Наманганда шифокорни дўппослаганлар қўлга олинди

14:37 05 Август 2021 Жамият
742 0

Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳридаги 10-сонли оилавий поликлиникада фуқаро шифокорни аямасдан дўппослаётгани акс этган видео тарқалгани, Cоғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб бораётгани ҳақида маълумот берган эдик.

Аниқланишича, жорий йилнинг 28 июль куни соат 02:30да Наманган шаҳар «Обжувоз» маҳалласи Тафаккур кўчаси 41-уйда яшовчи 1999 йилда туғилган фуқаро Ф.Ж. ва унинг акаси 1996 йилда туғилган фуқаро Ф.Б. Наманган шаҳар «Янгиқурилиш» маҳалласида жойлашган 10-сон оилавий поликлиникага тана ҳароратининг кўтарилиши шикояти билан мурожаат қилади.

Шу куни поликлиникада ўз навбатчилигини ўтаётган 1994 йилда туғилган шифокор У.А. фуқаролар – Ф.Ж. ва Ф.Б.ни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга тана ҳарорати меъёрда экани ва коронавирус инфекциясига ПЗР тест топшириши кераклигини айтганида бу ташхисдан норози бўлган ака-ука шифокор У.А.ни аёвсиз дўппослайди ва унга жиддий тан жароҳати етказади.

Шундан сўнг шифокор У.А. олган тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази (РШТТЁИМ) Наманган филиалига мурожаат қилган.

Тиббий текширув давомида шифокор У.А.га бош миянинг ёпиқ шикасти, бош миянинг кучли чайқалиши, ўнг қўл тирсак соҳасини жиддий зарарланиши, пешона, ўнг чакка ва ўнг юз юқори қовоқ соҳаси кучли қонталаш ташхиси қўйилган.

Ҳозирда тиббиёт ходимига тажовуз қилган фуқаролар – Ф.Ж. ва Ф.Б.ларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, мазкур ҳолат юзасидан муштумзўр ака-укага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер