Наҳот, сиз ўз Ватанингизни севмайсиз? Аччиқ, аммо очиқ гаплар

14:22 24 Октябр 2024 Жамият
388 0

Ботир МАДИЁРОВ/”Халқ сўзи”. Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан бундан уч-тўрт йил олдин жамоат транспортидан фойдаланувчи йўловчилар учун хизмат кўрсатадиган автобекатлар фаолиятини замонавий мезонлар асосида ташкил этиш мақсадида хайрли ташаббус илгари сурилган эди.

Эзгу ташаббус вилоят маркази – Фарғона шаҳрида кенг қулоч ёзиб, элликка яқин фойдаланилмай турган ёки қаровсиз қолган автобекатларда тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан енгил конструкцияли янги иншоотлар қад ростлади. Бу бекатлар ҳудуди ёш тадбиркорларга бепул берилиб, улар учун янги иш ўринлари яратиш режалаштирилганди. Ўз навбатида, ёш тадбиркор ушбу масканда савдо ёки хизмат кўрсатиш шохобчаси билан бирга бепул интернет хизматини йўлга қўйиши, ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиши учун кондиционер ўрнатиши зарур эди. Шунингдек, йўловчиларга кутиш хонаси ташкил этиши ва ўриндиқлар ўрнатиши кераклиги ҳам белгиланганди.

Афсуски, мазкур ташаббус доирасида иш бошлаган кўп дўконлар эгалари савдоси юрмагани учун фаолиятини тўхтатди. Баъзи дўконлар ҳамон ижара асосида қўлдан-қўлга ўтиб келаётган бўлса, айримлари мавсумий фаолият кўрсатади, холос.

—Ҳозирги кунда ўттиздан кўпроқ ақлли бекатлар бир маромда ишламоқда,—дейди Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходими Нодирбек Мамажонов.—Йигирматача бекатда бепул интернет хизмати ташкил этилган. Бекатларда йўловчиларга қулайлик яратиш бўйича белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилмади.

Бу борада мавжуд вазиятни ўрганиш учун тадбиркорлар билан суҳбатлашдик. Улар йўловчилар ўриндиқларни синдириб, бузиб кетаётганидан нолишди. Табиийки, бугунги кучли рақобат шароитида шундоқ ҳам бизнеси яхши юришиб кетмаётган тадбиркорлар бундай ортиқча харажатдан азият чекмоқда.

Тадбиркорлар жамоат транспорти қачон келиб-кетишини кўрсатиб турувчи мониторлар ҳам ўрнатишган эди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ана шу мониторлар ўғирлаб кетилди. Фарғона шаҳри марказидаги Сайилгоҳ, Университет, Ал Фарғоний кўчаларидаги ақлли бекатларда ўрнатилган мониторинглар ўғирлангани бўйича тадбиркорлар ички ишлар органларига мурожаат қилишган. Аммо ҳозирча ўғрилар ушлангани ва жазолангани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

— Эҳ, кулишниям, куйишниям билмайсиз, —дейди Сайилгоҳ кўчасидаги ана шундай бекатлардан бирида фаолият кўрсатувчи тадбиркор.—Ҳар куни эрталаб йўловчилар учун ўриндиқлар ўрнатилган хонадан турли егуликлар, ширинликлар, писта пўчоқларини тозалайвериб чарчадим. Хона деворларига нималарнидир расмини чизиб, ўриндиқларни тепкилаб, бузиб кетишларини айтмасам ҳам бўлади. Баъзан шаҳримиз меҳмонлари ёки хорижлик сайёҳларнинг бу ҳолатга кўзи тушса, биз ҳақимизда – халқимизнинг турмуш маданияти ҳақида қандай хаёлга боришини ўйлаб ўзимдан-ўзим уяламан.

—Жамоат транспортидан тез-тез фойдаланаман,—дейди Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Муқимжон Қодиров.—Аммо бундай бекатларда йўловчига яратилган шароит, тозалик талабга жавоб бермайди. Алишер Навоий кўчасидаги ана шундай бекатларнинг баъзилари мавсумий ишлаб, музқаймоқ, бир зумдалик егуликлар сотади. Эгалари алмашиб кетавергани боис кўпинча ёпиқ бўлади. Йўловчилар учун ажратилган хона қаровсиз, абгор ҳолатда.

Бу ерда нафақат йўловчиларга шароит яратиб бермаслик, балки тўлов терминаллари ҳамда онлайн назорат касса машиналаридан фойдаланмаслик ҳолатлари ҳам учраб туради.

Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси, вилоят автомобиль йўлларидан фойдаланиш бошқармаси билан белгиланган меъёрлар асосида ижара шартномаси имзолаган. Лекин моддий манфаатдорлик эвазига тадбиркор томонидан бекатни учинчи шахсга фойдаланишга бериб юбориш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Албатта, бу ерда ким фаолият кўрсатишидан қатъий назар, энг муҳими, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш учун шароит яратилиши лозим. Лекин шаҳарнинг энг гавжум масканларида жойлашган ва йўловчиларга зарур шароитлар яратиш шарти билан тадбиркорга ноль қийматда ишониб топширилган масканлар фаолияти бугун кутилганидек эмас.

Фарғона вилоят ҳокимлиги ташаббусида энг аввало, жамоат транспортининг оралиқ тўхташ бекатларида йўловчиларга замонавий шароитларни ҳозирлаш мақсад қилинган эди. Афсус, амалда ундай бўлмади. Мақсад кимнидир ёмонга чиқариш эмас, балки хайрли ташаббус ижроси тўлиқ таъминланиши ҳамда унинг ечимига яна бир бор масъуллар эътиборини қаратишдир. Бу уддаласа бўладиган иш, яна қайдам...

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер