Наманган давлат университетининг халқаро ҳамкорлиги кенгаймоқда

Малайзияда «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда олий таълим соҳасидаги имкониятлар ва ташаббуслар» мавзусида биринчи Ўзбекистон – Малайзия таълим форуми бўлиб ўтди. Форум тантанали равишда икки давлат мадҳиялари янграши билан очилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Малайзия Олий таълим вазири Замбрй Абдул Кадир сўзга чиқиб, олий таълим соҳасида икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидладилар. Шунингдек, келгусида олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, академик мобиллик дастурларини ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини жорий этиш ҳамда илмий тадқиқотлар ҳажмини оширишга доир режалар белгилаб олинди.
Форумнинг маданий қисмида Ўзбекистон ва Малайзия санъаткорлари иштирокида концерт дастури намойиш этилиб, тадбир иштирокчиларига юқори кайфият улашилди. Ушбу маданий тадбир икки халқ маданиятини яқинроқ таништиришга хизмат қилди.
Шунингдек, форум давомида олий таълим соҳасидаги мутахассислар турли мавзуларда маърузалар ўқиб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор ташаббуслар илгари сурдилар. Мазкур форум доирасида олий таълим тизимини янада такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Форум доирасида Наманган давлат университети делегацияси бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумларини имзолади.
Хусусан, университет ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон Турғунов раҳбарлигидаги делегация Шарқий Осиёнинг етакчи университетларидан бири ҳисобланган «Malaya» университетига ташриф буюриб, икки томонлама ҳамкорлик келишувларига эришди. Ушбу келишувлар доирасида «Malaya» университетининг фан («Science») факультети ва НамДУнинг физика-математика факультети ўртасида профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар алмашинуви йўлга қўйилиши, шунингдек, табиий фанлар йўналишида қўшма лабораториялар ташкил этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, НамДУ делегацияси Малайзия Халқаро ислом университети билан тиббиёт йўналишида стоматология, даволаш иши ва педиатрия соҳаларида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш бўйича келишувга эришди. Бундан ташқари, Ўтара университети билан «Тадбиркорлик маркази»ни ташкил этиш ва иқтисодиёт ҳамда бизнес йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилган.
Султон Идрис таълим университети билан эса психология, амалий психология, инклюзив таълим ва таълим жараёнларини ташкил этиш йўналишларида қўшма дастурлар йўлга қўйилади. Шунингдек, НамДУ ва Перлис университети ахборот технологиялари ва иқтисодиёт соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришди.
Бу ҳамкорликлар Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги таълим соҳасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мамлакатимиз раҳбарининг Малайзияга расмий ташрифи доирасида эришилган мазкур келишувлар натижасида академик мобиллик дастурлари ривожланиши, қўшма таълим дастурлари жорий этилиши ва илмий тадқиқотлар қамрови янада кенгайиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг