Мусаввирлар қачон бошпанага ёлчийди?

15:52 04 Март 2026 Жамият
293 0

Республика Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Раҳим Ҳакимов катта ҳаётий тажрибага эга. Унинг изланишлари туфайли қадимий “эбру баҳор” санъатида янги усул пайдо бўлди. Рассом уни “Нақши абри – Бухоро” дея номлади. Гап шундаки, Туркия, Нидерландия, Франция каби давлатлардан тушган таклифларга кўра, шу мамлакатларда шахсий кўргазмасини ташкил этган мусаввирнинг юздан зиёд асари айни дамда уйнинг зах ертўласида, талабга умуман жавоб бермайдиган шароитда сақланмоқда.

– Бутун умримни тасвирий санъатга бағишладим, – дейди кекса рассом. – Ўз асарларим воситасида юртимизни дунёга танитиш, ёшларни миллий қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, маданий меросга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улардаги ватанпарварлик туйғусини кучайтириш каби хайрли ишларга баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келяпман. Шогирдлар тайёрлаяпман. Аммо мусаввирлар учун шу пайтга қадар сайёҳлар қадами қишин – ёзин узилмайдиган Бухородек шаҳри азимда кўргазмалар зали ҳамда устахоналарни ўзида жамлаган бир марказнинг йўқлиги жуда ачинарлидир. Шу боисдан асарларимни уйдаги ертўлада сақлашга мажбур бўляпман. Ҳатто уюшмамизнинг ҳам тузукроқ бошпанаси йўқ. Эътиборсизлик бундан ортиқ бўлиши мумкинми?

Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини эслашга тўғри келади. Мазкур қарорда тизим фаолиятини янада яхшилашга қаратилган ишлар қаторида Бадиий ижодкорлар уюшмаси бўлимларининг ижодий устахоналари фаолиятини такомиллаштириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш ҳам кўзда тутилган.

– Шунга кўра, ҳудудий бўлимларда галереялар ташкил этиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида республикамизнинг барча вилоятларида тегишли ишлар амалга оширилди, – дейди уюшма вилоят бўлими раҳбари Обид Мавлонов. – Лекин мурожаатларимизга қарамасдан бу муаммо Бухорода ўз ечимини топгани йўқ.

Яна бир муаммо шундаки, рассомларнинг асарлари Бухоро давлат музейлари жамланмаларига сотиб олинмаяпти. Мусаввирларга панжа орасидан қараб келинмоқда. Боз устига улар ўз ижод намуналарини эски шаҳардаги кичкина ҳужраларда ёки шахсий уйларида кўрсатиб келишмоқда. Бу ноқулайлик миллий тасвирий санъатимизни дунёга танитишга, томошабинга ҳақиқий эстетик завқ улашишга ҳалал бераяпти, рассомларнинг хориждан ташриф буюрган санъат ихлосмандлари олдида хижолат чекишига сабаб бўлмоқда.

Ваҳоланки, вилоятда Бадиий ижодкорлар уюшмасининг 66 нафар аъзоси бор. Тасвирий амалий санъатга ихтисослаштирилган мактаб-интернатдан ташқари ўндан зиёд санъат мактабида рассомлик йўналишлари мавжуд ва уларда юзлаб иқтидорли ёшлар таҳсил олишаяпти. Улар бирин – кетин меҳнат бозорига кириб келмоқда.

– Давлатимиз ҳамда оиласининг сармояси эвазига пойтахтимизда тасвирий санъат йўналишида сабоқ олган ёшларни айтмайсизми? – дейди уюшма аъзоси Раъно Эшонқулова. – Бухорога келгандан кейин улар шу каби муаммоларга рўпарў бўлмоқда. Қайси биридир кўчаларда сувенир даражасидаги расмлар чизиб сотиш билан машғул, қай биридир пойтахтга ижод қилгани кетаяпти. Яна қайси биридир иложсизликдан касбини ўзгартиряпти. Ваҳоланки, бу ёш рассомлар ажойиб асарлар яратишлари, шу орқали тасвирий санъатимиз довруғини жаҳонга ёйишга ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин эди. Биз галерея барпо этиш, мусаввирларнинг ижод қилишлари учун рисоладагидек шарт-шароитлар яратиш юзасидан вилоят мутасаддиларига кўп бор мурожаат этганмиз, таклифлар билдирганмиз. Танқидий фикр-мулоҳазалар айтилган.

– Аммо бу гаплар уларга чивин чаққанчалик таъсир этган эмас, – дея афсус билан таъкидлайди Раҳим Ҳакимов. – Ваъдани қуюқ қилишдан нарига ўтишмаяпти. Эллик йилдан буён вилоят, шаҳарга қанчадан-қанча киши раҳбарлик қилди. Лекин дардимизни қудуққа айтганимиз қолди, холос. Бизнинг-ку, ёшимиз анчага борди. Мен ёшларни ҳар куни “Устоз, машғулотларни қачон бошлайсиз”, дея сўзимга илҳақ шогирдларимни ўйлаб ташвиш тортаман. Тўғри, Олимжон мадрасасидаги устахонамиз ёпилгач, Мулла Муҳаммад Пайравий масжидидан бошпана сифатида фойдаланиш ҳаракатидаман. Лекин ташландиқ ҳолдаги бу қадимий гўшани рисоладагидек ҳолга келтириш учун ҳам 20-25 миллион сўм маблағ сарфлашга тўғри келади.

Дарвоқе, Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлимига яқинда маданий мерос объекти – қадимий Қуйи хонақоҳ масжиди бошпана сифатида ажратилибди. Масжиддаги айвондан галерея сифатида фойдаланилар экан. Афтидан соҳа масъуллари “Шундан ҳам қуруқ қолмайлик”, дея бу қадамжони бошпана тутишга рози бўлишган. Қадамжо, дейишимиз бежиз эмас. Масжид ёнида қайсидир бир авлиёнинг қабри ва яна сағаналар бор. Мутасаддилар “Мусаввирлар бу жойда яхши кайфият билан ижодий суҳбатлар қуришади, дийдорлашишади, кўргазмаларини ташкил этишади”, деб ўйлашган шекилли-да. Тағин билмадик.

Хуллас, намунали замонавий галерея, бадиий кўргазмалар заллари, ижодий устахоналар, халқаро анжуманлар ўтказиладиган санъат ва маданият маркази бухоролик мусаввирлар учун ширин бир орзулигича қолмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?