Мозийга қайтмоқ хайрли
Таниқли манбашунос Бобур Аминовнинг ўтган йиллар мобайнида шаҳарларнинг турли жойларида ва атрофида жойлашган қабртош битикларини ўрганиш, тадқиқ қилиш ҳамда миллий меъморчилигимиз археоматериалларини (кошинлар, ғиштлар ва ҳоказо) ўрганиш борасида хорижликлар билан олиб бораётган изланишлари маънавиятимиз, халқимиз меъморчилиги анъаналарини бойитиб келмоқда.
– Бобур ака, тарихий манбаларда Амир Темур қўшинлари таркибида турли уруғ-аймоқларга мансуб кишилар сипоҳ бўлгани, шу билан бир вақтда мазкур уруғ-аймоқлардан ўн иккитадан хос навкарлар танлаб олиниб, уларга амирлик унвони берилгани қайд этилган. Тадқиқотларингиз жараёнида XIV-XV асрларда Амир Темур ва темурийлар даврида яшаб фаолият кўрсатган, вафотидан кейин ватанимизда дафн этилган амирлик унвонидаги шахсларни аниқлагансиз. Бу тарих учун нечоғли аҳамиятли?
– Қабртош битиклари тарих учун жуда ноёб маълумотлар бериши, тарихий воқеаларга бойлиги келажак авлод учун ўтмишни ўрганишга имкон яратади. Сиз юқорида зикр этган, ишончли содиқ амирлар ҳам барлос уруғдан бўлган. Ўз ҳукмдори ишончини қозонган ва барлосларга мансуб амирлар: Худойдод, Жаку, Ики, Темур, Сулаймоншоҳларга Соҳибқирон томонидан Амир ул-умаро унвони берилган. Худди шу қавм вакиллари Жалолиддинга ўнинчи амир, Абу Саййидга тўққизинчи амир даражаси берилган эди.
Шаҳрисабзда туғилган, вояга етган кўпгина амирлар, айниқса, барлос қавмига мансуб бундай мансаб соҳибларидан айримларининг қабрлари Шаҳрисабзда ҳозирги вақтда ҳам мавжуд. Олти асрлик давр мобайнида Шаҳрисабз шаҳри ва унинг тупроғида ўзгаришлар турли тарихий воқеалар, аҳолининг кўчиш ва кўпайиши каби жараёнлар оқибатида бу ҳудудда мавжуд қабристонлар ҳам ўзгарган. Айрим мақбаралар бузилган, қабртошлар тупроқ остига кўмилиб кетган. Ҳозирги вақтда шаҳарнинг эски қисмидаги баъзи бир уйлардан қабр устига қўйиладиган ва мажмуада сақланиб қолган тошлар чиқиб қоляпти. Гумбази Саййидон, ҳазрати Имом, Пирқўтон, Чўғмозор ота, Вадруғ каби муқаддас жойларда археологик қазилмалар ва турли объектлардан топилган бундай ёдгорликлардаги маълумотлар ҳақиқатда Амир Темур ва темурийлар даврида бу ҳудудда амирлар чиққани ва вафот этганидан сўнг мазкур жойга кўмилганининг гувоҳи бўламиз. Масалан, Шаҳрисабзнингэски шаҳар қисмидаги хонадонларнинг бирида Умар Шайхнинг ўғли Саййид Аҳмаднинг қабр тоши топилди. У амирзодалардан бўлган ва мазкур шахснинг сифатлари ҳам битикда ўз аксини топган.
– Самарқанднинг эпиграфик ёдгорликлари борасидаги илмий изланишларингиз хорижликларни ҳам қизиқтириб қўйди. Тадқиқотларингизнинг диққатга сазовор томонлари ҳақида гапириб берсангиз?
– Самарқанд қадимий осори-атиқалари билан дунё тамаддунида ўзига хос ўрин тутади. Ҳозиргача айрим тадқиқотчилар баъзи бир тарихий жараёнларни, фактларни аниқлаш учунгина қабртош ёзувларидан фойдаланишган.
Самарқанднинг 2750 йиллиги муносабати билан Шоҳи Зиндада археологик ишлари олиб борилганди. Изланишлар жараёнида Шоҳи Зинданинг ўзидан 100 дан ортиқ тошлар чиқди. Бу тошлар темурийлар, шайбонийлар, аштархонийлар даврига тегишли экани аниқланди. Шоҳи Зинданинг юқори қисмида саййидлар дахмасига оид тошлар ҳам чиқди.Ўша тошларда саййидларнинг тарихини бошқа манбалар, қўлёзмалар, тадқиқотлар асосида кенгроқ ўрганишга имконият яратади.
–Қабртошдаги битиклар асосан қайси ёзувда битилган? Ўқиш сизга муаммо туғдирмайдими?
– Асосан, арабий-форсий тилда настаълиқ, куфий, сулси, насхи, райҳоний усулидаги ёзувларда битилган. Мен арабий ва форсий ёзувлардаги тош битикларини бемалол ўқий оламан. Бу ёзувларда фақат аждодларимизнинг шажараси эмас, Қуръони Карим оятлари, дуолари ҳамда форс адабиётининг йирик намояндалари Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Жомий куллиётидаги ўлмас асарлардан ҳам кенг фойдаланилган.
– Сиз тош битиклар билан бирга миллий меъморчилигимиз археоматериалларини ўрганиш борасида Франциянинг Лимузин, Аквитания, Гаскон вилоятларида ижодий сафарларда бўлиб қайтдингиз. Айтинг-чи, улар яратаётган иморатлар ҳамда замонавий архитектураси билан бизнинг меъморчилик иншоотлари ўртасида қандай муштараклик бор?
– Мамлакатимизда шу пайтгача меъморчилик анъаналари меросини ўрганиш муаммолари ва бу жараён яхлит услублари ҳам айтарли ўрганилмаган. Лекин ҳозирги бунёд этилаётган биноларда меъморчилик ишоотларига катта аҳамият берилаётгани диққатга сазовор. Аммо йиллар ўтиши мобайнида ер силкиниши, сув алмашинуви натижасида минорлару иншоотлар ҳар жиҳатдан таъмирталаб бўлиб қолган. Бизда ишлаб-чиқарилган материаллар кўп ўтмай, таъсир кучини йўқотиб, анча муаммо туғдиради.
– Буни олдини олиш учун нима қилиш керак?
– Ўзбекистон тарихий ёдгорликларини қайта таъмирлаш жараёнида кошинлардан, фойдаланилган археологок матераллар ишлаб чиқиш мақсадида француз мутахассислари ва ўзбекистонлик мутахассислар ҳамкорликда самарали лойиҳаларни амалга ошириши лозим ва зарур. Ижодий сафар давомида француз мутахассислари кўмагида жуда кўп устахоналарда – кулол, чинни, керамика ишлаб чиқариш мутахассисликларини тайёрлаб берадиган олий ўқув юртларида амалий учрашувларда бўлдик. Ҳайратга солган томони шундаки, улар нафақат жамоат маъмурий биноларини, турар жой уйларининг томини ҳам оддий тупроқдан тайёрланган сифатли черепица билан ёпишаркан. Керамика заводларида йирик ғиштлар ишлаб-чиқарилаётганлиги аҳоли учун ҳам, жамият учун ҳам фойдали самара бермоқда. Бунга бевосита меъморларимиз бунёд этаётган иншоотларни таққосласак, ҳар жиҳатдан бир-бирига мувофиқ келадиган жойлари кўп. Аммо биз биноларимиз томини ҳаво ўтказмайдиган шифер билан эмас, черепицадан фойдалансак, ишоотларимиз узоқ вақт аслини йўқотмайди.
Францияда тиббиёт учун керамикадан инсон организмининг суяги ўрнини босадиган мосламалар ишлаб чиқарадиган корхоналар мавжудлигига алоҳида эътиборимизни қаратдик. Керамика чинни ёки пластмассадан кўра табиий маҳсулот бўлиб, инсон организми учун фойдали томонлари кўп. Ушбу лойиҳалар асосида келгусида ватанимизда ҳам керамика ва чинни маҳсулотлари янги технология асосида такомиллаштириш режамизда бор.
– Яна бир янгилик: Жамол ал-Қаршининг “ал-Мулхакат би-с-сурах” китобининг I-II жилдини рус тилига таржима қилиниб чоп этилишида ҳисса қўшдингиз. Китоб моҳияти нимадан иборат?
– Китоб Чиғатой улуси даврида ёзилган асар ҳисобланади. Асарни араб, форс тилидан рус тилига таржима қилишда иштирок этганман. Қўлёзманинг дунёда уч нусхаси мавжуд. Мустақиллик даврида бир нусхаси Наманган шаҳридан топилган. Бу китоб Мовароуннаҳр ва мусулмон дунёсидаги ҳали бизгача етиб келмаган номаълум тарихий воқеалар баён қилинган. Ўрта Осиёнинг қадимги арабийлашган луғати ҳам бор. Манба сифатида илмни тадқиқот доирасига тортдик. Жаҳон тарихининг бир қисмини Одам Ато ва Момо Ҳаводан бошланиб, Чиғатой улусигача бўлган воқеалар ўз аксини топган. Ушбу асар устида ҳали-ҳануз изланиш ишлари олиб боряпмиз.
– Келгусида қандай янги тадқиқотлар устида илмий изланишларни режалаштиряпсиз?
– Ўзбекистон ҳудудида ажойиб манбалар– эпиграфик ёдгорликларни ўрганиш, тадқиқ қилиш ва нашр қилишдан иборат. Француз мутахассислари, айниқса, Бордо III университети олимлари билан ҳамкорликда Амир Темур даври ва ёдгорлиги бўлган ОқсаройнингXIV аср охириXV аср бошларига оид ҳовлиси сатҳининг кошинларини таъмирлаш мавзусида лойиҳа тайёрлаш мақсадимиз бор. Шунингдек, Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ҳамкорлигида тарихий меъморчилик бинолари археоматериалларини ўрганиш, бундай маҳсулотларни ишлаб-чиқарадиган корхоналарни йўлга қўйиш, келажакда юртимизда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш лойиҳалари устида ижодий изланишлар олиб бормоқдаман.
А. Умирова (“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг