Наманган текстиль компанияси Россияда доимий савдо нуқтасини очди
Гуллар шаҳрида фаолият кўрсатаётган текстиль корхоналари халқаро стандартларга мос маҳсулотлари билан жаҳон бозорига тобора жадал кириб бормоқда. Вилоят марказидаги «Aisha Home Textile» тўқимачилик компанияси яқинда Россия Федерациясининг Уфа шаҳрида ўзининг расмий савдо уйини очди. Корхона йилига қарийб 12 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда ички бозор талаби тўлиқ таъминланиб, экспорт кўлами босқичма-босқич кенгайтириб борилмоқда.
Бугунги кунга келиб компания АҚШ, Польша, Молдова, Руминия, Италия, Исроил каби 16 давлат билан савдо алоқаларини йўлга қўйган бўлиб, йиллик экспорт ҳажми 25 миллион доллардан ошади.
— Бошқирдистонда ташкил этилган янги савдо маркази ўзбек маҳсулотлари учун минтақада барқарор платформа яратади, — дейди «Aisha Home Textile» раҳбари Жобирхон Камолиддинов. — Бу ерда олиб бориладиган фаолият маҳсулотларни тўғридан-тўғри истеъмолчига етказиш, логистика харажатларини оптималлаштириш, шунингдек, талаб ва бозор ўзгаришларини тезкор ўрганиш имконини беради.
Компания хорижда йўлга қўйилган лойиҳанинг иккинчи босқичида Уфа шаҳрида костюм-шим ҳамда эркаклар кийими ишлаб чиқарадиган йирик корхоналар учун савдо уйларини ташкил этишни режалаштирган. Ушбу ташаббус ўзбек енгил саноати маҳсулотларининг Россия бозорига тизимли ва кенг кўламда йўналтирилиш имкониятини янада ошириши билан алоҳида аҳамият касб этади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг