«Муаммоларни «Ташаббусли бюджет» орқали ҳал қиляпмиз»

19:46 17 Май 2025 Жамият
245 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Кейинги пайтда аҳоли ўртасида «Ташаббусли бюджет» лойиҳасига қизиқиш ортиб бормоқда. Ҳар бир ҳудуд аҳолиси ушбу платформада лойиҳаси етарли овоз олиши учун фаол иштирок этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан йўлга қўйилган «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси мамлакатимиз иқтисодиётини ислоҳ қилиш, молиявий имкониятларни муҳим масалаларга йўналтириш ва бюджет сарфининг шаффофлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Ўз навбатида, лойиҳа ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш ва фуқароларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини оширишга хизмат қилмоқда.

Сурхондарё вилоятида жорий йилда «Ташаббусли бюджет»нинг биринчи доирасида 170 та таклиф ғолибликни қўлга киритган бўлиб, бу тизим аҳолини бир мақсад йўлида жипслаштирмоқда. «Ташаббусли бюджет»да Олтинсой туманида жами 10 та таклиф ғолибликни қўлга киритганди. Натижада ҳудудлар обод бўлиб, аҳоли фаровонлиги таъминланмоқда. Жумладан, Олтинсойдаги «Қорлиқ» маҳалласида «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида кўп йиллардан буён ўз ечимини кутиб турган муаммолар ижобий ҳал этилди. Маҳалла аҳлининг бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши натижасида 2021-2025 йилларда йўл, сув, электр энергияси, ижтимоий соҳа объектларини қуриш каби йўналишлар бўйича жами 6 та лойиҳа учун 7 миллиард 700 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Ушбу молиявий сармоянинг 1 миллиард 200 миллион сўми ҳудуддаги 64-умумтаълим мактабини реконструкция қилиш, керакли жиҳозлар билан таъминлаш учун ишлатилди.

— «Ташаббусли бюджет» танловида 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ ютиб олдик, — дейди 64-умумтаълим мактаб директори Шерзод Худойқулов. — Ҳар бир синфхоналар электрон доскалар, янги стол-стул каби замонавий жиҳозлар билан таъминланди. 45 та сўнгги русумдаги компьютер харид қилдик. Айни пайтда 23 нафар ўқувчимиз ИТ соҳаси бўйича мунтазам шуғулланмоқда. Лойиҳанинг касбга йўналтириш бўйича 10 та тикув машинаси, 2 та оверлок ускунасини ютиб олдик. Уларни битта хонамизга ўрнатганмиз. Айни пайтда 18 нафар ўқувчи қизларимиз чеварлик билан шуғулланмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар доирасида маҳалла инфратузилмаси тобора яхшиланиб бормоқда. Бир пайтлари қишда лой, ёзда чанг бўлиб ётадиган жами 23,8 километр ички йўлларга бугун тўлиқ асфальт қопламаси ётқизилган.

— Муаммоларни «Ташаббусли бюджет» орқали ҳал қиляпмиз, — дейди шу маҳаллада яшовчи Райҳон Худоёрова. — Маҳалламиз обод бўлиб бормоқда. Ариқларимизда сувлар оқиб турибди, йўлларимиз равон, янги трансформатор ўрнатилди. Яқинда ичимлик суви тармоғи бутун маҳалламиз бўйлаб тўлиқ тортилди. Турмушимиз шаҳардагидан қолишмайди. Уйларимизда барча шароитларимиз бор. Барча ислоҳотлар халқ манфаати учун дегани шу бўлса керак. Буни ҳар биримиз ўз турмуш-тарзимизда гувоҳи бўляпмиз.

«Ташаббусли бюджет» лойиҳаси аҳолини бир мақсад йўлида бирлашиб, ҳар бир юмушни бамаслаҳат қилишга ундамоқда. Чунки ушбу тизим ёрдамида фуқаролар маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ички йўллар қуриш, боғча, мактабларни таъмирлаш каби муҳим ижтимоий масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида фаол иштирок этмоқда. Натижада маҳалла ҳудудидаги 56-сонли оилавий поликлиникаси «Қорлиқ» филиали ҳам қайтадан қурилиб, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди.

— Оилавий поликлиникамизнинг илгариги ҳолати абгор ҳолатда эди, — дейди меҳнат фахрийси Мамасаид Розиқов. — Томларидан чакки томарди, кутиш залларининг ўзи йўқ эди. Хоналари қишда совуқ, ёзда иссиқлигидан ўтиришнинг имкони бўлмасди. Бирор ускуна йўқлигидан арзимаган иш билан ҳам туман марказига боришга мажбур бўлардик. Бугун шинам хоналарнинг ҳар бири ўз йўналиши бўйича замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Саломатлигимиз ва фаровонлигимиз йўлида амалга оширилаётган ишлардан хурсандмиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?