқ ўлкалардаги савдо тармоқларини ҳам йил бўйи безаб турибди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг