Наманган Халқаро фестиваль меҳмонларини 30 миллион туп гул ва чечаклар билан кутиб олади

18:11 16 Май 2023 Welcome to uzbekistan
14733 0

Фото: «Халқ сўзи»

Бугун Наманган анъанавий халқаро гуллар фестивали бўсағасида. Кўҳна ва навқирон кент олтмиш иккинчи бор ўтказиладиган навбатдаги анжуман арафасида ҳар қачонгидан кўпроқ ороланган, гулу чечаклар билан безанган кўча ва хиёбонлардан тортиб хонадонларгача байрам нафаси уфуради.Вилоят аҳли маҳаллий қадриятларнинг ажралмас бўлагига айланган фестивалга катта тайёргарлик билан келди. Бу гал гуллар сайли бир ой давом этади.

Нафосат ва гўзаллик ишқибозларини мудом ўзига чорлаб турадиган ардоқли байрам йиллар давомида такомил топиб, мазмун-моҳияти жиҳатидан маданий-маънавий ҳаётнинг бетакрор кўринишларидан бирига айлангани кейинги йилларда ўтказилаётган тадбиру томошаларда баралла намоён бўлмоқда. Буни, масалан, унга ташриф буюраётганлар қамрови кенгайиб, биргина ўтган йилги сайлларга икки миллион 300 мингдан зиёд киши меҳмон бўлиб келганидан билиб олиш қийин эмас. Жорий йилнинг 21 май санасидан бошланадиган фестивалда эса қарийб 4,5 миллион инсон жозибали манзаралар, ранг-баранг дастурлардан баҳраманд бўлиши кутилмоқда.

Байрам кунлари Наманганга талпинадиган орзумандлар энг аввало бу ерда яратилган яшил табиат, саноғи йўқ гулзорлардан бемисл нашида олишлари ҳақиқат. Шундан келиб чиқиб, фестивалнинг асосий манзиллари-вилоят марказидаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғи ҳамда “Афсоналар водийси” тематик парки, шунингдек, шаҳар кўча ва хиёбонларига 30 миллион тупдан кўпроқ 53 турдаги гул кўчатлари, манзарали буталар ўтқазилди. Айниқса, жойларда 40 дан ортиқ турдаги 500 минг тупга яқин хушбўй кўчатлар экилиши билан дилтортар ифор таратувчи атиргулзорлар яна Наманганга қайтди. Байрам кайфияти шаҳарга чор тарафдан кириб келинадиган кўчалар, айниқса, минтақанинг ҳаво дарвозаси ҳисобланган Наманган халқаро аэропортидаёқ кўзга ташланади.

- Бобур боғининг ўзида 70 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассаса боғбонлари томонидан бир-бирини такрорламайдиган композицияли гулзорлар яратилди, - дейди вилоят гулчилар ассоциацияси раиси Обидхон Қодиров. – Масалан, туманларнинг вакиллари бунга ҳудуднинг ўзига ҳос қирралари, салоҳиятидан келиб чиқиб ёндошишган. Норинликлар икки дарё оралиғи кўринишини шакллантиришган бўлса, Тўрақўрғонга ажратилган майдонда гилосзор боғлар ҳамда от спорти акси, Мингбулоқ полиз маҳсулотлари, Учқўрғон саноат соҳасидаги ютуқлари акс этган манзаралари билан кишини жалб этади. Композицияларни яратишда маҳаллий гуллар билан бир қаторда хориждан келтирилган ва юртимиз учун янгилик бўлган кўчатларни ўтқазишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилди. Бундан ташқари боғ атрофида ажратилган майдонда гуллар сотуви йўлга қўйилади. Унда мингга яқин профессионал ва ҳаваскор гулчилар қатнашиш истагини билдирган бўлиб, ҳозирданоқ кўргазмаларини ташкил этмоқдалар.

Анъанавий фестиваль кун тартиби бу йил турфа йўналишдаги маданий-маърифий ва кўнгилочар дастурлар, кўплаб шоу томошалари, бошқа жалб этувчи тадбирлар билан бойитилган. “Афсоналар боғи”да кун ора намойиш этиладиган гала концертлар, лазер шоу, мушакбозлик дам олувчиларни ўзига чорласа, Ўзбек миллий симфоник оркестрининг очиқ осмон остидаги чиқишлари, “Фарғона водийси модалар ҳафталиги” ҳамда IT бўйича халқаро форум, хунармандлар ярмаркаси, “Ўзбек палов маданияти” ошпазлар чемпионати, аския кечаси, халқаро этноспорт фестивали, цирк усталари ва аниматорларнинг ажойиб томошалари анжуманга келган ҳар бир кишига шукуҳли лаҳзаларни тақдим этиши шубҳасиз.

- Фестиваль довруғи юртдан-юртга кўчмоқда,-дейди Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. – Буни, жумладан, унда бир қатор хорижий давлатлар вакилларининг нафақат томошабин бўлиб эмас, балки, ўз кўргазма ва бадиий дастурлари билан иштирок этиш истагини билдираётганлари ҳам тасдиқлайди. Масалан, озарбайжонлик жаҳон эстрадаси юлдузлари - Талиб Тале ва Зайнаб Ҳасанийларнинг анжуманда маҳсус концерт дастури билан қатнашиш учун ташрифи наманганликлар ва фестивалнинг бошқа меҳмонлари учун кутилмаган совға бўлади, десак тўғри бўлади. Машҳур хонандаларнинг муҳлислари ҳозирданоқ концерт чипталарини иштиёқ билан сотиб олмоқдалар. Бундан ташқари жорий йилги тадбирга халқаро гулчилар уюшмалари ва йирик гулчилик ташкилотларини жалб этиш ҳамда уларнинг ўз намойишлари билан иштирокларини таъминлаш мақсадида, 15 та давлатга, жумладан, “Azerbaijan Flower Producers”, “Korea Flower Association”, “Royal Union of Belgian Florists” сингари компанияларга таклиф юборган эдик. Уларнинг вакиллари бугун-эрта Наманганга етиб келишади.

Халқаро гуллар фестивали нафақат маданий-маърифий тадбир, балки, истиқболли бизнес лойиҳаси сифатида Наманган вилояти иқтисодиёти, ҳусусан, туризм салоҳиятини ривожлантиришга муносиб улуш қўшаётганини ҳам айтиб ўтиш ўринлидир. Буни,масалан, бултурги тадбирлар чоғида сайёҳлик хизматлари экспорти 18 миллион АҚШ долларидан, умумий даромад эса 500 миллиард сўмдан ортганида кўриш мумкин. Эндиликда бир ой давом этадиган тадбирларда ушбу кўрсаткичларни мос равишда 90 миллион АҚШ доллари ва 1,2 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Бундан ташқари ҳудудда яратилаётган қулай соҳа инфратузилмаси ички ва ташқи туризмнинг янги имкониятларини юзага келтириши билан муҳим аҳамиятга эга. Биргина мисол, олдинги йили вилоятга ташриф буюрган туристларга хизмат кўрсатиш учун 2000 нафардан ортиқ жойлаштириш воситалари, умумий овқатланиш шахобчалари, такси хизмати, гид-таржимонлар ва бошқа туристик хизмат вакиллари жалб этилган бўлса бу йил хизматчиларнинг сони 4000 нафардан ортади.

Бундан ташқари хорижий туристларга шарт-шароитлар яратиш мақсадида вилоятда фаолият кўрсатаётган икки олий таълим муассасаси ҳамда Наманган Шарқ тиллари ва хизмат кўрсатиш техникумининг туризм соҳасида таълим олаётган битирувчи курс талабаларидан иборат 150 нафар волонтёрлар гуруҳи шакллантирилди. 22 та меҳмонхона ва 54 меҳмон уйи бир пайтнинг ўзида 8891 кишини қабул қилишга тайёрлаб қўйилди.

Шундай қилиб Наманган табиатга, гулга меҳр қўйган нафосат ошуфталарини вилоят аҳлига монанд очиқ юз ва тавозе билан кутиб олмоқда. Айни кунларда бу ердаги йўлларнинг барчаси фестиваль манзиллари билан туташган. Катта сайлга келинг, биродар. Якшанба куни гуллар билан безатилган автомашиналар карвони бошлаб берадиган анжуман сизни оромбахш томошаларга чорлайди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер