Мустақил Ўзбекистон ёшлари — ҳар соҳада илғор, салоҳиятли ва берилган ишончни оқлашга қодир
Бугун Ўзбекистон ёшлари нималарга қодир эканини бутун дунёга исботлашяпти. Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида Парижда бўлиб ўтган Олимпиадада спортчиларимиз 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медални қўлга киритиб, дунёда 13, Осиёда 4, МДҲ ва туркий давлатлар орасида 1-ўринни эгаллашди. Уч нафар спортчимиз икки карра олимпия чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидай, бу билан Янги Ўзбекистон ёшлари нимага қодир эканини бутун дунёга кўрсатди, уларнинг натижалари тарих китобимизга зарҳал ҳарфлар билан муҳрланди.
Юртимизнинг бундай ёш қаҳрамонлари нафақат спорт балки, таълим, маданият ва санъат соҳасида ҳам кўп. Биргина 2023/2024 ўқув йилида 42 нафар ўқувчимиз халқаро фан олимпиадаларида 5 та олтин, 12 та кумуш, 25 та бронза медалини қўлга киритди. Маданият ва санъат соҳасида 8 674 нафар ёш нуфузли хорижий танловларда иштирок этиб, улардан 383 нафари гран-при, 1 359 нафари 1-ўрин соҳиби бўлди. Ана шундай илмга чанқоқ ёшларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Албатта, бундай натижаларга эришиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда сўнгги 7 йил катта ўсиш даври бўлди. Ўтган йиллар мобайнида ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарорлар қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёзлар ажратилди. Бу билан чекланиб қолмай, давлатимиз раҳбари ўз навбатида Ўзбекистон ёшларига қаратилаётган бундай эътибор ва шароитларни каррасига кўпайтириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурмоқда.
Бир сўз билан айтганда, ёш авлодга ҳуқуқий кафолатларни яратишдан тортиб, сифатли билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, шахс сифатида камол топиши, меҳнат қилиб, фаровон келажагини бунёд этиши учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш, муаммоларини вақтида ҳал этиш, уларни шахс сифатида ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, профессионал касб маҳоратини шакллантириш каби вазифалар яқин 10 йилликда бу қатлам давлат ва жамият бошқарувида ҳал қилувчи кучга эга бўлиши «Ёшлар келажаги билан боғлиқ ҳар қандай вазифа бирламчи аҳамиятга эга» эканини очиқлаб беради. Бу жараёнлар эса «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам ўз аксини топган. Биргина мисол билан ушбу муҳим ҳужжатнинг «Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш» деб номланган 44 банддан иборат биринчи йўналишининг 25 дан ортиғи бевосита ёшлар манфаатларига қаратилган.
Ёшлар сиёсати — тизимли, янги ва самарали босқичга кўтарилди
Навқирон авлод муаммоси барчанинг муаммоси, десак, муболаға эмас. Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш механизмлари бир марталик, «ура-ура»чиликда эмас, тизимли, янги ва самарадор йўналишларда давом эттирилмоқда. Мамлакат ривожи ва фаровонлиги, энг аввало, унда истиқомат қилаётган ёшларни тўғри тарбиялаш ва зарур шарт-шароитларни яратиб бериш билан боғлиқ. Ёшларнинг ҳаётий қийинчиликлари, келажак мақсадлари йўлидаги тўсиқларни енгиб ўтишига ҳар биримиз якдил ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсаккина кўмаклаша оламиз. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан энг аввало, ишсиз, давлат кўмагига муҳтож 120 мингдан ортиқ ёшлар ҳар бир вазир ва унинг ўринбосарлари, вилоят, туман ҳамда шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига номма-ном бириктирилди. Бу ҳам мамлакатимизда ҳеч бир ёш давлат эътиборидан четда эмаслигини англатади. Миллий, умуминсоний қадриятларга асосланган ушбу тизим орқали масъуллар ўз ҳимоясидаги ўғил-қизларнинг касб-ҳунар ўрганишига, кредит, субсидия ва кафиллик олиш орқали бандлигига кўмаклашмоқда.
Шунингдек, 4 млн. нафар ёшлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан оталиққа олинди. Қувонарлиси, оталиққа олинган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашилиб, ижтимоий ва маиший муаммолари ҳал этилмоқда. Мисол учун, Андижон шаҳри «Қаландархона» маҳалласида яшовчи Муҳаммадусмон Муқимов Мудофаа органлари томонидан оталиққа олиниб, психотроп моддалар таъсиридан чиқарилди. Натижада Муҳаммадусмоннинг ҳаёт тарзи ўзгариб, Андижон шаҳридаги 14014-ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтамоқда.
Янги тажриба асосида ватанпарварлик оромгоҳлари, «Жасорат» мактаблари, ҳарбий хизматга жалб этиш бўйича ёшлар етакчилари томонидан 116 мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилиб, миллионлаб ёшлар қамраб олинди. Бундан ташқари, ҳарбий хизматга бориш истагидаги 25 мингдан ортиқ ёшларнинг рўйхати шакллантирилиб, ҳарбий хизматга жалб этилди ва 10 мингдан ортиқ ёшлар келгуси йил учун захирага олинди.
«Ёшлар баланси» — имкониятлар майдони
Жорий йил ёш авлоднинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида республикамиздаги 9 452 та маҳаллада 8,3 млн. нафар «Ёшлар баланси» шакллантирилди. «Ёшлар баланси»га олинган ёшларга касб-ҳунар ўргатилиб, чет тилларга ўқитилди, бандлиги таъминланиб, бўш вақти мазмунли ташкил этилди.
«Ёшлар баланси» асосида 138 минг нафар ёшлар бўйича маҳаллалар кесимида «фуқаробай», «Ёшлар бандлиги дастурлари» ишлаб чиқилди. Ишсиз ва норасмий банд бўлган ёшларнинг бандлигини таъминлашда «Уйчи тумани намунаси»дан келиб чиқиб, «Ёшлар бандлиги дастурлари»даги 109 минг нафар ишсиз ёшларнинг расмий бандлиги таъминланди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 57 минг ёшга 1 млрд. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилди, минглаб ёшлар касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлиги таъминланди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож 105 минг ёшга «Ёшлар дафтари» орқали 209 млрд. сўмдан ортиқ ижтимоий-иқтисодий (касблар ва хорижий тилларни ўрганиш, таълим тўлов-шартномаси, ҳарбий хизмат бадали, даволаниш харажатлари, меҳнат қуроллари ва бошқа) ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, 155 мингдан ортиқ ёшга деҳқончилик қилиши учун «маҳалла еттилиги» тавсияси билан 60 минг гектар унумдор ер майдонлари ажратилди. Мисол учун, Косон туманидаги «Тинчлик» маҳалласида яшовчи 21 ёшли Мадамин Хушвақтов ўзига ажратилган 1 гектар ер майдонига дуккакли экин — мош эккан ва жорий мавсумда 50 млн. сўм даромад кутмоқда. Кейинги мавсумда тарвуз етиштириш орқали 55-60 млн. сўм даромад олишни режа қилган.
Чет тили ва замонавий касбларни ўрганиш — давр талаби
Яқинда Германиянинг Геттинген шаҳрида дунёнинг 62 мамлакатидан 100 нафардан зиёд ўқувчи иштирокида бўлиб ўтган Бутунжаҳон немис тили олимпиадасида ҳамюртимиз Райёна Иброҳимова олтин медални қўлга киритди. Бугун Райёна Иброҳимова каби Ўзбекистон фарзандлари юксак билим ва салоҳияти билан дунёни лол қолдираётгани ҳар биримизга ифтихор бағишлайди.
Дунёда тараққиёт шиддат билан илгарилаб бораётган ҳозирги даврда илғор билим ва технологияларни эгаллаган, хорижий тиллар ҳамда замонавий касбларни мукаммал ўзлаштирган ёшлар ўз Ватанининг ҳақиқий таянчи ва суянчи ҳисобланади. Шу сабаб «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси доирасида 1 млндан ортиқ ёшлар 23 та хорижий тилларни, «Ustoz AI» лойиҳаси доирасида 67 мингдан ортиқ ёшлар 20 га яқин замонавий касбларни онлайн ўрганмоқда.
Хорижий тиллар бўйича халқаро имтиҳон тизимларидан C1 даражасидаги сертификатга эга бўлган 33 мингдан ортиқ ёшга 61 млрддан ортиқ имтиҳон харажатлари қоплаб берилди. Бунинг натижасида бугунги кунда Ватанимизнинг 110 минг нафар ўғил-қизи хорижда таҳсил олмоқда.
Шунингдек, юқори даромадли фаолиятга жалб этиш мақсадида «Келажак касблари» лойиҳасида 18 мингдан ортиқ ёшнинг ўқув марказлардаги курс харажатлари ҳам тўлаб берилди. Бундан ташқари, Германияда дуал таълим (Аусбулдинг) дастури доирасида 8 мингга яқин ёшлар немис тили курсларида ўқитилиб, шундан 500 дан ортиғи Германияга касбий таълим олиш ва ишлаш учун юборилди.
Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида юзлаб ёшларимиз юртимиз ва хорижда ишлаб, юқори даромадга эга бўлмоқда. Хусусан, Чортоқ туманидаги «Наврўз» маҳалласида яшовчи талаба Саидисмоил Дадахўжаев Тошкент шаҳридаги «Олмон академияси» ўқув марказида ўқитувчи сифатида ойига ўртача 12 млн. сўм даромад олмоқда. Шунингдек, Қўрғонтепа туманидаги «Буюк замин» маҳалласидаги 26 ёшли Наргиза Нўмонжонова Германиядаги «Берлин Счарите университети медизин» клиникасида ҳамшира сифатида ишлаб, ойига 2 минг евро пул топмоқда.
Қувонарлиси, бу йўналишда олиб бораётган лойиҳаларимиз ўз самарасини кўрсатмоқда. Ёшларимиз дунёнинг энг машҳур олий таълим муассасаларида ўқияпти, IT компанияларида ишлаяпти. Масалан, хоразмлик иқтидорли ёш Абдулазиз Собиров дунёнинг энг нуфузли «Гарвард», бухоролик Сайфулло Саидов «Принсетон», Тошкентлик Алломахон Файзуллаева «Бровн» унивеситетига 100 фоизлик грант билан ўқишга қабул қилинди. Яна бир ёш, Ботир Қобилов яқинда Гарвард бизнес мактабида докторлик даражасини олган биринчи ўзбекистонлик бўлди. Ҳамюртимиз Дамир Мусаев эса АҚШдаги Ел университетида генетика соҳасида фан доктори илмий даражасини олди.
Атоқли адибимиз Ойбек домла таърифлаганидек, китоб — тафаккурнинг толмас қанотларидир. Шу маънода айтиш мумкинки, китоб — инсоннинг қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир. Бироқ ҳеч кимда ўз-ўзидан китобга меҳр-муҳаббат пайдо бўлиб қолмайди. Нимадир унга туртки, нимадир сабабчи бўлади. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан мамлакатда ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, «Беш муҳим ташаббус» лойиҳаси доирасида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш орқали ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган «Ёш китобхон» танлови минглаб ёшларни китобхон қилмоқда. Эътиборлиси, бу мавсумдан танлов бош соврини учун Президент совғаси сифатида 3 та электромобиль қўйилади.
Китобхонлик борасида Ёшлар ишлари агентлигининг «Мутолаа» лойиҳаси орқали 573 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олиниб, лойиҳа доирасида 1 175 та аудио ва 1 359 та электрон китоблар яратилди. Бугунги кунда «Мутолаа» лойиҳаси орқали 1 млндан ортиқ китоб ўқилмоқда. Ишончим комилки, ушбу лойиҳа бугунги глобаллашув жараёнида ёшларни ёт ғоялар хуружидан ишончли ҳимоя қилиш учун муқобил ахборот ресурсларидан бирига айланди.
Бугунги кунда қизиқарли мультфильм ёрдамида болалар руҳиятига, уларнинг шахс бўлиб шаклланишига катта таъсир кўрсатиш мумкинлиги дунё олимлари томонидан қайта-қайта исботланмоқда. Афсуски, юртимиз болажонларини телефон, планшет ёки телевизорга ўзимизнинг мультфильмлар эмас, аксинча, турли ғоялар сингдирилган хориж анимацион маҳсулотлари боғлаб қўяётгани бор гап. Беғубор ва митти қалбларни «озиқлантириш» чет эл мультфильмларига қолиб кетаётгани хавотирли. Шу боис яқинда болалар учун анимацион, қисқа метражли мультфильмлар тайёрлашга қаратилган «Бек ва Лола» лойиҳасига старт бердик. Қисқа муддатда лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган 2 та видео интернет тармоғида оммалашиб, 10 мингдан ортиқ томоша қилинди.
Маънавий баркамоллик йўлида
Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунчалик кучли бўлади. Шу боис ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда ҳудудларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида жами 224 та кўнгилочар объектлар, 65 та «Ёшлар сайлгоҳлари» ва 93 та «Ёшлар ижод кўчалари»да турли танлов ва мусобақалар ташкил этилиб, улар орқали миллионлаб ёшлар қамраб олинмоқда.
Шунингдек, ҳудудлардаги 53 та «Ёшлар маркази» ва истироҳат боғларида ҳар куни «Кино намойиши», «Ёшлар оқшоми», гала концерт, дискотека ва кўнгилочар мусобақалар ташкиллаштирилиб, бугунги кунга қадар 4 млндан ортиқ ёшлар қамраб олинди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги «Ғафур Ғулом» боғи, Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси», Термиз шаҳридаги «Ватанпарварлар» боғи ва Нукус шаҳридаги «Ёшлар маркази» ҳудудида турли фестиваль, форум ҳамда концертлар ташкил этилиб, кунлик 50 минг ёшлар қамраб олинмоқда.
Иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича Тошкент шаҳридаги «Ёшлар ижод саройи»да намунавий «Креатив парк» ташкил этилди. Бунда замонавий «Анимация мактаби», «Ёшлар нашриётлари» ва «Ибрат фарзандлари» лойиҳалари, ёшларнинг ижодий қобилиятини ривожлантиришга қаратилган «Фитрат медиа», «Шахмат клуби», «Волонтёрлар мактаби» ҳамда «Кулолчилик академияси» фаолияти йўл қўйилиб, ҳозирга қадар 700 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинди. Шу билан бирга, ёшларнинг ITга қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва улар ўртасида киберспорт мусобақаларини оммалаштириш мақсадида Жиззах шаҳрида «Киберспорт аренаси» фаолияти йўлга қўйилди.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташил этиш мақсадида Талабалар шаҳарчасида ташкил этилган «Заковат арена»да интеллектуал ўйинлар, кўнгилочар тадбирлар, танловлар ўтказилмоқда. Яна бир янгилик, ўзбекистонлик заковатчилар жорий йилнинг 5 август куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида биринчи маротаба ташкил этилган «Zakovat Asian Cup» интеллектуал мусобақасида Қозоғистон жамоасини мағлуб этиб, биринчи ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, «Беш ташаббус олимпиадаси»ни йил давомида ўтказиш амалиёти жорий этилиб, ҳозирга қадар 1 млндан ортиқ ёшлар иштирокида «Бўзатов — ёшлар овози» танлови, ёш мусаввирлар, мушоира, заковат, енгил атлетика, стол тенниси, стрит воркаут, шахмат-шашка мусобақаларининг маҳалла босқичлари ўтказилиб, жами 7 млндан ортиқ ёшлар қамраб олинди.
«Давлат хавфсизлик хизмати» кубоги мусобақалари ҳам ёшлар ўртасида футболни янада оммалаштиришга хизмат қилмоқда. Ушбу мусобақа жорий йилнинг ўзида 560 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олди.
Янги ташаббуслар — янги имкониятлар сари йўл очади
Биласиз, ёшларга оид давлат сиёсати ҳеч қачон тўхтаб қолмайди, у изчил ва ҳаётий ислоҳотлар давр талаби ҳамда мавжуд шарт-шароитдан келиб чиқиб, такомиллаштириб бориладиган узлуксиз жараёндир. Шу боис бундан кейин ҳам ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни камол топтириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида доим эътибор марказда бўлади.
Бу борада давлатимиз раҳбари жорий йил «Ёшлар куни» арафасида ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб, ёшлар билан ишлаш борасида бир қатор янги ташаббусларни илгари сурганди. Шунга мувофиқ, «Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси» томонидан ёшларнинг энг яхши 500 та лойиҳалари танлаб олиниб, уларга «бизнес пакет» қилиб берилади. Шунингдек, лойиҳани тайёр бизнесга айлантириб, даромад келтиришгача бўлган барча жараёнларда кўмаклашадиган тизим яратилмоқда. Ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда 14 та туман танлаб олиниб, «тўртинчи саноат» касбларига ўқитиш марказлари очилади.
«Сурхондарё тажрибаси» асосида ҳар бир вилоятда биттадан янги ёндашув асосида «Ёшлар саноат зонаси»да саноат бинолари қурилади. Ҳар бир вилоятда биттадан «Креатив саноат парклари» ташкил этилади. Ушбу парклар олий таълим муассасалари ва йирик ишлаб чиқарувчиларга бириктирилади. Бу парклар ёш тадбиркорлар, илм ва бизнес ўртасида мулоқот майдончаси бўлади. Магистраль йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқталари ташкил қилиниб, ёшларга ижарага берилади.
Ўзбекистонга юксак эътибор намунаси
Қувонарлиси, Ўзбекистонда ёшлар сиёсати борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар дунё миқёсида тан олинмоқда. Ўтган йили Ёшлар тараққиёти индексига кўра, юртимиз ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири, деб эътироф этилгани бунинг яққол исботидир. Шунингдек, БМТ томонидан «Ёшлар стратегияси — 2030»ни намунавий тарзда амалга ошириш бўйича танлаб олинган 10 та мамлакатдан бири ҳам айнан бизнинг мамлакатимиздир.
Бу йил мамлакатимизда илк бор ўтказилган Бутунжаҳон ёшлар фестивали ҳам Ўзбекистонга бўлган юксак эътибор намунасидир. Асосийси, юртимиз ёшларининг бутун дунёда дўстлари, ҳамкорлари кўпаймоқда, билим ва касб ўрганиш, глобал мулоқот ҳамда алмашувларда иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда.
Агар ҳаммамиз якдил, ҳамжиҳат ҳаракат қилсак, ёшларнинг ҳаётий қийинчиликлари, мақсади йўлидаги тўсиқларни енгиб ўтишига кўмаклашган бўламиз. Бугун жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи келажак авлодга юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қаралмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, «Жонажон Ватанимизга меҳр ва садоқат билан яшаётган, илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, ҳозирги мураккаб замондаги кескин рақобатга тайёр бўлиб вояга етаётган ёшларимиз ҳар қандай баланд маррани эгаллашга қодир».
Алишер САЪДУЛЛАЕВ,
Ёшлар ишлари агентлиги директори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иродани қандай мустаҳкамлаш мумкин?
- “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ёш етакчилар конференцияси: Барқарор сув ҳаракати парадигмасини ўзгартириш” мавзусида Тошкент шаҳрида ўтказилади
- ТДСИ Туркиянинг нуфузли университети билан ҳамкорликни йўлга қўйди
- Энг кўп баҳсларга сабаб бўлган «Олтин тўп» Родрига насиб қилди
- Ўзбекистон қонунчилигида 1 ноябрдан нималар ўзгаради?
- Фарғонада фуқаро сув таъминоти ходимини уриб жағини синдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг