Муваффақиятли якунланган лойиҳа

18:21 05 Июнь 2020 Жамият
1784 0

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан 2018 йилда Президент қарорига мувофиқ бошланган “Тошкент металлургия заводининг ташқи объектларини қуришда электр энергияси билан таъминлаш” лойиҳаси муваффақиятли якунланди. Бу фаолият энергетика соҳасида умумий узунлиги 46 километр бўлган 220 кВли ҳаво линияси ҳамда янги, замонавий ускуналар билан жиҳозланган юқори кучланишли “Сирғали” подстанцияси фойдаланишга топширилиши билан акс этди. Ҳаво тармоғи ва янги подстанция техник дастурга асосан 115 соат давомида кучланиш берилганидан сўнг синов муддатини муваффақиятли якунлади.  

Маълумки, саноат корхоналари иқтисодиёт локомотиви ҳисобланади. Шундай экан, маҳаллий хомашёларни қайта ишлаш эвазига тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ички бозор эҳтиёжини тўлдириш ва маҳсулотларни экспортга йўналтиришда йирик корхоналар сони ҳамда қувватини ошиб боришни талаб этади. Бунда эса электр таъминоти ишончлилигини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 июндаги қарорлари ижроси доирасида амалга оширилган мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад — Сирғали туманидаги йирик саноат корхонасининг ташқи объектларини қуришда электр энергияси билан таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳри ва қисман Тошкент вилоятидаги истеъмолчиларни, ўрта ва кичик тадбиркорларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлашдир. 

Лойиҳа доирасида қилинган ишларни батафсил таҳлил этадиган бўлсак, пудратчи “Maxsuselektrtarmoqqurilish” қурилиш ташкилоти томонидан 292 дона фундаментлар, 194 дона СК-26 русумли таянч устунлари, 68 дона металл конструкцияли таянч устунлари ўрнатилди ва 46,6 километр узунликдаги сим монтаж қилинди. 

89 дона СК-22 русумли таянч устуни ва иккита 200 мегаватли  автотрансформаторлар  пудратчи “МУ-4” қурилиш ташкилоти томонидан ўрнатилди. “Сирғали” подстанцияси устунлар билан тўлиқ ўралди. Насос станцияси,  оператив бошқарув пулти жойлашган ҳамда ёрдамчи функционал бинолар фойдаланишга топширилди.

“Тошкент металургия заводининг ташқи объектларини қуришда электр энергияси билан таъминлаш” лойиҳасининг умумий қиймати 29,022 млн. АҚШ долларини ташкил этади.  Шундан 26,5 млн. АҚШ доллари Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, қолган 2,521 млн. АҚШ доллари “Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобланади.  

Мазкур лойиҳа Тошкент шаҳрининг  Сирғали туманидаги Янги Сирғали массиви (янги ташкил этилган Янгиҳаёт тумани), шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Янгийўл ва Зангиота туманларини қамраб олади ва мазкур ҳудудлар тараққиёти учун хизмат қилади.

“Халқ сўзи”

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?