Мураккаб кўз жарроҳлиги энди ўзимизда
Кўз — инсоннинг ҳаётга ойнаси, атрофдаги гўзалликларни таниш ва ҳис этиш имконини берувчи беқиёс неъмат. Шу боис уни асраш, кўриш қобилиятини сақлаб қолиш ҳар бир инсон учун жуда муҳим. Кўз тўр пардаси — инсон кўришида ҳал қилувчи ўрин тутади. Унинг йиртилиши ёки зарарланиши чақноқлар, қоронғи пардалар, кўришда кескин ўзгаришлар билан намоён бўлади. Бу ҳолатда шифокор ёрдамини кечиктириш — кўришдан маҳрум бўлиш хавфини орттиради. Шунинг учун ҳам бу амалиётларда юксак аниқлик, тажриба ва замонавий ускуналар жуда муҳим. Бу йўналишда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказининг Термиз филиалида хайрли ишлар олиб борилмоқда.
Яқинда Самарадан ташриф буюрган малакали жарроҳ Илья Казаков Термиз филиали шифокорлари билан биргаликда икки кун давомида ўндан ортиқ беморда айнан шу турдаги мураккаб амалиётларни муваффақиятли бажарди. Бу нафақат жарроҳлик амалиёти, балки илмий-амалий тажриба алмашув бўлди.
— Мақсадимиз фақат операция ўтказиш эмас, балки билим ва тажрибамизни бўлишиш, — дейди малакали шифокор Илья Казаков. — Ўзбекистондаги ҳамкасбларимнинг салоҳияти юқори. Биргаликда амалга ошираётган ишларимиз беморлар соғлиги йўлида муҳим қадам.
Термиз филиали шифокорлари учун бу ҳамкорлик катта имконият очди.
— Филиалда витрэктомия каби мураккаб амалиётларни йўлга қўйиш имкони яратилди, — дейди шифокор Азизбек Муродов. — Илгари бундай операциялар учун беморлар пойтахтга боришга мажбур эди. Энди эса барчаси ўзимизда амалга оширилмоқда. Мураккаб амалиётлар орқали кўплаб беморлар ҳаётига янги нур кирмоқда. Бу аҳолига жуда катта енгиллик.
– Чап кўзим деярли кўрмай қолганди. Ростини айтсам, умидим жуда оз эди, – дейди Нурали Нормаматов. – Лекин шифокорлар вақтини ҳам, меҳнатини ҳам аямади. Амалиётдан кейин кўз нурим қайтди. Бу ҳаётимнинг иккинчи нафаси бўлди.
Филиалда жарроҳлик билан бирга профилактика ишлари ҳам кузатиб борилмоқда. Мутахассислар ножўя ўзгаришлар сезилса, дарҳол кўрикдан ўтишни тавсия қилмоқда. Хусусан, диабет ва қон айланиши билан боғлиқ касалликлари бўлганлар йилига камида икки марта текширувдан ўтиши зарур. Болаларда кўришни эрта назорат қилиш, гаджетлардан тўғри фойдаланиш меъёрларига риоя этиш ҳам кўз саломатлигида муҳим ўрин тутади.
Термиз филиалида амалга оширилаётган мазкур ишлар, хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик ва замонавий ускуналар кўплаб беморларга кўриш қобилиятини, энг муҳими — умид ва ишончини қайтармоқда. Кўз — инсоннинг энг нозик ва қимматли бойлиги. Уни асраш эса саломатликка қўйилган муҳим қадамдир.
Фарҳод ЭСОНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг