Мутахассисга мурожаат: Кузги ғалланинг тақдири қандай?

16:28 03 Декабрь 2025 Иқтисодиёт
278 0

Архив фото

Куз тугаб, қиш бошланди ҳамки, ёғингарчиликдан дарак йўқ. Шундай кезларда келгуси йил ҳосилидан хавотирлар янада ошмоқда. Ғалла майдонларни оралаган миришкорнинг юраги эзилади. Уруғ униб, майса ҳали ер бағрини қопламаган, ривожи суст, сувга ташна. Суғориш ишлари эса ҳамма жойда ҳам бир хил кетаётгани йўқ. Шундан ҳам давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, томчилатиб, ёмғирлатиб суғоришга ўтиш бугун ҳар қачонгидан долзарб кўринмоқда. Қисқача айтганда, “ақлли” қишлоқ хўжалиги тамойилини қўллашни даврнинг ўзи тақозо этаётир.

Хўш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий муассасалар бундай муаммоларга ва кутилмаган об-ҳаво шароитларига қандай тайёргарлик кўрмоқда? Умуман тайёргарликнинг ўзи борми?

“Халқ сўзи” мухбири ана шундай саволлар билан Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Равшанбек СИДДИҚОВга мурожаат қилди.

— Кейинги йилларда сувсизликка чидамли, ўзгарувчан иқлим шароитига мослашувчан ва донининг сифат кўрсаткичлари яхши янги ғалла навлари яратиш мақсадида Россия, Туркия, Хитой, Мексика давлатларидаги илмий муассасалар ва халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди, — дейди Р. Сиддиқов. — Натижада ғалла уруғларининг дунё генофондида сақланаётган 5 мингдан зиёд нав намуналари тўпланди ва улар ҳар томонлама баҳоланиб, селекцияда бошланғич материал сифатида фойдаланилмоқда.

Сўнгги янгилик шуки, институтимизда май ойида пишиб етиладиган, ресурстежамкор, 90-100 центнер ҳосил берадиган “Ультра”, “Град”, “Ҳамкор”, “Аср чилгиси”, “Аср жилоси”, “Андижон-5”, “Водий гавҳари” каби навлар яратилди. Улар 195-205 кунда пишиб етилиб, сувни гектарига 750-800 м3 кам талаб қилади. Бу такрорий экин ҳосили ҳам баракали бўлади, деганидир. Кузги юмшоқ буғдойнинг янги яратилган “Нодир”, “Қадр”, “Навбаҳор”, “Азиз”, “Ўзбекистон-25”, “Оқ-ёр”, “Равнақ”, “Қорадарё”, “Андижон-3”, “Ризқ” навларининг ҳосилдорлиги янада юқори бўлиб, гектар ҳисобига 100-110 центнердан дон беради.

Юртимизда ғалланинг “Чиллаки”, “Андижан-1”, “Андижан-2”, “Андижан-4”, “Бобур”, “Марс-1”, “Аср”, “Давр”, “Ёғду”, “Давр”, “Дурдона”, “Навбаҳор”, “Нодир”, “Қадр”, “Азиз”, “Ўзбекистон-25”, “Каҳрабо”, “Садаф”, “Олмос” каби ўнлаб маҳаллий навларимиз борки, уларнинг кўрсаткичлари ҳам анча яхши.

Селекцияда катта ютуқларга эришилганига қарамай, юртимизда буғдой сифати ва ҳосилдорлигига таҳдид солаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Асосий хавотирлардан бири зараркунандалар ва касалликлар босими бўлиб, айниқса, буғдой занг касалликлари ҳосилдорлик барқарорлиги ва дон сифати учун жиддий хавф туғдиради. Бу касаллик қулай шароит туғилса тез тарқалиб, самарали кураш олиб борилмаса, ҳосилнинг катта қисмини нобуд қилади. Янги ва хавфли занг турларининг пайдо бўлаётгани эса хавфни янада оширади. Бу, ўз навбатида, узлуксиз селекция ишлари ҳамда касаллик мониторинги ва кузатувларини талаб қилади.

Иқлим ўзгариши таъсири яққол сезилаётган ҳозирги пайтда ғаллачиликда тежамкор технологияларни қўллашни тақозо қилмоқда. Тажрибаларга қараганда, экинни ёмғирлатиб суғориш ҳам фойдали, ҳам тежамлидир. Чунки бу усул қўлланилса, сув сарфи 40 фоиз, қўл меҳнати 50 фоиз, минерал ўғитлар сарфи 35 фоиз тежалади ва ҳаво намлиги 10-40 фоиз ошади. Шу тариқа ўсимликнинг нормал ривожланиши учун қулай шароит вужудга келади. Суғориш суви кислород ва бошқа газлар билан тўйиниб, тупроқни шу газлар билан бойитади, барглардаги чангни ювиб кетади, тупроқ шўрланмайди, ботқоқланмайди, ҳосилдорлик ошади.

Абдунаби Алиқулов (“Халқ сўзи”) ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер