Наманганда анъанавий гуллар байрами бу йил қачон ўтказилиши маълум бўлди

12:52 07 Апрель 2023 Welcome to uzbekistan
16146 0

Фото: Халқ сўзи

Олтмиш иккинчи бор ташкил этилаётган гуллар байрами жорий йилда янада кенг миқёс олади. Унинг давомийлиги бир ойга мўлжалланган бўлиб, иштирокчилар ва меҳмонлар географияси ҳам шунга яраша катта бўлади. 21 майдан 21 июнга қадар давом этадиган фестивалнинг ҳар кунида меҳмонлар учун бир-биридан қизиқарли маданий тадбир ва концерт, шоу дастурлар режаси ишлаб чиқилган. Хусусан, тадбир очилишининг биринчи кунидаёқ Наманган халқаро аэропортидан йўлга чиққан Гуллар автокарвони ҳар галгидек, ўзининг бетакрор манзаралари билан иштирокчиларга дастлабки шукуҳни тақдим этади.

Фестивалнинг асосий тадбирлари уюштириладиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида 15 миллион туп гулдан иборат 200 ортиқ турфа кўринишдаги композициялар вилоят аҳли ва меҳмонлар кўнглига олам-олам завқ олиб кириши табиий. Уларни махсус дизайн бўйича 150 турдан ортиқ гул навларидан фойдаланган ҳолда барпо этиш ишлари ҳозирданоқ бошлаб юборилди. Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик парки ҳам бутун фестиваль давомида ранг-баранг маданий дастурлар билан тўла бўлади. Бу ерда эстрадамизнинг мега юлдузлари иштирокида катта концерт намойиш қилинади. Фестивалнинг иккинчи кунида  кульминацион нуқта - Миллий симфоник оркестрнинг очиқ осмон остидаги концерти бўлиб ўтади. Бундан ташқари мавзуга оид билимдонлар баҳси, илмий-амалий анжуман ўтказиш кўзда тутилган.

- Байрам иштирокчилари нафақат гуллар тароватидан баҳра олибгина қолмай улардан энг сараларини ҳарид қилиш имкониятига ҳам эга бўладилар, -дейди Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. – Бунинг учун ажратиладиган маҳсус жойдаги павильонларда савдо қилиш учун 300 дан ортиқ гулчилар ҳозирданоқ жойларни банд қилиш ҳаракатида. Умуман олганда, фестиваль меҳмонларини бундан-да кутилмаган сюрпризлар кутмоқда! Ва албатта, анжуман сўнгида энг яхши гулчилар танлови ғолиби бўлган ташкилот ва гулчиларни замонавий автомобиллардан иборат йирик совринлар кутади. Шундай экан, навбатдаги меҳнат таътилини айнан фестиваль кунларига мўлжаллаб олаверинг, азиз юртдошлар!

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?